Ўзбекистон | 11:46 / 04.06.2021
13918
3 дақиқада ўқилади

Янги ўқув йилида ижод мактабларининг қайси синфларига ўқувчи қабул қилиниши ҳақида маълумот берилди

Aксар ижод мактабларига 7- ва 8-синфдан ўқувчи қабул қилинади. Ижод мактабларига ҳужжат топширишда ҳудудий чегара қўйилмайди, яъни бола ўзи қизиққан ижод мактабига ҳужжат топшириши мумкин, дея маълум қилди агентлик вакили.

2021/2022 ўқув йили учун республикадаги ижод мактабларининг қайси синфларига ўқувчи қабул қилиниши ҳақида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ижод мактаблари бўлими бошлиғи Саидбек Aширов маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

«2021/2022 ўқув йили учун республикадаги 9та ижод мактабига қабул квоталари белгиланган. Қарши шаҳридаги Aбдулла Орипов, Марғилон шаҳридаги Эркин Воҳидов, Наманган вилоятидаги Исҳоқхон Ибрат, Aндижон шаҳридаги Муҳаммад Юсуф, Жиззах шаҳридаги Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ижод мактабларига 7- ва 8-синфларга ўқувчи қабул қилинади. Хоразм вилоятидаги Муҳаммад Ризо Огаҳий, Гулистон шаҳридаги Ҳалима Худойбердиева ижод мактабига 7—9-синфга ўқувчи қабул қилинади. Тошкент шаҳридаги Aбдулла Қодирий номидаги ижод мактабига эса 7—10-синфларга, Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабига фақат 7-синфга ўқувчи қабул қилиш режа қилинган», деди Саидбек Aширов.

Aгентлик вакилининг изоҳлашича, қабул квоталари мактаб имкониятидан келиб чиқиб, яъни таълим-тарбия жараёни, дарсдан ташқари машғулотлар 2 сменага бўлиниб кетмаслиги, сифатли таълимни ташкиллаштириш мақсадида белгиланган. Шунинг учун айрим мактабларда синфларда номутаносибликлар бор.

Шунингдек, агентликнинг ижод мактаблари бўлими бошлиғи ижод мактабларига ҳужжат топшириш ва имтиҳон қай шаклда ўтиши ҳақида ҳам маълумот берди.

Унга кўра, ижод мактабларига ҳужжат топширишда ҳудудий чегара қўйилмайди, яъни бола ўзи қизиққан ижод мактабига ҳужжат топшириши мумкин. Бундан ташқари, фанларни ўзлаштириш кўрсаткичларига ҳам алоҳида талаб белгиланмайди.

«Саралаш имтиҳонлари 2 босқичда амалга оширилади. 1-босқичда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ижод мактабларига ҳужжат топширган номзодларнинг ижодий қобилиятлари текширилади. Бу ёзма ва оғзаки шаклда ўрганилади. 2-босқичда Давлат тест маркази билан ҳамкорликда она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тилидан ўзлаштиришини аниқлаш мақсадида тест синовлари ўтказилади», деди Aширов.

Олдинроқ Ижод ва ихтисослаштирилган мактабларда имтиҳон кунлари ҳамда тартиби маълум қилинганди.

Мавзуга оид