Спорт | 14:37 / 11.06.2021
14756
15 дақиқада ўқилади

Евро-2020, E гуруҳи: дунёнинг энг кучли ҳужумчиси ва «коронавирусчилар»

Европа чемпионати иштирокчиларини таништиришда давом этамиз. Навбатда — Е гуруҳи.

ИСПАНИЯ

  • ФИФА рейтинги — 6
  • Евро-2020га йўл — 8 ғалаба, 2 дуранг, 0 мағлубият, тўплар нисбати — 31-5
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Альваро Мората, Серхио Рамос, Родриго (4тадан гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — ғалаба (1964, 2008, 2012)

Испания бош мураббийи

2018 йилги жаҳон чемпионатидаги муваффақиятсизликдан кейин Испания бўйича янги қараш пайдо бўлди: турниргача бир кун қолган бўлса ҳам мураббий ҳақида гапирмаслик керак. Аммо Луис Энрике ишлашда давом этмоқда. Испаниялик мутахассиснинг фаолиятидаги асосий ютуғини ҳеч ким унутмайди — 2015 йилда «Барселона» билан требл. 2017 йилда эса унинг бошқаруви даврида «ремонтада» рўй берди — ЕЧЛ нимчорак финалида «ПСЖ»га қарши жавоб ўйинидаги 6:1.

Испания термасини Энрике 2019 йилдан буён бошқармоқда — у фақат қизи касаллиги туфайли бир муддат танаффус қилди, лекин унинг қизи ўша йил вафот этади. Энрике ишга қайтиб, 11 ўйин ўтказди, бу ўйинлардан фақат бирида Миллатлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида Украинага қарши ўйинда 0:1 ҳисобида ютқазди.

Асосий юлдузлар
Ҳозирги таркибда юлдузларни ажратиб кўрсатиш қийин. Испан футболчилари орасида энг машҳури — Серхио Рамос, аммо уни, «Реал»нинг бошқа исталган футболчиси каби, Энрике заявкага киритмади. «Атлетико»да ёрқин мавсум ўтказган Маркос Льоренте Евро-2020да ҳам шу темпда ўйнашини кутиш мумкин. «Матрасчилар»нинг чемпионлиги учун олқишлар Луис Суарес ва Диего Симеонега кетган бўлса-да, ушбу испаниялик футболчининг муҳим ўрнини эътибордан четда қолдирмаслик керак.

У фаолиятидаги энг самарали мавсумни ўтказди — Ла лига ўйинларида 11 гол уриб, 12 ассист муаллифи бўлди. Льоренте ўз универсализми билан ажралиб туради — «Реал»да таянч яримҳимоячиси позициясида бошлаган Маркос Симеоне қўли остида майдон марказидаги ҳужумкор футболчига трансформация бўлди. Айрим вақтларда ундан иккинчи ҳужумчи сифатида ҳам фойдаланилди ва у ҳозирда яхши спорт формасида.

Таркиб

Серхио Рамос заявкага киритилмагани туфайли, ҳимоя марказида Ляпорт ва Гарсия жойлашади. Қанотларда — тажрибали Жоржи Альба ва Аспиликуэта югуради. Майдон марказида Коке ва Родри ёнида 18 ёшли Педри тўп суради. Ҳужумда — сўнгги йилларда ёрқин ўйин кўрсатаётган Дани Ольмо ва Ферран Торрес, ҳужум марказида Мората.

Испания терма жамоаси айни вақтда карантинда ўтирибди. Чемпионат бошланишига бир ҳафтача вақт қолганида дастлаб жамоа сардори Серхио Бускетсда коронавирус аниқланди, кўп ўтмай ҳимоячи Диего Льорентенинг ҳам тести мусбат натижа берди. 

Испанияда амал қилувчи ковид-протоколга кўра, бир гуруҳдаги иккинчи мусбат натижа терма жамоа лагерида коронавирус тарқалиши назоратдан чиқиб кетганини англатарди, бу эса терма жамоанинг кейинги ҳафта душанба куни гуруҳнинг илк ўйинлари доирасида Швецияга қарши ўйин учун Севильяга сафарини хавф остида қолдирди.

Сешанба куни кечқурун Испания Литвага қарши ўртоқлик учрашуви ўтказиши керак эди, аммо асосий жамоа карантиндалиги туфайли майдонга ёшлар жамоаси чиқди ва улар хотиржамлик билан ғалаба қозонди - 4:0.

Жорий ҳафта бошида, Бускетсда вирус чиқишининг эртасига Луис Энрике ҳар эҳтимолга қарши беш футболчини терма жамоага чақирди - ҳимоячи Рауль Альбиол, яримҳимоячилар Браис Мендес, Пабло Форнальс, Карлос Солер ва ҳужумчи Родриго Морено. Кейин уларга дарвозабон Кепа Аррисабалага ҳам қўшилди. Улар алоҳида ҳолда шуғуллана бошлашди. Чоршанбага ўтар кечаси Льорентеда ҳам вирус аниқлангач, уларга ёшлар жамоасидан 11 футболчи қўшилди.

Энрике ва федерация раҳбарларида қандай қарорга келингани ҳақида (заявкага ўзгартириш киритиш ёки касалланган футболчилар тезроқ тузалиб, янги касаллар чиқмаслигига умид қилиш) эълон қилиш учун 12 июнь соат 22:00гача вақт бор.

Тахминий бошланғич таркиб: Де Хеа – Ляпорт, Гарсия, Альба, Аспиликуэта – Родри, Коке, Педри – Дани Ольмо, Ферран Торрес – Альваро Мората.

Испания: Евро-2020 учун прогноз
Халқаро майдонларда ўн йил давомида сўзсиз устунлик қилган «қизил фурия» сўнгги уч йирик турнирда муносиб иштирок эта олмади — ЖЧ-2018 1/8 финалида Россиядан учралган мағлубият - қуйи нуқта бўлди. Бу муваффақиятсизликлар испанларни Евро-2020 фаворитлари сафидан чиқаради. Жамоа чуқур ҳимояланувчи жамоаларга қарши ўйинларда қийналмоқда. Таркиб жаҳон миқёсидаги янги юлдузлар билан тўлмоқда — Педри («Барселона»), Родри, Ферран Торрес (иккиси ҳам — «Манчестер Сити»). Аммо яқин ўтмишдаги турнирлардаги натижалардан келиб чиқсак, бу сафар яримфиналга чиқиш ҳам катта муваффақият бўлади.

ПОЛЬША

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 21
  • Евро-2020га йўл — 8 ғалаба, 1 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 18-5
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурар — Роберт Левандовски (6 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — 1/4 финал (2016)

Польша бош мураббийи

Польша терма жамоасини ушбу турнирда Пауло Соуза бошқаради. У Швейцарияда «Базель» билан чемпион бўлган, «Фиорентина»ни икки мавсум, «Бордо»ни бир ярим мавсум бошқарган. Португалиялик мутахассис Польша термасини 2021 йил январида қабул қилиб олган. Шартнома шу йил ноябрига қадар тузилган, бу шуни англатадики, Соуза учун Евро-2020да яхши иштирок этиш жуда муҳим, фақат шу орқали у янги шартномага эга бўлиб, ишини сақлаб қолиши мумкин.

Асосий юлдузлар
Польшаликларнинг асосий умиди — албатта, Роберт Левандовски. 2019/20 йиллар мавсумининг барча версиялар бўйича энг яхши футболчиси (у фақат тақдимот ўтказилмагани учун «Олтин тўп» ололмади). Бу мавсумда ҳам ушбу форвард темпни пасайтирмади ва ҳатто унга ҳам уддалаб бўлмас вазифа бўлиб кўринган Герд Мюллернинг Бундеслигадаги голлар сони бўйича абадий рекордини янгилади, поляк бир мавсумда 41 гол урди ва «Олтин бутса»ни қўлга киритди. Гарчи 2018 йилги жаҳон чемпионатида Левандовски бирорта гол уролмаган бўлса-да (Польша Сенегалга 1:2, Колумбияга 0:3 ҳисобида мағлуб бўлиб, фақат Японияни 1:0 ҳисобида енгиб гуруҳдан қайтган, голларни Криховяк ва Беднарек урган), Евро-2020га у фаолиятининг чўққисида келмоқда ва ундан тўпурарлик салоҳиятини намойиш этишини кутиш мумкин.

Таркиб
Польша таркибида Левандовскидан ташқари яна бир қанча юқори савияли футболчилар бор — ҳужумда унга Милик, Зелиньски ва Криховяк каби футболчилар ёрдам беради, дарвозада «Ювентус»нинг асосий поспони Войцех Шченсни туради.

Тахминий бошланғич таркиб: Шченси – Глик, Хелик, Беднарек – Рибус, Берешиньски – Криховяк, Модер, Зелиньски – Левандовски, Шверчок.

Польша: Евро-2020 учун прогноз
Левандовскининг жамоага таъсирини Диего Марадонанинг 1986 йилги мундиалда Аргентина термасига таъсири ёки Криштиану Роналдунинг 2016 йилги Европа чемпионатида Португалия термасига таъсирига қиёслаш мумкин. Агар Пауло Соуза Роберт атрофида мос тизимни қура олса ва у билан яхши муносабатларни сақлаб қолса, Левандовски Польшани плей-оффга олиб чиқа олади.

ШВЕЦИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 18
  • Евро-2020га йўл — 6 ғалаба, 3 дуранг, 1 мағлубият, тўплар нисбати — 23-9
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурари — Робин Куайзон (5 гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — яримфинал (1992)

Швеция бош мураббийи

Янне Андерсон терма жамоани 2016 йилдан буён бошқариб келмоқда. Унга қадар маҳаллий клубларда ишлаган. Андерсоннинг бошқарувида Швеция 2018 йилги жаҳон чемпионатида 1/4 финалгача етиб борган, бу босқичда Англияга мағлуб бўлганди. Миллатлар Лигасида скандинавлар Франция, Португалия ва Хорватиядан иборат «ўлим гуруҳи»да сўнгги ўринда қолишган. Шведлар 2021 йилдаги тўрт ўйиннинг барчасида — икки ЖЧ-2022 саралаш ўйини икки ва ўртоқлик ўйинида ғалаба қозонишди.

Асосий юлдуз
Мартда сенсация рўй берганди: қарийб беш йиллик танаффусдан кейин Златан Ибраҳимович қайтганди. Аммо май ойи ўрталарида у тиззасидаги жароҳат туфайли Евро-2020да иштирок эта олмаслиги маълум бўлди. Бу шуни англатадики, жамоадаги биринчи рақамли скрипкачи ўрни бўш қолди. Катта эҳтимол билан, олдиндаги Европа чемпионати янги юлдуз — Александр Исакни кашф этади.

«Реал Сосьедад»нинг 21 ёшли форварди қаторасига иккинчи мавсумда 16тадан ортиқ гол урди, 190 сантиметрлик бу ҳужумчи юқори тезликка эга. Эмил Форсберг («Лейпциг»), Деян Кулушевски («Ювентус») ва краснодарлик трио Виктор Классон — Кристофер Олссон — Маркус Берг ёрдамида салоҳиятли ҳужумчи максимал даражада ёрқин ўйин кўрсатишини кутиш мумкин.

Таркиб
Швецияда Златан Ибраҳимович йўқ, аммо «Манчестер Юнайтед»дан Линделёф, «Ювентус»дан Кулушевски ва «Реал Сосьедад»дан янги Златан Исак бор — ҳар бир чизиқ учун юлдузлар топилади.

Шведларда ҳам коронавирус муаммога айланди. Душанба куни терма жамоа етакчиларидан бири Деян Кулушевски топширган тест натижаси мусбат чиқди (у терма жамоа билан Гётеборгдаги базага учиб кетмай, Стокҳолмда қолган), кўп ўтмай «Болонья» ҳавбеки Маттиас Сванбергда ҳам вирус аниқланди.

Aftonbladet нашри маълумотига кўра, мусбат натижа ҳақида футболчи машғулотларга киришганидан кейин маълум бўлган. Ҳозирда Сванберг жамоадан ажратилган ва у яна бир текширувдан ўтиши керак.

Швеция термаси раҳбари касалланган футболчилар ўрнига янгиларини жалб қилмаслиги, футболчилар тезда соғайишига умид қилиши ҳақида эълон қилиб бўлган.

Испания ва Швеция ўйини кейинроққа қолдирилмайди. УЕФА протоколига кўра, жамоалар 13 футболчи (дарвозабон ҳам) йиға олса, майдонга чиқишга тайёр ҳисобланади. Бу икки жамоа ўйини биринчи турда бўлиб ўтади, турнир регаламентига кўра, ўйин бошланишидан 48 соат олдин заявкага исталганча ўзгартиришлар киритиш мумкин.

Тахминий бошланғич таркиб: Ольсен – Линделёф, Даниэльссон, Бенгстон, Лустиг – С.Ларссон, Олссон – Классон, Форсберг – Берг, Исак.

Швеция: Евро-2020 учун прогноз
Андерсон терма жамоадаги кўп йиллик фаолияти давомида иш берган тизимга содиқлигича қолмоқда: тўпни рақибга топширган ҳолатда ҳимояга эътибор қаратиб 4-4-2 схемасида ҳаракатланиш. Швеция бир ўйинда испанларга жиддий қаршилик кўрсатиб очко олиши ҳам мумкин, аммо улар нимчоракка иккинчи йўлланма учун Польша билан рақобатлашади.

СЛОВАКИЯ

  • ФИФА рейтингидаги ўрни — 36
  • Евро-2020га йўл — 4 ғалаба, 1 дуранг, 3 мағлубият, тўплар нисбати — 13-11, Плей-офф: Ирландия — 0:0, пенальтилар бўйича 4:2, Шимолий Ирландия — 2:1
  • Саралаш турниридаги энг яхши тўпурарлар — Роберт Боженик, Марек Ҳамшик, Юрай Куцка (3тадан гол)
  • Евро тарихидаги энг яхши натижаси — 1/8 финал (2016)

Словакия бош мураббийи

Штефан Таркович асосий жамоа сари 7 йил йўл босган. 2013 йил июлида у бош мураббийга ассистент бўлган, 2018 йилда бир ҳафта давомида вақтинчалик бош мураббий вазифасини бажарган, 2020 йил январида техник директор этиб тайинланган. Ниҳоят, 2020 йил октябрида Таркович 2021 йил охиригача шартнома асосида бош мураббий этиб тайинланади. Унинг бошқарувида Словакия ўтиш ўйинлари орқали Евро-2020га йўлланма олди, шу билан бирга Миллатлар лигасида С дивизионга тушиб кетди. Тўғри, Таркович етти ўйиндан фақат биттасида мағлуб бўлган, шу йил мартида эса ЖЧ-2022 саралаши доирасида Россия термасини мағлуб этган.

Асосий юлдуз
Евро-2016дан буён беш йил ўтди, хотиралар эса ҳали эскиргани йўқ: Россияга қарши ўйиннинг 45-дақиқасида, Марек Ҳамшик чап қанотдан рақиб жарима майдонига ёриб кириб қайтариб бўлмас зарба беради ва жамоаси устунлигини оширади - 2:0. Бу зарба Леонид Слуцкийнинг истеъфосини муқаррар қилганди. Ҳозир 2021 йил, Ҳамшик эса 33 ёшда, Евро-2020га яхши тайёргарлик кўриш учун у март ойида Хитой лигасидан Швециянинг «Гётеборг» клубига кўчиб ўтди. «Наполи» афсонаси терма жамоа учун 126 ўйин ўтказиб улгурган, унинг ҳисобида 26 гол бор (икки кўрсаткич бўйича ҳам жамоа рекордчиси). Барча ўйинларда ҳам бошланғич таркибда тушмаётган бўлса-да, айнан Ҳамшик жамоани Евро-2020га етакчиси сифатида бошлаб келди.

Таркиб
Дубравка — дарвозада, Губочан, Шкриньяр, Шатка, Пекарик — ҳимояда, Хрошовски ва Куцка — таянч зонасида, олдинроқда Мак, Дуда ва Кошельник, ҳужумда — Боженик. Словакияда юқори савияли футболчилар у қадар кўп эмас, шу туфайли юқоридаги таркиб барқарор ўйнаб келади.

Тахминий бошланғич таркиб: Дубравка – Шкриньяр, Шатка, Пекарик, Губочан – Хрошовски, Куцка – Дуда, Кошельник, Мак – Боженик.

Словакия: Евро-2020 учун прогноз
E гуруҳида Словакия яққол аутсайдер. Бу ерда хаёлотга ўрин йўқ — словаклар ҳали Испанияни енгмаган, Швеция ва Польша ҳам таркиб ва ўйин жиҳатидан бир бош баланд ва бу Таркович шогирдлари имкониятларини кескин пасайтиради. Фақат Луис Энрике жамоаси ва Левандовскига қарши жон-жаҳди билан ўйнаш, Швецияга қарши илк ғалабага айнан шу Еврода эришишга умид қилиш қолади.

Евро-2020: Е гуруҳи тақвими
14 июнь
21.00 Польша — Словакия (Санкт-Петербург)
00.00 Испания — Швеция (Севилья)

18 июнь
18.00 Швеция — Словакия (Санкт-Петербург)

19 июнь
00.00 Испания — Польша (Севилья)

23 июнь
21.00 Швеция — Польша (Санкт-Петербург)
21.00 Словакия — Испания (Севилья)

Мавзуга оид