Жамият | 11:22 / 16.06.2021
8200
9 дақиқада ўқилади

Таймс скверидаги кутилмаган совға, талабага соҳа танлашдаги эркинлик — “Morgan Stanley” ходими Достонбек Тоиров билан суҳбат

UzbekLife хорижий мамлакатлардаги ҳамюртлар билан интервюларни давом эттиради. Навбатдаги суҳбатдошимиз ёш ўзбекистонлик дастурчи Достонбек Тоиров.

У яқинда АҚШнинг Кентукки штатидаги Береа коллежини тамомлади. Ҳозирги кунда у “Morgan Stanley” ширкатида меҳнат фаолиятини бошлаган.

Мен 1998 йил Андижон вилояти Хўжаобод туманида туғилганман. Ота-онам биз фарзандларнинг таълим ва тарбиямизга алоҳида эътибор қаратишган. Шу боис, 6 ёшимдан Андижон шаҳридаги 34-давлат ихтисослаштирилган мактабида ўқидим. Мактаб даврида ҳам уларнинг фанларни яхши ўзлаштиришимга нисбатан эътибори кучли эди. Ўқишга бўлган кучли қизиқишим, ота-онам ва устозларимнинг билим борасидаги кўмаги сабаб мактабни имтиёзли шаҳодатнома билан тамомладим. Сўнг Андижон давлат университети қошидаги 5-сонли академик лицейда таҳсил олдим. Яқинда Кентукки штатидаги Береа коллежини “Компьютер ва ахборот фанлари”, “Математика ва бизнес бошқаруви” йўналишларида тамомладим. Ҳозирда “Morgan Stanley” ширкатида меҳнат фаолиятимни бошлаганман.

Амалиётнинг дастлабки кунлари унутилмас воқеа содир бўлган

“Morgan Stanley”да ўтган йили маълум муддат амалиёт ўтаганман. Амалиётга қабул қилиниш жараёнини “Red Hat” компаниясида стажировкамни якунлашга яқин бошланган. Яъни “Morgan Stanley”да ишлайдиган танишим билан боғланиб ундан тавсиянома олганман. Аризани топширганимдан бир ой ўтиб, мени уларнинг Нью-Йоркдаги бош офисига интервьюга чақиришди. Интервьюда ширкатнинг икки вакили билан техникавий, хулқий ва шу каби бошқа мавзуларда савол-жавоб бўлди. Кейин бир ҳафта ўтиб, интервьюдан муваффақиятли ўтганим тўғрисида қўнғироқ қилишди. Шу тариқа “Morgan Stanley”да амалиётни ўтаганман. Амалиётнинг дастлабки кунлари мен учун унутилмас воқеа содир бўлган. Аниқроғи, компания маъмурияти ташаббуси билан Нью-Йоркнинг машҳур Таймс скверидаги улкан пешлавҳада менинг исм-шарифим ва суратим эълон қилинган. Бундан ниҳоятда хурсанд бўлганман.

Молиявий сабабларга кўра тўлиқ грант олиб ўқиш мен учун жуда муҳим эди

Андижонда ўқиб юрган кезларимдан қўшимча хорижий тилларни айниқса, инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳаракат қилганман. Мақсадим, хорижнинг нуфузли таълим даргоҳларида ўқиш бўлган. Береа коллежи ҳақида лицейнинг биринчи босқичида ўқиётганимда эшитганман ва айнан Береада ўқиш мен учун муҳим мақсадга айланганди. Лекин лицейни тугатиб баъзи сабаблар билан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университетига ҳужжат топширдим. Университетга афсуски грантга эмас, балки контракт асосида қабул қилиндим. Шу туфайли ҳам яна Береа коллежига топшириш иштиёқи пайдо бўлди. 2016 йил ноябрь ойида барча керакли ҳужжатларни тайёрлаб коллеж маъмуриятига юбордим. Шундай бўлса-да, Вестминстер университетидаги ўқишни ташлаб қўйганим йўқ. 2017 йил апрель ойининг бошларида Береа коллежидан ўқишга қабул қилинганлигим тўғрисида хат келган.

Бу ерга келишимнинг яна бир асосий сабабларидан бири – Қўшма Штатларнинг юқори даражадаги сифатли таълим тизими, айниқса, мен танлаган соҳада. Ундан ташқари, молиявий сабабларга кўра, тўлиқ грант олиб ўқиш мен учун жуда муҳим эди. Береа коллежи эса 4 йиллик ўқиш учун барча харажатларни қоплаб берувчи грантни тақдим этган.

Береани талабалар шаҳарчаси дегувчилар бор

Коллежим Береа шаҳарчасида жойлашган. Шаҳар адирлар ва кичик ўрмондан иборат яшил табиатли ҳудуд. Коллеж шаҳарнинг катта қисмини эгаллаган. Береани талабалар шаҳарчаси дегувчилар ҳам бор. Коллежда дунёнинг 120 дан зиёд давлатлари ва АҚШнинг деярли барча штатларидан келган 1600 дан ортиқ талабалар таҳсил олишади. Береа коллежи 60 дан кўп биноларни ўз ичига олган. Улардан 15 га яқини талабалар ётоқхонаси, улкан кутубхона, спорт комплекси, аниқ фанлар ва бошқалардан иборат.

Қолаверса, коллежда талабалар дарслардан ташқари компусда тайинланган ишларда ҳафтасига 10–15 соат ишлашлари лозим. Бу ишга албатта ойлик тўланади. Талабалар ишдан топган пулларини ўзларининг шахсий харажатлари учун сарфлашлари мумкин.

“Фаровон ҳаётга фақат юксак билим ҳамда катта меҳнат ортидан эришиш мумкин...”

Мен мулоқотда бўлган америкаликлар орқали улар ҳақида кўп нарсаларни ўргандим. Менга ёққан жиҳатлардан уларнинг ўзаро мулоқотда самимийлик ва дўстоналикка интилиши бўлди. Мисол учун, қаерга борманг, айниқса, ўқиш ва иш жойларида нотаниш америкалик, у ёш ёки кекса бўлсин, мулоқотда профессионаллик билан жавоб беришига гувоҳ бўласиз.

Шунингдек, кўплаб америкаликлар жуда меҳнаткаш ва билим олишга эътибор беришади. Уларнинг ёши 40 – 50 дан ошган бўлса ҳам, университет ёки коллежга бориб таълим олишдан уялишмайди. Уларда фаровон ҳаётга фақат юксак билим ҳамда катта меҳнат ортидан эришиш мумкин, деган ғоя шаклланган.

Улар иш ва ўқиш билан бирга дам олиш, ҳордиқ чиқаришга ҳам яхшигина эътиборлидир. Аксарият америкаликлар ҳафтада 5 кун ишлашади (кўпинча кунлик 8 соат), қолган 2 кунини оила ва дўстлар билан турли машғулотлар ҳамда дам олиш билан ўтказишади.

АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб ўйлаганман

Болаликдан АҚШни янгиликлар, янги кашфиётлар маркази деб ўйлаганман. Ва бу ерга келиб фикрларим кўп жиҳатдан ўзини оқлади. Ҳақиқатан ҳам АҚШ йирик молиявий ва инновацион марказ. Ўрганадиган тажрибалар талайгина.

Ўйлашимча, АҚШнинг фуқароларга индивидуал шароитлар яратиб бераётгани, қонун ҳимоясининг тўлиқ ишлаши, ютуқлар ва ғояларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мамлакатнинг бугунги мавқейига сабаб бўлган. Энг муҳими, бу ерда фуқаронинг ёши, ижтимоий келиб чиқиши, мансабидан қатъи назар ўз ғояси ёки бизнесини бошлаш учун барча керакли манбалар ва қонунчилик механизми етарлича яратилган.

Талаба қайси соҳада ўқишини талаба бўлганидан кейин ҳам ҳал қила олади

Ўзбекистон ва АҚШ таълим тизимида аксарият ўхшашликларни кўриш мумкин. Мисол учун таълим давомийлиги, Ўзбекистондагидек бошланғич, ўрта ва юқори босқичдан иборат. 11 йиллик мактаб тизими ва 4 йиллик бакалавриат ва ҳоказо. Лекин менинг фикримча, АҚШнинг таълим тизимида Ўзбекистонга нисбатан фарқлар ҳам кўп. Ўзбекистонда буларнинг энг мақбулларини жорий этиш ҳар томонлама фойдали бўлади.

Масалан, АҚШ таълим тизимида талабаларга катта эркинлик берилган. Олий таълим муассасаларида талаба қайси соҳада ўқишини талаба бўлганидан кейин ҳам ҳал қила олади ва энг қизиғи 4 йил давомида ўқиётган соҳасини бир неча марта ўзгартириши ҳам мумкин.

Шунингдек, Қўшма Штатларда ўқишни тамомлаш кўп ҳолларда Ўзбекистондаги каби вақт билан ўлчанмайди. Балки таълимда кредит курс амал қилади. Мисол учун, бизда бакалавр даражасини олиш учун талаба 4 йил тўлиқ ўқишга мажбур. Америка тизимида талабаларга ўқув дастури берилади ва агар улар мана шу дастурдаги барча курсларни ўқиб тугатса, 3 йилда ҳам бакалавр дипломини қўлга кирита олади.

АҚШ таълим тизимининг яна бир афзаллиги – талабалар дарс режаларини ўзлари тузади. Яъни талабалар қандай дарслар олишни мустақил ҳал қиладилар. Талаба хоҳласа соҳасига алоқадор бўлмаган фанларни ҳам ўқиш имкониятига эга.

Билишимча, Ўзбекистон олий таълим тизимида талабалар учун 4 йиллик дарс ва курслар режаси олдиндан тасдиқланади. Бу тизимдан босқичма-босқич воз кечиш керак, деб ўйлайман.

Келажагимни Ўзбекистонда кўраман

Келажакдаги мақсадларим кўп. Булардан энг асосийси танлаган соҳамда билим ва тажрибаларимни кўпайтириб, профессионал даражага етишиш ва шу орқали бошқалар учун яхшилик келтирадиган ишларни амалга оширишдир.

Ўйлашимча, ҳар бир одам ёшлигидан олган таълимни, ўзлаштириб келган билимларини, тўплаган тажрибаларини жамиятдан олинган қарз сифатида қабул қилиши керак. Бир кун келиб биз уларни жамиятга қайтаришимиз зарур: кимдир таълим бериш орқали, кимдир хайрия қилиш, яна кимдир шунчаки тажрибаларини ўртоқлашиш орқали. Шу маънода мен ҳам етук мутахассис бўлиб, ҳозир бўлмаса-да, кейинроқ, албатта, юртимизга қайтаман. Чунки келажагимни ва тақдиримни Ўзбекистондан йироқда тасаввур қилмаганман.

Аслиддин Аннаев суҳбатлашди.

Мавзуга оид