UZEX: фьючерс савдолари бўйича АҚШ давлат ташкилотлари ва хусусий компаниялари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди
2021 йил 3-10 июнь кунлари Ўзбекистон республика товар-хомашё биржаси вакиллари АҚШга хизмат сафарини уюштиришди. Хизмат сафари давомида биржа вакиллари АҚШнинг Нью-Йорк, Вашингтон ва Чикаго шаҳарларига ташриф буюришди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 17 мартдаги ПҚ-5031-сон “Юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этишни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ижросини таъминлаш доирасида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш учун АҚШ биржалари, давлат назорат органлари, брокерлик идоралари, софтвер ва IT компаниялари билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат эди.
Ташрифнинг дастлабки қисмида Ўзбекистон биржа вакилларининг АҚШнинг Товар фьючерс савдолари бўйича комиссияси (CFTC) ва “Connomara systems LLC” компаниясининг раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг АҚШдаги элчихонаси кўмагида АҚШ Савдо вазирлигининг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) маслаҳатчиси Майкл Кофилд (Michael Cofield) ва Товар фьючерс савдолари бўйича комиссияси (CFTC) директорининг ўринбосари Кевин Пикколи (Kevin Piccoli) билан уч томонлама учрашув ўтказилди.
Учрашувда АҚШда дериватив бозорларининг ҳуқуқий асослари, норматив-ҳуқуқий базаси, товар сегментида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш ва ўтказишни давлат ҳамда биржалар томонидан назорат қилиш масалалари ўрганилди ва муҳокама қилинди.
Ўтказилган музокаралар натижаларига кўра АҚШ тарафидан фьючерс савдоларини ўтказишга доир норматив-ҳуқуқий актларни таржимаси таъминланган ҳолда тақдим этиш, фьючерс бозорларини назорат қилиш бўйича маслаҳатлар бериш, соҳа экспертларини жалб қилиш, шунингдек фьючерс савдоларини Ўзбекистон бозорида амалиётда татбиқ қилишга ҳар томонлама кўмаклашишга келишиб олинди.
Таъкидлаш лозимки, Товар фьючерс савдолари бўйича комиссияси (CFTC) АҚШнинг “Товар биржалари тўғрисида”ги қонун ижросини назорат қилувчи марказий давлат бошқарув органи ҳисобланади. Комиссиянинг асосий вазифаси фьючерс савдо иштирокчиларини қоидабузарлик ва фирибгарликдан ҳимоя қилиш, ҳамда фьючерс савдоларини назорат қилишдан иборатдир.
Иккинчи учрашув АҚШ нинг “Connomara systems LLC” софтвер компаниясининг (Чикаго) асосчиси ва раҳбари Джеймс Даунс (James Downs) ва унинг жамоаси билан ўтказилди.
Ўтказилган музокаралар натижасига кўра томонлар бир қатор келишувларга эришди, шу жумладан биржа ва хорижий компания ўртасида ўзаро англашув тўғрисида меморандум имзоланди. Мазкур Меморандумга мувофиқ, томонлар Ўзбекистон биржаси учун фьючерс савдолари бўйича дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва замонавий IT технологияларини жорий қилиш йўналишида ҳамкорлик қилади.
Шунингдек, музокаралар якунида хорижий компания Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасида фьючерс савдоларини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича аниқ таклифларни киритди.
Хусусан, “Connomara systems LLC” компанияси Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасига лицензия асосида фьючерс савдолари бўйича тайёр дастурий маҳсулотларни тақдим этиш ёки белгиланган талабларидан келиб чиққан ҳолда биржа учун алоҳида дастурларни ёзиш ва амалиётда жорий этишга тайёр эканлигини билдирди.
Киритилган таклифларга биноан хорижий компания Ўзбекистон биржасида фьючерс шартномалари бўйича электрон савдолар тизимларини жорий этиш билан бирга, мазкур тизимларни локал клиринг тизимига интеграциялаш, савдо тизимларини тестдан ўтказиш ва уларни техник қўллаб-қувватлаш хизматларини ҳам кўрсатади.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, “Connomara systems LLC” компанияси 1998 йилдан буён биржалар, банклар ва молия бозорларига дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, тестдан ўтказиш ва техник қўллаб-қувватлаш бўйича инжиринг хизматларини кўрсатади.
Компания биржа савдо платформалари, буюртмалар ва метчинг механизмлари, савдо интерфейслари, маълумотлар базаси, бошқа дастурлар ва мобиль иловаларни ишлаб чиқади. Компаниянинг фьючерс савдолари тизимлари асосан замонавий FIX API (молиявий маълумотлар билан айирбошлаш) технологияларига асосланган.
“Connomara systems LLC” компаниясининг йирик мижозларига Чикаго товар биржалари гуруҳи (CME Group), Америка молия биржаси (AFX), Morgan Stanley - Америка молия конгламеранти, Eris Exchange - Чикаго деривативалар бозори, Cargill - Америка озиқ-овқат компанияси , Deutshe Boerse Group - биржа холдинги, Миннеаполис буғдой биржаси (MGEX), Малайзия деривативлар биржаси (BMD), Дубай товар биржаси (DME), Корея фонд биржаси (KRX), Мексика деривативлар биржаси (MexDer) киради.
“ЎзРТХБ” АЖ PR бўлими Ⓣ
Мавзуга оид
10:00 / 05.07.2022
Биржада илк бор синтетик дизель ёқилғиси сотилди
16:20 / 21.06.2022
АҚШ давлат ташкилотлари вакиллари биржага ташриф буюришди
14:01 / 02.04.2022
Биржанинг avtoraqam.uzex.uz савдо тизимида 86,7 млрд сўмлик авторақамлар сотилди
19:30 / 01.04.2022