Горизонтал ривожланаётган мамлакат (фото)
Германиядаги саёҳатларим давомида кўпинча ўзим учун қизиқарли деб билган жойлар ва ҳолатларни суратларга муҳрлайман. Қуйида уларнинг бир нечтасини кўришингиз мумкин.
Германияга келиб, «Puma» кийимлар брендидан фойдаланишни бошладим. Ушбу расм «Puma» нинг асосий офиси жойлашган, Херцогенаурах шаҳарчасида олинган. Улар ёш ва ҳаракатчан аудитория учун қулай ва ҳамёнбоп қийматни яратишади. Энг қизиғи, ушбу жойдан бир километр масофада бошқа катта бренднинг штаб-квартираси жойлашган.
Спортга қизиқувчилар яхши билишади «Adidas» ва «Puma» брендлари Дасслер ака-укалар томонидан Германияда яратилган. Кўп йиллар мобайнида улар бирга ишлашган. Ади маҳсулот чиқариш сифатига жавоб берган, Рудолф эса сотиш ва маркетинг ишлари билан шуғулланган. Оилада низолар келиб чиқиши сабабли, 20 асрнинг иккинчи ярмида улар ажралиб, иккита рақобатчи брендларга айланишган.
Германияга энди 2019 йилга учиб келганимда Магдебург шаҳрида ўқишни бошладим ва шунга ўхшаш уйда бир ярим йил яшаган эдим. Ушбу чиройли уй 1887 йилда қурилган ва бугунгача аъло даражада фойдаланилади. Немислар ҳақиқатдан муҳандислар халқи, деб ўйлайман. Уларнинг маҳсулотлари одатда юқори сифатга эга. Аҳамият бердим, улар барча ресурсларни самарадор ва тежамкор ишлатишади.
Германияда менинг эътиборимни тортган ва суратга муҳрланган ҳолат. Тавсиф керак эмас, деб ўйлайман. Кўп нарсани шундай ҳам кўриб ўрганса бўлади.
Гамбург порти. Глобализация жараёни тезлашгани сари халқаро савдо шаҳарлари ривожланади.
Яхшилаб эътибор берган бўлсангиз, ушбу расмда филлар ёки жирафалар тўдаси сув ичгани орол бўйида эгилаётганга ўхшайди.
Берлин Германиянинг пойтахти. Ушбу машиналардан қайси бирини танлаган бўлар эдингиз. Мен бир умр Мерседес брендини маъқул кўрганман. Тошкентда доимо яшил Мерседесда мактабга борардим, Берлинда эса сариқ рангига ўтдим. Қизиғи шуки, Германиянинг экспорт маҳсулотларида биринчи ўринни автомашиналар эгаллайди. Йилига тахминан 150 миллиард еврога яқин қийматни автомобил чиқарувчи йирик корхоналар дунё бўйлаб экспорт қилишади.
Мюнхен шаҳри чеккаси. Метро бекатига киришида жойлашган автотураргоҳ. Тўғрироғи, велотураргоҳ. Бу ҳолатни кўриб, ҳайратда қолдим. Давлат горизонтал ҳолатида ривожланаётгани учун, шаҳарлар билан қишлоқларда шароитлар деярли бир хил. Имкониятлар ҳар хил бўлиши мумкин, лекин йирик корхоналарга яқин жойлашган қишлоқларда одатда ер жуда қиммат бўлади. Бундан ташқари, битта кучли марказий шаҳар йўқ.
Ҳар бир шаҳар ўз кучли томонларига эга: Мисол учун, Берлин сиёсий ва маданий марказ бўлса, Гамбург халқаро савдо билан жалб қилади. Франкфуртда молия ривожланган. Мюнхен шаҳрида технологиялар, мошинасозлик ва ҳаказо.
Кўп мисолларни келтирса бўлади. Муҳими, ушбу жараёнлар туфайли, кўпчилик шаҳарларда эмас, балки шаҳарлардан ташқаридаги кичик қишлоқларда яшашни афзал кўришади. Ҳар куни энг яқин метро ёки темир йўллар бекатига велосипедларда келиб, ишга шаҳарга кетишади. Ёки тескариси: шаҳарлардан қишлоқчаларга ишга боришади. Чунки кўп йирик компанияларнинг офислари ва заводлари чўл ўртасида жойлашган. Инфраструктура ривожлангани учун, А нуқтадан Б нуқтага ҳаракат қилиш осон ва бутун бошли 80 миллион аҳоли доимо ҳаракатда.
Германиянинг табиатини яхши кўраман. Умуман, табиатга бўлган меҳрга, экологияга муносабатга қойил қоламан. Мактабдан бўшаб, улар табиат билан гармонияда яшашни ўрганишади.
Берлин шаҳрида парк маданияти яхши ривожланган. Ўнлаб паркларда минглаб ҳамшаҳарлар чиройли дам олишади: бақир-чақир қилмасдан, суҳбат даврада, кичик пикникларни манзур кўришади. Энг муҳими, паркларда чиқиндилар деярли учрамайди. Жамиятнинг ривожланиши юксак маданиятга боғлиқ.
Бавария тоғлари. Кёнигзее. Тасвирлар қолдирмаса ҳам бўлади. Шунчаки чиройли маскан. Сув жуда совуқ бўлса ҳам, чўмилиб кўрганмиз.
БМW музейи. Биласизми, ушбу расмларни кўриб, бир фикр келади. Ривожланган жамиятлар ўз ялпи ички маҳсулотларини инсон капитали билан яратиш қобилиятига эга. Ривожланаётган жамиятларнинг ялпи ички маҳсулотлари эса, асосан, табиий ресурларга боғлиқ. «Биз бутун дунёда тан олинган юқори сифатли маҳсулотларни ярата оламизми?» деган саволни ўзимизга беришимиз мумкин. Ёки биз фақатгина ерни қазиб, хомашё ресурсларни сотишни маъқул кўрамизми. Дунёвий билимларга чанқоқ бўлсак, сифатли таълимга узоқ муддатда эътибор берсак, биздан ҳам дунёда танилган брендлар чиқади, деб ўйлайман.
Темур Умаров
UzbekLife’нинг Германиядаги колумнисти
Мавзуга оид
11:53
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
10:30 / 24.12.2024
Германия Киевга кенг қамровли янги қуроллар пакетини тақдим этади
18:40 / 21.12.2024
Шавкат Мирзиёев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайерга таъзия йўллади
08:03 / 21.12.2024