Қирғизистонда собиқ бош вазир ва парламентнинг собиқ спикери ҳибсга олинди
Қирғизистонда собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ва парламентнинг собиқ раиси Асилбек Жээнбеков коррупцияда гумонланиб ҳибсга олинди. Бабановнинг ҳибсга олингани ҳақида Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати, Жээнбековнинг ҳибсга олинганини эса ТАСС ахборот агентлигининг қўмитадаги манбаси маълум қилган.
Таъкидланишича, Бабанов ва Жээнбеков Қумтор олтин конини ўзлаштириш лойиҳасини амалга оширишдаги коррупция ҳолатлари бўйича қўзғатилган жиноий иш доирасида ҳибсга олинган.
«Тергов доирасида олинган исботлар асосида Қирғизистон Жиноят кодексининг «Коррупция» моддасида кўзда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланиб, собиқ бош вазир Омурбек Бабанов ҳибсга олинди», деб маълум қилинган қўмитада.
Шунингдек, қўмитадаги манба Асилбек Жээнбековнинг ҳибсга олинганини ҳам тасдиқлаган.
17 май куни Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Қумтор конини ўзлаштириш билан шуғулланган «Кумтор голд компани» корхонаси вакилларига нисбатан 4та жиноий иш қўзғатганди. Қўмита раҳбари Қамчибек Ташиевнинг таъкидлашича, ушбу иш доирасида хавфли моддалар билан муомала қилиш қоидаларини бузиш, тупроқ ва атмосферани ифлослантириш, музликларни йўқ қилиш, суғурта ва солиқ қонунбузарликлари билан боғлиқ ҳолатлар тергов қилинмоқда.
Аввалроқ Қирғизистонда республикадаги энг йирик олтин конининг миллийлаштирилиши жараёни бошланганди. Қумтор конини ўзлаштириш билан 1990-йиллар бошидан бери Канаданинг «Centerra Gold Inc.» корпорацияси шуғулланиб келади. Корпорациянинг Қирғизистон ҳукумати билан тузган келишувига асосан конни ўзлаштириш мақсадида «Кумтор голд компани» корхонаси ташкил этилган.
18 май куни конда вақтинчалик ташқи бошқарув жорий қилинди. Қирғизистон ҳукуматининг бу хатти-ҳаракатлари нафақат «Centerra Gold Inc.» билан, балки Канада ҳукумати билан можаро чиқишига сабаб бўлган. Канада корпорацияси юзага келган келишмовчиликлар ҳал қилинмаса, Қирғизистон ҳукуматини етказилган зарар учун арбитраж жараёни доирасида жавобгарликка тортишини эълон қилди.
Маълумотларга кўра, 2020 йилда Қумторда 17 тоннадан кўпроқ олтин олинган.
Мавзуга оид
18:02 / 23.12.2024
Садир Жапаров Фарғона вилояти ҳокимини «Данк» ордени билан мукофотлади
17:23 / 21.12.2024
Садир Жапаров Европарламентни Қирғизистон сиёсатига аралашмасликка чақирди
18:05 / 20.12.2024
Садир Жапаров: Қирғизистонда тежалган ҳар бир литр сув қўшниларимизга ёрдамдир
17:37 / 20.12.2024