Ўзбекистон | 12:05 / 08.06.2021
26364
2 дақиқада ўқилади

Эверестда Ўзбекистон байроғини кўтарган альпинистга фахрий унвон ва Trailblazer берилди

Президент Шавкат Мирзиёев ўзбекистонлик алпинист Сергей Денисенкони «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан мукофотлади.

Эверест чўққисига кўтарилган ўзбекистонлик альпинист Сергей Денисенко 8 июнь куни Тошкент халқаро аэропортида тантанали равишда кутиб олинди. Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Сергей Денисенко «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланган.

Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган суратларда, шунингдек, спортчига Trailblazer автомобили ҳам совға қилинганини кўриш мумкин.

Сергей Денисенко 1 июнь куни дунёдаги энг баланд чўққи – 8848 метр баландликдаги Эверест (Жомолунгма) чўққисига кўтарилган эди.

Ҳимолай тоғларига украиналик жамоа билан чиққан Сергей Денисенко дунёдаги энг баланд чўққининг забт этилишини Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаганди. У чўққида Ўзбекистон байроғи ва президент Шавкат Мирзиёевнинг портрети билан суратга тушганди.

Денисенко тоғнинг Непал давлати томонидаги қисмидан йўлга чиқиб чўққини забт этган илк ўзбекистонлик альпинист бўлганди.

Ўзбекистонликлар Эверестни илк бор 1998 йилда забт этишган, 23 йил муқаддам Ильяс Тухватуллин ва Андрей Заикин чўққига кўтарилганди. 

Мавзуга оид