Жаҳон | 14:15 / 31.05.2021
19272
2 дақиқада ўқилади

Хитойдаги оилаларга уч нафар бола кўришга рухсат берилди

Хитойдаги ҳар бир оила уч нафар бола кўриш ҳуқуқига эга бўлади. Xinhua агентлиги хабар беришича, Хитой коммунистик партияси демографик сиёсат бўйича ўзгаришларни маъқуллади.

Фото: Kevin Frayer/Getty Images

BBC нашрининг қайд этишича, бундай қарор аҳоли сонини қайта ҳисоблаб чиқишдан кейин қабул қилинган, ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йилда мамлакатда туғилиш аввалги йилга нисбатан 30 фоизга камайган. Қолаверса, аҳоли сонида кексалар улуши ортиб бормоқда.

Миллий статистика бюросининг маълумотларига кўра, Хитойда 2019 йилда 14,65 миллион, 2018 йилда 15,23 миллион, 2017 йилда 17,23 миллион ва 2016 йилда 17,86 миллион чақалоқ туғилганди. Ўтган йил эса 12 миллион яқин чақалоқ туғилган — бу 1960-йиллардан буён қайд этилган энг паст кўрсаткичдир.

Хитойда 1979 йилдан, Мао Цзе Дуннинг ўлимидан уч йил ўтиб янги раҳбарлар томонидан «бир оила — бир бола» сиёсати олиб борилган. Бу қоидани бузган ота-оналарга катта жарималар ва ишни йўқотиш хавф солган, кўп ҳолларда мажбурий аборт қилинган. Мамлакатда фақат миллий озчилик вакилларига, шунингдек, қишлоқ жойларда истиқомат қиладиган ва биринчи фарзанди қиз бўлган кўплаб оилаларга биттадан ортиқ бола орттиришга рухсат бериларди.

Хитой оилаларида қиз эмас, ўғил фарзандли бўлишга эътибор қаратилди. УЗИ орқали ҳомила қиз эканини билган ота-оналар аборт қилдирарди. 20 йил ўтиб бу гендер дисбалансига олиб келди - ўғиллар уйланиши учун қизлар топилмай қолди.

Бунинг асосий салбий оқибати эса меҳнатга лаёқатли аҳолининг қисқариши юзага келиши бўлди.

2013 йилда ҳукумат ота-онадан бири ўз оиласида ёлғиз фарзанд бўлса, бундай оилага икки фарзандли бўлишга рухсат берилади. 2016 йилдан эса барча оилалар икки нафар бола ўстириши мумкин бўлди.

Хитойда туғилиш коэффициенти ҳар минг кишига 11тани ташкил этади. Мамлакатда бу кўрсаткич 1980-йиллардан буён йилдан йилга пасайиб борган. Икки фарзандга рухсат берилиши ҳам бу трендни тўхтата олмаган.

2020 йил якунларига кўра Хитой аҳолиси 1,4 миллиард кишини ташкил этган.

Мавзуга оид