Жаҳон | 19:07 / 29.05.2021
7884
7 дақиқада ўқилади

Инвестор ва премиум инвестор визаси – Австралия иммиграция тизими ҳақида (2 қисм)

Фото: Wikipedia

Хабарингиз бор, бир неча кун илгари UzbekLife колумнистининг Австралия иммиграция тизими ҳақидаги мақоласи эълон қилинган эди. Бугун унинг иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Тадбиркорлар ва инвесторлар учун Австралиянинг бизнес класси

Австралияда ўз бизнесингизни бошлашни хоҳлайсизми?

У ҳолда сизга Бизнес класс визаси тўғри келади. Расман бу турдаги виза тадбиркорлар ва инвесторларга мўлжалланган бўлса ҳам, ундан нафақадагилар ҳам фойдаланиши мумкин.

Тадбиркорлар ва инвесторлар ўзларининг мамлакатидаги эришган натижалари ва айланмалари бўйича баҳоланади. Шу сабабдан ҳам сиз бирор ташкилотнинг (қисман) раҳбари бўлишингиз ёки бошқарув соҳасида тажрибангиз борлигини исботлашингиз керак. Бундай талаблар қайси визага ариза топширишингизга қараб фарқланади.

Доимий визага ариза топшираётганда 2 босқичли жараёндан ўтасиз. Биринчисида, вақтинчалик визага ариза берилади. Бу виза 4 йил амал қилади. Австралиядаги жойлашув аниқ бўлгач, вақтинчалик виза доимийга айлантирилади.

Бизнес классдаги субкатегориялар

Бизнес инновация ва инвестиция оқими

Бу категориядаги виза дастлаб вақтинча яшаш учун олинади. У 4 йил-у 3 ой амал қилади. Кейин доимий визага ариза топшириш мумкин. Бу визанинг ўзи яна 5 та субкатегорияга бўлинади.

 Бизнес инновация оқими

Ушбу оқим тадбиркорлик қобилиятига эга, океанортида янги бизнес очишга тайёр ёки мавжуд ташкилотни бошқариш ва ривожлантиришни истаган кишиларга тўғри келади. Бунда сиз Штат номзоди сифатида танланишингиз керак. Шунинг учун қуйидаги талабларга жавоб беришингиз керак:

‒ 55 ёшдан кичик бўлишингиз;

‒ Профилингизга кўра, тестдан 65 балл тўплашингиз;

‒ Сўнгги 4 йилнинг камида 2 йилида пул айланмангиз камида 500 минг Австралия долларини ташкил этган бўлиши;

‒ Бирор ташкилот эгаси бўлишингиз ва унда камида 30 фоиз улушингиз бўлиши;

‒ Шахсий молиявий активларингиз камида 800 минг Австралия долларини ташкил этиши керак.

Тадбиркор оқими

Учинчи томон келишувига эга бўлган номзодлар учун тадбиркорлар оқими ишлаб чиқилган. Яъни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун камида 200 минг Австралия долларилик келишув мавжуд бўлиши керак. Бу ўз ичига Австралияда маҳсулот ёки хизматни тижоратлаштиришни бошқариш ва ташкилотни ривожлантиришни олиши мумкин. Бундан ташқари, инглиз тилини яхши билиш ва Штат номзоди талабларидан ўтиш керак бўлади.

Инвестор оқими

Агар сиз Австралия фондига минимал 1,5 миллион Австралия доллари миқдорида сармоя кирита олсангиз, ушбу субкатегория орқали виза олишингиз мумкин. Ушбу категорияда сиз Австралия штати ёки ҳудуди томонидан ҳам тавсия олишингиз керак.

 Муҳим инвестор оқими

Номидан кўриниб турибдики, муҳим инвесторлар оқими катта сармоя киритишга қодир одамлар учундир. Гап камида 5 миллион Австралия доллари миқдори ҳақида кетяпти. Юқорида санаб ўтилган субкатегориялар сингари Штат тавсияси мажбурийдир.

Премиум инвестор оқими

Бу турдаги виза камида 15 миллион Австралия доллари миқдорида сармоя киритишга тайёр шахслар учун мўлжалланган.

Австралияга саёҳат қилинг

Сайёҳлик визаси

Таътилни Австралияда ўтказиш, оилангиз ёки дўстларингизни кўриш ёки Австралияга бизнес юзасидан сафар қилишингиз керак бўлса, сизга ушбу турдаги виза керак бўлади.

Сайёҳлик визаси турлари

 eVisitor

eVisitor визаси Австралияда 3 ой қолишингизга имкон беради. Бу виза билан қитъа бўйлаб саёҳат қилишингиз ёки 3 ойлик курсда қатнашишингиз мумкин. Аммо ишлаш тақиқланади. Бироқ айрим ҳолларда кўнгилли ишларда қатнашишингиз мумкин.

Шунингдек, ушбу виза Австралияга бизнес мақсадида саёҳат қилиш учун зарур бўлган одамларга ҳам қўл келади. Фақат шу ҳолатда сизга умумий бизнес ёки иш билан боғлиқ суҳбатларни ўтказишингизга рухсат берилади.

Бундан ташқари, сиз иш шароитини ўрганишингиз, музокаралар олиб боришингиз, шартномаларни имзолашингиз, конференцияларда қатнашишингиз мумкин.

eVisitor визасига ариза бериш кўп вақтни талаб қилмайди, лекин ўз вақтида бошлаш тавсия этилади. Кутилмаган ҳолатлар кечикишга олиб келиши мумкин.

Сайёҳлик визаси

Австралияда 3 ойдан ортиқ қолишни хоҳласангиз, 6 ёки 12 ойлик визаларга ариза топширишингиз мумкин. Бунда ҳам ишлаш тақиқланади. Ўқимоқчи бўлсангиз, курснинг давомийлиги 3 ойдан ошмаслиги керак.

Бу турдаги визага Австралияга бир неча марта кириб-чиқиш шарти билан ҳам ариза топширишингиз мумкин.

Ишла ва саёҳат қил

Агар 31 ёшдан кичик бўлсангиз ва Австралия қолган вақтингиз ишлашни ният қилаётган бўлсангиз, таътилда ишлаш визаси сиз учун қизиқ бўлиши мумкин.

Таътилда ишлаш визаси

18-31 ёшли шахслар Австралияда 12 ой давомида “Таътилда ишлаш визаси”га ариза топшириши мумкин. Сиз нафақат бутун Австралияни айланиб чиқишингиз, балки ҳақ тўланадиган ишда ишлашингиз мумкин. Фақат бир шарт билан: агар Австралия иммиграциясидан рухсатингиз бўлмаса, битта иш берувчига 6 ойдан ортиқ ишлай олмайсиз. Аммо 4 ойгача ўқишингиз мумкин.

Австралияда стажировка ва ўқиш Австралияда ўқиш

Нафақат олий ўқув юртида ўқиш, балки бирор курсни тамомлаш учун ҳам ушбу визани олишингиз мумкин. Болалар 6 ёшдан бошлаб Австралияда бошланғич таълимни олиш учун визага ариза бериши мумкин.

Визага ҳужжат топширишдан аввал, курсга ёки ўқишга қабул қилинган бўлишингиз керак. Талаба визаси Австралияда ўқишни битиргунингизча, одатда 5 йил қолишингизга рухсат беради. Ўқишга кирганингиз ҳақидаги ҳужжатдан ташқари, молиявий имкониятингиз ҳам хавфсиз эканини кўрсатишингиз лозим.

Талаба визаси билан 2 ҳафтада 40 соатгача ишлашингиз мумкин (магистратура ва докторантура талабалари учун соатлар фарқ қилади).

Бу виза билан оила аъзоларингизни ҳам Австралияга олиб кетишингиз мумкин.

Австралияда стажировка

Тренинг визаси

Бу виза ўз соҳасидаги билим ва кўникмаларини иш жойида амалиёт ўташ орқали кучайтирмоқчи бўлган шахслар учун мўлжалланган. Шунингдек, касбий малакасини ошириш истагида бўлганлар ҳам мазкур визага ариза топшириши мумкин.

Бунинг учун Австралияда ҳомийингиз бўлиши керак. Номзод, унинг соҳаси ва Австралиядаги ташкилот назоратидан ўтади. Номзодлар 18 ёшдан ошган бўлиши керак.

Вақтинча машғулот визаси

Австралиядаги ташкилотнинг таклифига кўра тадқиқотда қатнашишни режа қилганлар ушбу визани олиши мумкин. Давомийлиги 12 ой.

Зиёдахон Ғуломова,
Uzbeklife колумнисти

Мавзуга оид