Ўзбекистон | 12:11 / 18.06.2021
21209
3 дақиқада ўқилади

Президент Андижон ва Янги Андижон шаҳарларини боғлаш учун метро қуриш масаласини ўрганиш бўйича топшириқ берди

Андижон вилояти фаоллари иштирокидаги йиғилишда Янги Андижон шаҳри инфратузилмаси масалалари ҳам муҳокама қилинди. Президент Шавкат Мирзиёев янги шаҳарда «Дамас» автомобиллари қатнови бўлмаслиги кераклигини, икки шаҳар ўртасида метро қуриш масаласини ўйлаб кўриш мумкинлигини айтиб ўтди.

«Кеча Андижон туманидаги 4 минг гектар адирлик ерларда барпо этиладиган Янги Андижон шаҳрига тамал тошини қўйдик.

Ушбу янги шаҳарда жами 130 мингдан ортиқ квартирали кўп қаватли уйлар, таълим, соғлиқни сақлаш, савдо ва хизмат кўрсатиш масканлари, саноат зоналари, яшил ҳудудлар ва инфратузилма объектлари қурилади.

Таъкидлаш керакки, Янги Андижон лойиҳаси – аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш билан бирга, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали, вилоятни ривожлантириш бўйича янги драйвер бўлади. 

Жумладан, қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полиэстер ва сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади.

Янги Андижон лойиҳасининг коммуникация тармоқларини  қуришни бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар ажратилади. Шулардан келиб чиқиб, 2022 йил 1 мартдан бошлаб Андижон шаҳри таркибида Янги Андижон тумани ташкил этилади.

[Транспорт вазири] Маҳкамов Янги Андижон ҳудудига тезкор транспорт қатновини ташкил қилиш мақсадида бир ой муддатда таклиф киритсин. Мана масалан икки шаҳар ўртасида метро қуриш масаласини ўйлаб кўринглар, ҳисоб-китоб қилиб, таклифлар киритинглар.

Самарали бўлса, амалга оширайлик. Янги Андижонда «Дамас» бўлмайди», дея давлат раҳбарининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Давлат раҳбари фаоллар йиғилишида Андижон йўллари муаммосига ҳам тўхталиб, вилоятдаги йўлларни таъмирлаш учун 450 млрд сўм ажратилиши, бу 2016 йилга нисбатан 50 баробар кўплигини таъкидлаб ўтди.

«Андижон шаҳрида йирик лойиҳа – Бобур шоҳ кўчасининг икки қисмини боғлайдиган ва Марказий темир йўл вокзали устидан ўтадиган, 700 метр узунликдаги кўприк қурилади. Натижада масофа 5 километрга, вақт сарфи эса 25 фоизга қисқариб, Андижон аҳлининг неча йиллик орзу-ниятлари амалга ошади.

Умуман, Андижон вилояти йўлларига 450 млрд сўм ажратяпмиз. 2016 йилда бунинг учун 9 млрд сўм берилган. Фарқ борми? 

Лекин бу пулларни қатъий назорат қилиш керак. Депутатлар, сизлар бунга бош қўшишларингиз зарур. Маблағнинг 20 фоизи депутатлар йўлларни имзо чекиб қабул қилиб олмагунча тўлаб берилмайди», деди давлат раҳбари.

Мавзуга оид