Иқтисодиёт | 21:08 / 26.05.2021
28534
4 дақиқада ўқилади

«Трест 12»га қарийб 5 триллион сўмлик лойиҳалар тендерсиз берилган — Акмал Бурҳонов

Дастлабки ўрганишларга кўра, қурилиш вазири Ботир Зокировнинг қариндошларига дохил «Трест 12» компанияси 5 триллион сўмга яқин тўғридан тўғри шартномалар асосида қурилиш ишларини амалга оширган. Афсуски, уларнинг аксариятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган, дея маълум қилди Аксилкоррупция агентлиги директори.

Тошкентда, Мустақиллик майдонидаги маъмурий бинони таъмирлаш ва унинг ёнидаги фаввора остига автотураргоҳ қуриш учун 431 млрд сўм ажратилган, тендер ўтказилмасдан пудратчи сифатида «Трест-12» АЖ  танланган эди.

Бу компания ҳиссадорлари орасида қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқаси ҳам борлиги жамоатчилик эътирозларига сабаб бўлганди. Коррупцияга қарши кураш агентлиги бу борада ўрганиш бошлаганини маълум қилганди.

Kun.uz мухбири 26 май кунги матбуот анжуманида ушбу ўрганишлар натижаси ҳақида агентлик директори Акмал Бурҳоновга савол берди.

«Албатта, «Трест 12» бўйича ўрганишлар ўтказиляпти. Дастлабки ўрганишларимиз бўйича кўрдикки, [ушбу компания томонидан] адашмасам 5 триллион сўмга яқин тўғридан-тўғри шартномалар асосида қурилиш ишлари амалга оширилган. Бу ерда ҳам, афсуски, аксариятида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган ва бунинг учун жавобгарликнинг йўқлиги масаласи турибди.

Умуман, ўрганишларимиз шуни кўрсатяптики, нафақат қурилиш, балки 2020 йилдаги барча давлат харидларининг 48 фоизи тўғридан-тўғри шартномалар асосида амалга оширилган. Яъни у ёки бу фармойиш ёки қарор асосида.

Шунинг учун биз бу бўйича ҳам таклиф тайёрлаяпмиз. Биринчи ўринда, давлат харидларидаги манфаатлар тўқнашуви. Иккинчиси, турли фармойишлар ва баённомалар асосида қурилишларни тендерсиз бериш ҳамда давлат харидларини амалга оширишни тақиқлаш борасида қонунчиликка ўзгартириш киритиш бўйича таклиф тайёрлаяпмиз.

«Трест 12»га қайтадиган бўлсак, ўрганиш натижаси бўйича қонун бузилиш ҳолатлари аниқланса, буни тақдим қиламиз.

[Қурилиш вазири билан боғлиқ ҳолат] ўрганиш жараёнида, чунки бу катта сумма. Бу ерда манфаатлар тўқнашуви аниқланган, буни яшириб бўлмайди. Чунки Қурилиш вазирлигининг ишга алоқаси бор», – деди Акмал Бурҳонов.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш компанияларидан бири саналувчи «Трест 12» АЖнинг 27 фоизлик ҳиссаси қурилиш вазири Ботир Зокировнинг ўғли ва рафиқасига тегишли.

2019 йилда қурилиш вазири этиб тайинланган Ботир Зокировнинг ўзи ҳам икки йил олдин «Трест-12»нинг акционери бўлган.

Вазирнинг ўзи Мустақиллик майдонидаги давлат буюртмаси бу корхонага тендерсиз берилганига унинг ёки оиласининг алоқаси борлигини рад этган.

«Объектлар тендерсиз фақат Президент қарори ва Вазирлар Маҳкамаси қарори билан берилади. Чунки бунга ваколати бор», – деганди Ботир Зокиров 17 апрел кунги матбуот анжуманида.

Маълумот учун, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносини шу йил ёзгача 16,5 млрд сўмга таъмирлаш ҳам «Трест 12»га тендерсиз берилган. Тошкентда Ислом цивилизацияси марказини қуриш билан ҳам шу компания шуғулланмоқда.

«Трест-12» 10 йил ичида 800 млн доллар қийматдаги қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаргани ҳақида маълумотлар бор. Улар орасида давлат буюртмалари ҳам анчагина: Вазирлар Маҳкамаси, Сенат ва Молия вазирлиги биноларини таъмирлаш, «Бунёдкор» стадионини қуриш шулар жумласидан.

  • Аввалроқ, март ойида Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши раиси Танзила Норбоева Ўзбекистонда манфаатлар тўқнашувига оид қонун қабул қилинишини айтганди.
  • Таъкидлаш жоиз, манфаатлар тўқнашувига оид қонун 2021 йилги давлат дастурига киритилмаган, ҳозирча унинг лойиҳаси ишлаб чиқилган-чиқилмаганига оид маълумотлар йўқ.

Мавзуга оид