Спорт | 15:46 / 12.06.2021
36430
9 дақиқада ўқилади

«Нотўғри йўлда юрганимни кеч тушунгандим». Хатолари қимматга тушган юлдузча – Темур Ҳакимов билан очиқ интервью

Роппа-росса 10 йил аввал – 2011 йилнинг ёзида Мексикада ўтган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон (U-17) жамоаси ўз тарихида илк марта яримфинал остонасигача етиб бориб, катта шов-шувларга сабаб бўлганди. Ўсмирларимиз сафида ёрқин порлаган 17 ёшли Темур Ҳакимов нафақат Ўзбекистон, балки Мексиканинг ўзида ҳам мухлислар «ёқимтойи»га айланганди. Ўшанда ўзбек футболи юлдузи бўлиши кутилган Ҳакимов ҳозирда «Динамо» сафида Суперлига йўлланмаси учун кураш олиб бормоқда. #FootWeek кўрсатуви ижодкорлари яқинда Самарқандда бўлиб, Темур Ҳакимов билан суҳбатлашишди. Қаҳрамонимиз юлдузли давридан 10 йил ўтиб, ҳозирги фаолияти, мақсадлари ва ўша пайтдаги хатолари ҳақида очиқ гапирди.

 «Динамо»да яхши коллектив йиғилган»

- «Динамо» жамоасига мавсум олдидан қўшилгандим. Жамоа мураббийлар штабидаги Дилшод ака Шарофетдинов билан «Пахтакор»даги фаолиятимда бирга ўйнаганман. У киши жамоада ўзимни синаб кўришга чақирганди. Ҳозирда Про лигада 1-давра якунига етди. «Динамо» мавсумни яхши бошлаганди, 1-даврада учта ўйинда ютқаздик, ўшанда ҳам ўйин жиҳатдан рақибдан кучсиз эмасдик. Шунга қарамай, охирги ўйинлардаги ғалабалар эвазига яхши ўринга чиқиб олдик. Энг асосийси – Самарқандда курашувчан, яхши коллектив йиғилган. Ким асосий таркибда ўйнайди ёки захирада қолади – фарқи йўқ, барча бир-бирини қўллаб-қувватлайди, майдонда курашади. Жамоага «Agromir» ҳомийлик қилади, маошлар ўз вақтида бериб борилади, умуман бу борада ҳеч қандай муаммо йўқ. Клубдаги бир ойлик маошим 5 миллион сўм.

Мавсум бошида асосий таркибда эдим, аммо сўнгги ўйинларда асосан захирадан майдонга тушиб ёрдам беришга интиляпман. Кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишни истардим, аммо барчаси мураббийимизнинг қарорига боғлиқ. Ким жамоага кўпроқ ёрдам берса, ўша майдонга тушади. Ҳозирги мақсадим клуб билан Суперлигага чиқиш.

 Юлдузлик касали, ҳаётда йўл қўйган хатолари ва отасиз ўсгани ҳақида

- Ўтган йиллар давомидаги ҳамма воқеаларни айтиб берсам, интервью 4 соатга чўзилади. Қисқароқ қилиб гапирадиган бўлсам, кўп хатоларга йўл қўйганман. Ҳамма билади, Мексикадаги турнирдан кейин ўша пайтда футболни танламай, бошқа йўлларни танлаганман. Айни машғулотларга зўр бериш керак бўлган пайтларда, нотўғри йўлларда юрганман. Мисол учун, тенгдошларим машғулотларда қатнашиб, ўз вақтида дам олиб режимга амал қилишса, мен машғулотлардан кейин дам олмай, ресторанларда кўп юрардим, қизлар, ичкилик...

Афсуски, футболда деярли ҳамма нарсани йўқотиб бўлганимдан кейингина нотўғри йўлда юрганимни тушунгандим. Бу йўлдан қайтиш ҳақида айтишган, аммо қулоқ солмаганман. Чунки ўша ёшликдаги юлдузли давр шу кетишда давом этади, деб ўйлаганман. Ҳаммаси ўзимизда ўтган Осиё чемпионати ва 2011 йилги Мексикадаги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин бошланган. Отасиз ўсганим учун мени ҳеч ким бу йўлдан қайтариб қололмаган. Уйдагиларим фақат аёллар – онам, бувим, улар майдондаги муваффақиятларимга хурсанд бўлишарди, аммо кўчадаги юришларимни билишмасди. Мураббийлар ҳам нима қилиб юрганимни билишмаган, шунга қарамай гапиришган, аммо ўзимни катта бола бўлиб қолдим деб ўйлаганман.

 

«Пахтакор»дан кетгани, Бабаян билан муносабати совуқлашгани ҳақида

- Ҳа, ўша пайтлар «Пахтакор»да эдим. Аммо клубдан кетишимга ўзимни тутишим сабаб бўлмаган. Ўзим клубдан кетишни истаб, ҳужжатларимни олганман. Самвел ака мени ўйнатмаган. Имконият берган, аммо бундан фойдалана олмаганман. Ўшандан кейин ҳам Ўзбекистон олимпия жамоасига чақирган, клубга ҳам таклиф қилганди. Аммо ўзим ўшанда «Пахтакор»да ўйнамайман деганман. Бу ҳам менинг хатоим бўлган. Аслида клубга қайтишим керак эди.

Ҳа, Самвел Бабаян билан орамизда келишмовчилик бор эди. Сабаби, бошқа клублар мени чақирганида хориж жамоаларига қўйиб юбормай, Қозоннинг «Рубин» клуби ўринбосарларига жўнатганди. У ердан ўзим қайтиб келдим. Чунки унгача мен «Пахтакор» асосий таркибида эдим, мени эса «Рубин»даги ёш болалар билан ўйнашга юборишганди. 17-18 ёшда эдим, ўзим ҳам зерикканман ва қайтгандим. Ўшандан кейин «Пахтакор»да машғулот ўтказиб юрдим, ўйнатмади, ўрнимга Игорёкни (Игорь Сергеев) ўйнатди. Тўғри қилган экан.

Ўшанда «Зенит»дан, «Рубин»дан ва бошқа клублардан алоқага чиқиб, мени жамоаларига таклиф қилишган, аммо ўзимга эмас, асосан клубимиздан Самвел Бабаян ва ёшлар жамоамиздаги Алексей Евстафеевга чиқишган. Ўша пайтлардаги фаолиятимда мураббийларнинг ҳам хатоси бўлган. Масалан, 1-2 учрашувда ўйиним ўхшамай қолганида ҳам, «тортишмаган». Аксарият мураббийлар кўпгина футболчиларнинг ўйини ўхшамаса ҳам, 5-10та ўйинда ҳам имконият бераверади ва бир кун келиб ўша ўйинчи ўз аравасини тортиб кетади. Мени фаолиятимда эса шунақа мураббий бўлмаган. Евстафеев ўсмирлар жамоасидаги фаолиятимиздан кейин ҳаётимиздан йўқолиб қолганди. Айтайлик, ўзим мураббий бўлсам, ёш болани Олий лигага етиб боришигача шогирдим сифатида қўллаб-қувватлайман, Олий лигада ўйнаб кетгач, бўлди, дейман. Евстафеев яхши мураббий, яхши инсон, аммо керакли жойда Олий лигада мослашишимизга ёрдам бера олмаган, деб ўйлайман. Аммо катта айб барибир ўзимда деб биламан.

 Вақтни ортга суриш имкони бўлганида нимани ўзгартирарди?

- Ўзи охирги пайтларда фаолиятим аслида қандай кечиши керак эди, деб кўп ўйлайман. Ҳозир 27 ёшдаман, ўша воқеалардан кейин ҳам 10 йил вақт ўтди. Тақдир экан, эҳтимол ҳаммаси шундай бўлиши керакдир. Вақтни ортга суришнинг имкони бўлганида нимани ўзгартирардим? Кўп нарсани. Мисол учун, биринчи навбатда намоз ўқишни аввалроқ бошлаган бўлардим. Кейинги навбатда бор эътиборимни фақат ва фақат футболга қаратган бўлардим. Чунки футбол берадиганини менга бошқа ҳеч нарса бера олмайди. Футбол – ҳаётим. Бу тирикчилик эмас, футболни фақат пул учун ўйнамайман. Яхши кўрганим учун ўйнайман. Ҳозирги ёшимда кўпроқ ўйнашим керак, ўшанда буёғига ҳам эплаб кетаман. Бошқа клублардан ҳозирча таклифим йўқ. Йил бошида эса «Динамо»га ўтганимдан кейин «Машъал» ва «Локомотив» ҳам чақирган эди. Аввалги йиллар эса «Оқтепа», «Қўқон-1912», «Нефтчи», «Сўғдиёна» клубларида тўп сурдим.

Ёшни қисқартириш, ёшлар нега жаҳон чемпионатига чиқа олмаётгани ҳақида

- Ёшим ҳақиқийми? Албатта, буни исталган жойда бемалол айта оламан. Ўша пайтларда ёшни қисқартириш ўзбек футболидаги касаллик эди, аммо менда ундай бўлмаган. Ҳозир ҳам бундай ишлар бор ёки йўқлигини билмайман. Умуман олганда, ҳозирда Ўзбекистонда яққол ажралиб чиққан ёш иқтидорларнинг ўзи йўқ, деб ўйлайман. Биздан кейин яна иккита жамоа жаҳон чемпионатларида қатнашди, аммо сўнгги йилларда 16, 17 ёки 20 ёшли жамоаларимиз жаҳон чемпионатига чиқа олишмаяпти. Муаммо мураббийлардами? Йўқ, яхши ёш мураббийлар ҳам чиқишмоқда. Олимпия жамоамиз бош мураббийи Темур Кападзени кўрсатиш мумкин. Темур ака келажакда Ўзбекистон миллий жамоасини бошқаришига ишонаман.

Хатоларини такрорламаслик ҳақида ёш ўйинчиларга маслаҳати

- Тўғри, ҳали маслаҳат берадиган ёшда эмасман, аммо ўтган йиллар давомида кўп хатоларга йўл қўйганим боис, ўсаётган ёш ўйинчилар мендек хатоларни қилмасликлари учун уларга маслаҳатим – бор эътиборларини фақат футболга қаратишсин. Фақат бир кунни ўйламай, эртаси билан ҳам яшашсин. Нимадир ўхшамай қолган тақдирда ҳам ҳеч қачон ўз устида ишлашдан тўхташмасин. Ўшанда Аллоҳ унга албатта беради. Қўлимда чизилган «тату»лар ҳам ўша даврдаги хатоларимни эслатади. Ўчиришга ҳаракат қилдим, аммо қўлим куйиб, қийналдим. Технологиялар ривожланаверса, тез орада ўчириб ташлайман. Ёшлар бундай хатолар қилишмасин.

Бобур Акмалов суҳбатлашди.

Мавзуга оид