Жаҳон | 11:02 / 15.06.2021
8244
2 дақиқада ўқилади

Ҳонгконгда 5 гектар ер майдони 7 миллиард доллардан кўпроққа сотилиши мумкин

Ҳонгконг ҳукумати шаҳарнинг ишбилармонлик маркази Central’да жойлашган ер майдонини кимошди савдосига қўйди. Тахминларга кўра, 5 гектарга яқин ушбу ер майдони рекорд нархга – 7 млрд доллардан кўпроққа сотилиши мумкин. Бу ҳақда кўчмас мулк бозори таҳлилчиларига таяниб South China Morning Post нашри маълум қилди.

Гап 48 минг квадрат метр ер майдони ҳақида бормоқда. У Виктория бандаргоҳи соҳилидаги сунъий қуруқликда, Халқаро молия марказининг 88 қаватли биноси ёнида жойлашган.

Ер майдонини сотиб олишда етакчи девелоперлик конгломератлари иштирок этишни режалаштирмоқда. Маҳаллий риэлторлик фирмаларидан бирининг директори Винсент Чэннинг таъкидлашича, ер майдони учун таклиф қилинадиган максимал сумма 55 млрд Ҳонгконг долларига (7,1 млрд долларга) етиши мумкин.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, дунёдаги энг қиммат ҳисобланувчи Ҳонгконг кўчмас мулк бозоридаги вазият 2019 йилда ҳукуматга қарши ўтган оммавий намойишлар ва пандемия келтириб чиқарган иқтисодий инқироздан кейин аста-секин тикланмоқда.

Ҳозирда шаҳарда сотилган энг қиммат ер майдони Коулун яриморолининг ғарбида жойлашган бўлиб, у 2019 йилда 5,4 млрд долларга харид қилинган. 

Ҳонгконг ҳукумат аукционларида ер сотишдан оладиган даромад унинг бюджети муҳим манбаларидан бири ҳисобланади. Мегаполисда квартиралар, офис, савдо майдонлари ва автотураргоҳларнинг юқори нархдалиги у ерда бўш ер танқислиги ва унинг қояли ҳудудда жойлашгани билан тушунтирилади. Бундай шароитларда кўплаб қурилиш лойиҳаларини денгизда ҳосил қилинган сунъий қуруқликда амалга оширишга тўғри келади, бу эса қўшимча харажатларга сабаб бўлади.

Мавзуга оид