Жаҳон | 10:37 / 14.06.2021
5496
2 дақиқада ўқилади

Бразилия президенти ниқоб тақмагани учун яна жаримага тортилди

Фото: Reuters

Бразилия президенти Жаир Болсонару Сан-Паулу штатида мотокарвон вақтида ҳимоя ниқоби тақмагани учун жаримага тортилди. Болсонаруга май ойида ҳам худди шу сабабга кўра жарима солинганди.

Associated Press ахборот агентлигининг хабар қилишича, 12 июнда ўтган тадбирда 12 минг мотоциклчи иштирок этган. Улардан аксарияти ҳимоя шлемида, бироқ ниқобсиз бўлган. 

Штатда 2020 йил май ойидан бери жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган. Унга амал қилмаслик 110 долларга тенг жарима билан жазоланади.

Болсонару мотокарвон вақтида ўз тарафдорлари билан бирга ҳаракатланган, сўнгра одамлар билан мулоқот қилган.

Бразилия президентининг фикрича, коронавирусга қарши тўлиқ эмланганларга ниқоб тақиш зарур эмас, чунки улар «бошқаларга вирус юқтирмайди». Бунинг аксини таъкидлайдиганлар эса «фанга ишонмайдилар».

Бу орада АҚШнинг касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази тўлиқ эмланган одамлардан ҳам вирус юқиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Бразилия соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда аҳолининг 12 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг икки дозасини олган. Аксарият мутахассисларнинг таъкидлашича, аҳолининг катта қисми эмлангандан кейин ниқобларга зарурат қолмайди.   

Болсонару май ойида ҳам Маранян штатидаги намойиш вақтида ниқобсиз бўлгани учун жаримага тортилганди.

Мавзуга оид