Спорт | 19:28 / 27.05.2021
18972
5 дақиқада ўқилади

Зидан яна «Реал»дан кетди. Француз чарчаган, унинг ўрнида кимларни кўришмоқчи?

У учинчи марта қайтадими?

«Реал» расман Зинедин Зидан бош мураббийлик лавозимини тарк этгани ҳақида эълон қилди.

«Унинг қарорини ҳурмат қилиш вақти келди. Кўп йиллар давомида ўзининг профессионаллиги, садоқати ва иштиёқини намойиш этгани учун унга миннатдорчилигимизни билдирамиз. Зидан — «Реал»нинг энг буюк афсоналаридан бири ҳисобланади. Ва бу фақат у бизнинг клубда мураббий ва футболчи бўлгани учунгина эмас. У мадридизм юрагида эканлигини ҳамда «Реал» унинг уйи ва ҳар доим шундай бўлиб қолишини билади», — дейилади клуб баёнотида.

48 ёшда бўлган француз мутахассиси «Реал»дан иккинчи марта кетмоқда. У биринчи марта 2018 йил майида клуб бош мураббийлигидан истеъфо берганди, ўшанда Зизу Чемпионлар лигасида қаторасига уч марта ғолиб бўлгач клубдан кетишга қарор қилганди. У 284 кун ўтиб яна қаймоқранглилар бошқарувига қайтди — 2019 йил 11 мартида, Хулен Лопетеги ва Сантьяго Солари каби мутахассисларнинг муваффақиятсизлигидан кейин. Ўтган мавсумда Зидан «Реал» билан Испания чемпионлигини қўлга киритди.

Французнинг кетиши кутилмаган ҳол бўлмади. Зизу кетишни истаётгани май ойи ўрталаридаёқ маълум бўлиб улгурганди. Marca нашрининг ёзишича, унинг ўзи «Реал» футболчиларига бу қарори ҳақида ЕЧЛ ярим финалида «Челси»га қарши жавоб учрашувидан кейин маълум қилган. Унинг шартномаси муддати якунига қадар ҳали бир йил бор эди — шартнома 2022 йил 30 июнига қадар тузилганди.

Сабаблар
Marca нашри маълумотига кўра, бу қадамни ташлаш ҳақида Зидан бир неча ойдан буён ўйлаб келган. Ҳал қилувчи нуқта Испания Кубоги доирасида учинчи дивизион вакили «Алькояно»дан учралган мағлубият бўлган. Ўшанда Зизу коронавирусга чалинган, ишга қайтганида эса ўз ишига ва «Реал» футболчилари ишига ҳурмат талаб қилганди. Клуб раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватлов мавжудлигига қарамасдан, жорий мавсумда француз клуб бошқарувида ўзини етарлича қулай ҳис қилмади. Журналистлар Зизу руҳан толиққани ҳақида ёзишди.

Бундан ташқари, клубда глобал қайта қуриш бошланиши ҳақида гапира бошлашди ва Зиданнинг кетиши — унинг бир қисми эди. Бу ҳолатда жамоани кўплаб тажрибали футболчилар ҳам тарк этиши кўриниб турибди. «Реал»дагилар клубни ўтиш давридан олиб ўта оладиган, Зизу каби фахрий футболчилар билан қалин алоқаларга эга бўлмаган мураббий керак деб ҳисоблашаётганди .

Ўрнига ким?
Май ойи ўрталарида, Зидан кетиши ҳақида хабарлар пайдо бўла бошлаганидаёқ, унинг ўрнига икки номзод тилга олинди —  бу «Реал»нинг яна бир афсонаси, ёшлар клубида ишлаб келаётган Рауль ҳамда Массимилиано Аллегри.

Сўнгги хабарларга кўра, италиялик мутахассис «Ювентус»га қайтадиган кўринади. Пайшанба куни кундузи, «Реал» Зидан кетиши ҳақида расман эълон қилишига ярим соат қолганида, Италиядаги икки таниқли инсайдер-журналистлар Жанлука Ди Марцио ва Фабрицио Романо Аллегри «Кекса синьора» билан келишувга эришгани ва Туринга қайтиши ҳақида хабар тарқатишди. Буни ўз вақтида Аллегрининг кетишига сабабчи бўлган «Ювентус» бош директори Фабио Паратичининг истеъфога чиқиши ҳам тасдиқларди.

AS нашри хабарига кўра, Мадридда Антонио Конте варианти ҳам бор, у «Интер» билан чемпионликдан уч ҳафта ўтиб молиявий муаммолар туфайли клубни тарк этган.

Яна бир асосий номзод — ҳамон Рауль бўлиб турибди. У Marca нашрининг шу борадаги сўровномасида етакчи бўлган. Клубнинг янги бош мураббийи ким бўлиши кераклиги ҳақидаги сўровномада мухлисларининг 58 фоизи уни танлашган, Конте — 24 фоиз, Аллегри 20 фоиз овоз тўплаган.

Мавзуга оид