Жаҳон | 07:12 / 07.06.2021
9305
2 дақиқада ўқилади

Шаҳзода Ҳарри ва Меган Маркл қизли бўлишди. Қизалоққа қиролича ва Диана шарафига ном берилди

Фото: Reuters

Британия шаҳзодаси Ҳарри ва унинг рафиқаси Меган Маркл қизли бўлишди. Бу ҳақда Британия биринчи оиласи расман эълон қилди.

Хабарда айтилишича, қизалоққа Лилибет Диана деб исм қўйишган. У 4 июн жума куни маҳаллий вақт билан 11:40 да Калифорниядаги Санта-Барбара касалхонасида дунёга келган. Чақалоқ ўзини яхши ҳис қилаётгани ва аллақачон ота-онаси билан уйига кўчиб ўтгани айтилди.

Чақалоққа Лилибет Диана исми бувиси ва катта бувиси шарафига қўйилган. Британия қироличаси Елизавета II'ни қироллик оиласидагилар Лилибет деб аташади. Диана эса шаҳзода Ҳаррининг вафот этган онаси малика Диана шарафига танланган исм. Лилибет Диана Британия қироллик оиласининг 11-эвараси ҳисобланади. Чақалоқ туғилиши билан жуфтликни Британия бош вазири Борис Жонсон табриклади.

Шаҳзода Ҳарри ва собиқ актриса Меган Маркл 2018 йил турмуш қурган ва уларнинг оиласида 2019 йил 6 май куни биринчи фарзанд Арчи туғилганди. Жуфтлик 2020 йил апрел ойида қироллик оиласини тарк этган ва бунга сабаб сифатида оиладаги содир бўлаётган камситишларни келтирганди. Ҳарри ва Меганнинг Опра Уинфрига берган интервьюси Британиянинг биринчи оиласи ҳақида турли хил миш-мишларни пайдо қилганди.

Ҳарри қироллик оиласини тарк этган бўлса-да, шаҳзода унвонини сақлаб қолган. Бу унвон унга туғилганидаёқ берилган.

Мавзуга оид