Ўзбекистон | 18:43 / 11.06.2021
33755
3 дақиқада ўқилади

Катта Лангар Қуръонини реставрация қилиш жараёнлари якунланди

Қуръоннинг энг қадимги ва нодир қўлёзма нусхаларидан бири – Катта Лангар Қуръони реставрацияси якунланди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси раиси ўринбосари Саида Мирзиёева ташаббуси билан, лойиҳа устида Франциянинг Лувр музейи реставраторлари ва маҳаллий мутахассислар иш олиб борди.

Ислом оламининг муқаддас китоби Қуръони Каримнинг энг қадимги қўлёзмаларидан бири – Катта Лангар Қуръонини реставрация қилиш ишлари ниҳоясига етди.

Реставрация ишлари 2019 йилда бошланган эди. Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳамкорлигидаги лойиҳа учун Франциянинг Лувр музейи мутахассислари жалб этилган.

Жамғарма бошқарув раисининг ўринбосари Саида Мирзиёева қадимий мусҳаф эндиликда яна кўп асрлар бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб қолишини таъкидлади.

«Катта Лангар Қуръони саҳифалари яна кўп асрлар нафақат биз – ўзбекистонликлар, балки бутун дунё мусулмонлари, бутун инсониятнинг маънавий бойлиги бўлиб хизмат қилади, деган умиддамиз», – дея ёзиб қолдирди Саида Мирзиёева ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Маълумот учун, Катта Лангар Қуръони Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Лангар ота масжидида узоқ вақт сақлангани боис шундай ном олган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур қўлёзманинг 17 та саҳифаси мавжуд. Мусҳаф VIII асрда битилган деб ҳисобланади, унинг чарм муқоваси XIV асрга тегишли.

Арабий ёзув усулларининг энг қадимий турларидан бўлган кўфий-ҳижозий хатида битилган қўлёзма ошланган бузоқ териси – пергаментга муҳрланган. Саҳифаларнинг ўртача ҳажми – 53х35 см.

Реставрациянинг 1-босқичи. 2019 йил ноябрь

Реставрация ишлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг реставрация лабораториясида олиб борилди. Жараёнда Лувр музейи реставраторлари Аксел Дело ва Ауреля Стрери, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг мудири Камолиддин Маҳкамов ва кутубхонанинг етакчи мутахассиси, реставратор Саидраҳмат Икромов, Ўзбекистон миллий кутубхонаси консервация ва реставрация бўлими бош мутахассиси Шуҳратиллоҳ Пўлатов, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг Маданий ҳамкорлик бўлими бошлиғи Бобур Мирзо Саёмов иштирок этди.

«Катта Лангар Қуръони саҳифалари реставрациядан аввал жуда қуруқ эди. Варақлари тўлқинсимон бўлиб қолган ва жуда кўп чанг йиғилган. Биз консервация жараёнини биринчи навбатда ҳар бир саҳифани тозалашдан бошладик. Кучли деформация туфайли китоб ёмон аҳволда эди», – дейди Лувр музейи реставратори Аксел Дело.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг мудири Камолиддин Маҳкамовга кўра, реставрация давомида франциялик мутахассислар томонидан олиб келинган махсус қоғозлар ва махсус клейлардан фойдаланилган.

«Ҳамма ишлар бажарилгач, саҳифалар оғирлик остига, махсус прессга қўйилди. Саҳифалар 15 ой давомида пресс остида сақланди», – дейди у.

Реставрация уч босқичда амалга оширилди. Франциялик мутахассислар унинг 3-босқичи учун салкам 15 ой деганда Тошкентга қайтиб келиб, махсус пресс остида турган Катта Лангар Қуръони саҳифалари реставрациясини якунлашди.

Қадимий мусҳафнинг янгиланган ҳолатдаги тақдимоти жума кунига тўғри келди, дейилади лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган видеолавҳада.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz реставрациянинг 1-босқич жараёнларидан кўрсатув тайёрлаган эди.

Мавзуга оид