Жаҳон | 22:06 / 27.05.2021
12771
2 дақиқада ўқилади

Олимлар AstraZeneca ва J&J вакциналари тромб ҳосил қилиши сабабини аниқлашди

Немис олимлари гуруҳи AstraZeneca ва Johnson & Johnson компанияларининг коронавирусга қарши вакциналари эмланганларда тромбоз ҳосил қилиши сабабини аниқлашга муваффақ бўлишганини маълум қилишди. Шунингдек, улар тромблар ҳосил бўлмаслиги учун нима қилиш кераклигини ҳам аниқлашган.

Фото: Nicolas Asfouri/AFP via Getty Images

Франкфуртдаги Гетё номидаги университет ва Уильям университети олимлари олиб борган тадқиқот натижалари Research Square нашрида чоп этилган, бироқ ҳали халқаро илмий ҳамжамият томонидан муҳокама қилинмаган.

Олимларнинг таъкидлашича, муаммо AstraZeneca ва Johnson & Johnson вакциналарида коронавируснинг “тожи” - S-оқсилини инсон организмига етказишда қўлланадиган аденовирус вектор ҳисобланади.

Илмий гуруҳ раҳбари профессор Рольф Маршалекнинг айтишича, S-оқсил коронавирус одатда оқсилларни ишлаб чиқарадиган ҳужайра суюқлигига эмас, балки ҳужайра ядросига етказилади. Натижада S-оқсил ҳужайра ядросига тушиб парчаланади ва иммунлаш жараёни юз берадиган ҳужайра мембранасига бирика олмайдиган мутацияларни ҳосил қилади. Сўнгра ҳужайралар мутант оқсилларни организмга чиқаради ва айнан шу ҳолат 100 минг кишидан бир нафарида тромб ҳосил бўлишига олиб келади. Pfizer ва Moderna вакциналари эса S-оқсил генетик материалини ҳужайра ядросига эмас, суюқлигига етказади. Шу сабабли ушбу вакциналар эмланганларда тромблар ҳосил қилмайди.

Олимнинг фикрича, ушбу муаммони S-оқсилнинг парчаланиши олдини олиш учун уни кодловчи генлар кетма-кетлигини ўзгартириш билан ҳал қилиш мумкин.

Европада AstraZeneca билан эмланган 16 млн кишидан камида 142 нафарида тромблар ҳосил бўлиши қайд қилинган. Британияда эса ушбу вакцина билан эмланган 33 млн кишидан 309 нафарида тромблар ҳосил бўлган, улардан 56 нафари вафот этган.

Маршалекнинг таъкидлашича, Johnson&Johnson олимлар билан боғланиб, улардан муаммони бартараф этиш учун тегишли тавсиялар беришни илтимос қилган.

Шу билан бирга, баъзи олимлар Маршалек гуруҳи олган натижалар бу борадаги кўплаб фаразлардан бири экани ва ўз тасдиғини топиши учун қўшимча исботлар талаб этишини айтишган.

Мавзуга оид