Ўзбекистон | 16:47 / 07.06.2021
7960
4 дақиқада ўқилади

ССВ вакцинация жараёнининг икки ойлиги бўйича ҳисобот берди

Ўзбекистонда шу вақтгача қанча вакцина қўллангани, қанча одам коронавирусга қарши тўлиқ босқичларда эмлангани, қайси қатламлар энг кўп вакцина олгани ҳақида маълум қилинди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Фурқат Санаев Ўзбекистонда амалга оширилаётган коронавирусга қарши чора-тадбирлар, шунингдек, вакцинация жараёнининг икки ойлик таҳлили бўйича баёнот берди.

Фурқат Санаев / Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Шу вақтгача юртимизда қанча вакцина қўлланди?

Ўзбекистонда март ойи охирида вакцинациянинг биринчи босқичига, апрель ойи охирида иккинчи босқичга, май ойида эса учинчи босқичга старт берилди.

Ўзбекистонга шу вақтгача:

  • AstraZeneca’нинг — 660 минг доза;
  • ZF-UZ-VAC2001’нинг — 3 ярим миллион доза;
  • «Спутник V» вакцинасининг — 170 минг доза партиялари келтирилган.

Апрель-май ойлари давомида 2 миллион дозадан ортиқ вакцина қўлланиб, биринчи босқичда 1 354 785 нафар, иккинчи босқичда 714 239 нафар, учинчи босқичда эса 494 нафар фуқаро эмланди.

Шу йилнинг 31 май ҳолатига кўра, икки ой давомида Ўзбекистонда фуқаролар:

  • 646 минг 116 доза AstraZeneca;
  • 1 миллион 351 минг 807 доза ZF-UZ-VAC2001;
  • 71 минг 595 доза «Спутник V» вакцинаси билан эмланган.

Шу вақтгача аҳолининг қайси қатлами энг кўп вакцина олди?

Ўзбекистонда эмлаш жараёнлари бошланганда биринчи галда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарлар, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарлар аҳолисини, ундан сўнг эса бошқа ҳудудларни оммавий эмлаш тадбирлари билан қамраб олиш кўзда тутилганди.

Ушбу режа асосида апрель ойида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари, Тошкент шаҳри ва бошқа катта шаҳарларда 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар ва тиббиёт ходимлари оммавий эмлаш тадбирларига жалб қилинган бўлса, кейинчалик туман марказлари ва кичик шаҳарларда яшовчи аҳоли ҳам эмлашга жалб этилди.

Кейинчалик яна учта аҳоли қатлами - мактаб ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари, сурункали касаллиги бор фуқаролар ҳам эмланиши бошланди.

31 май ҳолатига кўра, улар орасида энг кўп эмланган аҳоли қатлами бу 65 ёш ва ундан ошган фуқаролар бўлиб, уларга икки ой мобайнида 747 минг 201 доза вакцина қўлланган.

Ушбу аҳоли қатламига қўлланган вакциналарнинг:

  • 418 минг 797 дозаси 1-босқичда;
  • 328 минг 286 дозаси 2-босқичда; 
  • 118 дозаси 3-босқичда фойдаланилган. 

Шунингдек, тиббиёт ходимларига қўлланган вакциналар миқдори ҳам ярим миллион дозадан ошиб, ушбу кўрсаткич бўйича иккинчи ўринда турибди.

Икки ой давомида қайси ҳудудлар эмлаш жараёнларида фаол бўлди?

Вакцинациянинг биринчи (апрель) ойида Фарғона вилоятида 123 минг доза, Наманган ва Андижон вилоятларида эмлаш кўрсаткичлари 90 минг дозадан ошган эди. 

Май ойи охирига келиб, Фарғона, Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятларининг ҳар бирида 200 минг дозадан ортиқ вакцина қўлланди.
 
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси,  Жиззах, Навоий ва Сирдарё вилоятларидан ташқари барча ҳудудларда 100 минг дозадан ортиқ вакцина қўлланган.

Ўзбекистонда неча киши коронавирусга қарши тўлиқ босқичларда эмланди?

«Спутник V» ва Astra-Zeneca вакциналари икки босқичли эмланиш билан инсон организмида юқори даражада иммунитет ҳосил қилинишига ёрдам беради.

ZF-UZ-VAC2001 вакцинасида эса тўлиқ уч босқичда эмлангандан сўнг инсон организмида етарлича антитана ҳосил бўлишига эришиш мумкин.

Икки ой мобайнида 2 миллион 69 минг 518 доза вакцина қўлланган бўлса, шундан 348 минг 302 нафар киши тўлиқ босқичларда эмлаб бўлинди.

Шундан:

  • AstraZeneca билан 321 минг 906 нафар киши
  • ZF-UZ-VAC2001 билан 494 нафар киши,
  • «Спутник V» вакцинаси билан эса 25 минг 902 нафар киши барча босқичларда тўлиқ эмланди. 

Мавзуга оид