Ўзбекистон | 17:39 / 18.06.2021
40916
2 дақиқада ўқилади

Сўлим Шоҳимардонда саёҳат мавсуми бошланди — фотогалерея

Шоҳимардонда саёҳат мавсумини очиш бўйича тадбир бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров раҳбарлигидаги делегация Қирғизистоннинг Боткен вилояти раҳбарлари билан бирга Шоҳимардонни саёҳатга очиш жараёнида иштирок этишди.

Ҳазрат Али зиёратгоҳида бошланган учрашув Шоҳимардоннинг жанубий тарафида давом эттирилди, денгиз сатҳидан 3 000 метр баландликда, тоғлар бағрида жойлашган Қурбон кўлига ўтувчи осма дор йўлини қайта очиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбир сўнгида ўзбек ва қирғиз халқлари санъаткорлари иштирокидаги концерт намойиш қилинди.

Шоҳимардон — Ўзбекистоннинг Қирғизистон ҳудудида жойлашган эксклави. У Фарғона вилояти, Фарғона туманига қарайди. Қишлоқ аҳолиси 6500 кишидан зиёдроқ.

Шоҳимардоннинг тўрт томони ҳам тоғлардан иборат. Ҳудудидан Оқсув ва Кўксув сойлари оқиб ўтади. Бу сойлар Шоҳимардон қишлоғи марказида бирлашиб, Оқсув номи билан Қирғизистон ҳудуди орқали Водил қишлоғига етиб, Марғилонсой номи билан Марғилон шаҳри ва ундан кейинги қишлоқларгача етиб боради.

Шоҳимардон — Фарғона вилоятининг энг машҳур курорт маскани. Маҳаллий аҳоли қишлоқни «Фарғона Швейцарияси», деб ҳам аташади. Гўзал қишлоқ Оққия, Ёрдон қишлоқлари орасида жойлашган. Шу ерда тошбўрон қилинган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий хотирасига совет йилларида Ҳамзаобод деб атаб келинган. Кейинчалик унинг тарихий номи қайтарилган.

Чегарадаги муаммолар сабаб Шоҳимардон қишлоғи бир муддат жўшқин ҳаётдан узилиб қолганди. Туристлар оқими ҳам камайган.

Қишлоққа борган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров микроавтобуслар қатнови тикланиши, қишлоқ ободонлаштирилишини эълон қилди. Гўзал гўшада туризмни ривожлантириш борасида амалий ишлар бошлаб юборилди.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид