Жаҳон | 18:44 / 17.06.2021
5282
2 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида вакцина олмаган ҳайдовчиларнинг ишлашига рухсат берилмайди

Эндиликда Москва вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари назорат пунктларида ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари қаторида вакцина олгани ҳақидаги QR-код ёки эмланганлик паспортини текширади.

Фото: vmo24.ru

Москва вилоятида таксичилар ва жамоат транспорти ҳайдовчилари коронавирусга қарши эмланмаган бўлса, маршрутларга қўйилмайди. Бу ҳақда вилоят губернатори ўринбосари Игор Тресков айтиб ўтган.

«Эмланмаган автобус ва такси ҳайдовчиларининг ишлашига рухсат этилмайди. Агрегаторлар орқали биз ушбу ҳайдовчиларнинг буюртмалардан узилишини таъминлаймиз. Муддат — 15 июль», деди Тресков губернатор Андрей Воробёв билан учрашувда.

Қайд этилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари назорат пунктларида ҳайдовчиларнинг ҳужжатлари қаторида вакцина олгани ҳақидаги QR-код ёки эмланганлик паспортини текширади. Ҳайдовчилар эмлаш зарурлиги тўғрисида транспорт вазирлигидан хабар олишади, шундан сўнг улар қаерда ва қачон эмланишларини тасдиқлашлари керак.

Аввалроқ, Москва мэри Сергей Собянин коронавирус тарқалишини тўхтатиш билан боғлиқ янги чекловлар киритилиши тўғрисидаги фармонни имзолаганди. Унга кўра, 13 июндан 20 июнгача савдо марказлари ва бошқа жамоат жойларидаги болалар ўйингоҳлари ишламайди. Шунингдек, парклардаги аттракционлар ёпилади. Бундан ташқари, тунги муассасалар ва ресторанлар фаолияти чекланади.

Мавзуга оид