Чехия президентига нисбатан импичмент жараёни бошланиши мумкин
Чехия президенти Милош Земан мамлакат миллий хавфсизлигига зиён етказишда айбланмоқда.
Бу билан боғлиқ ҳолда Земанга импичмент жараёнини бошлаш масаласи кейинги ҳафта сенатда овозга қўйилади. Бу ҳақда Чехия парламентининг ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича қўмитаси бошлиғи Павел Фишер маълум қилди.
«Биз сенат қўмитасида Милош Земан республика президенти лавозимини эгаллай олмаслиги учун овоз бердик. Мен сенатга буни кейинги ҳафта муҳокама қилишни таклиф қиламан», деб маълум қилган сенатор.
Фишернинг фикрича, Чехия президентининг кўплаб охирги ишлари конституцияга тўғри келмайди ва унинг Врбетицедаги портлашлар бўйича берган баёноти уларнинг «кульминацияси» ҳисобланади.
Унинг таъкидлашича, Земан Врбетицедаги ўқ-дори омборида юз берган портлашлар бўйича апрелда халққа қилган мурожаатида контрразведка ҳисоботида портлашларга «россиялик агентлар» алоқадор экани исботлари йўқлигини айтиб, Чехия миллий хавфсизлигига зиён етказган.
Бу орада Земаннинг матбуот котиби Иржи Овчачек қўмитанинг импичмент бўйича овоз бериш қарорини «давлат тўнтарувини амалга оширишга уриниш» деб атаган ва ҳуқуқ-тартибот идораларини сенаторларнинг ушбу ташаббусига тегишли баҳо беришга чақирган.
Чехия парламентининг аксариятини мухолифат ташкил қиладиган юқори палатаси – сенатда Земан импичментига овоз берилса, ушбу қарор кучга кириши учун президент тарафдорлари кўп бўлган қуйи палатада тасдиқланиши лозим.
Земаннинг Врбетицедаги портлашлар бўйича баёнотидан кейин Чехияда можаро келиб чиққанди: бир қатор сиёсатчилар президентнинг гапларидан аччиқланиб, у ҳали якунланмаган тергов маълумотларини ошкор қилгани ва бу билан уни хавф остига қўйганини айтишган.
Мавзуга оид
15:42 / 20.12.2024
Ўзбекистонлик кадрларни Чехияда ишга жойлаштириш бошланади
09:20 / 19.12.2024
Чехия парламенти россияликлар учун фуқаролик олиш ҳуқуқини чеклади
16:31 / 18.12.2024
Исёнда айбланаётган Жанубий Корея президенти полиция сўроқига келмади
13:52 / 14.12.2024