Жамият | 18:12 / 27.06.2021
17913
5 дақиқада ўқилади

Коронаможаро: 68 фуқаро Жанубий Кореяга ишлагани кетолмаяпти. Олдинроқ борганларда коронавирус аниқланган

Kun.uz'га Жанубий Кореяга ишга боришда муаммога дуч келаётган бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Тошкент шаҳрида тўпланган ишчиларнинг эътирозлари сабабини ўрганиш мақсадида воқеа жойида бўлдик.

Демак, ҳаммаси бундай бошланган. Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан минг нафар фуқарони Жанубий Кореяга мавсумий ишлаш учун юбориш режалаштирилган. Режага кўра 119 нафар фуқаро 23 июн куни Жанубий Кореяга жўнатилган. Улардан келишилган тартиб бўйича коронавирусга тест олинганда, 12 нафарида вирус аниқланган. Шу боис, қолган гуруҳлардаги ишчиларни қабул қилиш номаълум муддатга тўхтатилган. Тошкентда тўпланган 68 нафар ишчи июн ойи охирида Жанубий Кореяга жўнаб кетиши керак бўлиб, унгача 14 кун карантинда бўлиши талаб қилинган.

Юзага келган муаммолар Кореяга ишлашга кетиш учун Тошкентга келган фуқароларда норозилик уйғотган. Ишчилардан бири Эркин Қодировнинг айтишича, бир неча марта коронавирусга тест олинган ва жавоблар турлича чиққан.

«Коронавирусни аниқлаш тестига биринчи кун 270 минг сўмдан олишди. Кейинги сафар 350 минг сўмдан тўладик. Меҳмонхонага кунига 230 минг сўмдан тўлаб жойлашдик. 15 кундан бери шу ерда бўлганлар бор. Кореяга мавсумий ишлашга давлат томонидан юборамиз дейишди. Кетишга тайёр бўлиб турганимизда, 36 кишида вирус чиққани айтилди. Кейин норозилик билдирдик. Яна вирусга текширув ўтказишди. Бу сафар 4 нафар одамда аниқланди. Касалларни шифохонага жойлаш ўрнига уйларига жўнатишди», дейди Эркин Қодиров.

Яна бир ишчи Холиқул Мирзаевга кўра, Тошкентга кўпчилик йиғиб қўйган бор маблағи билан келган: «68 одамга чипта буюртма қилиб қўйганмиз, дейишди. Визаларни бераётган пайтда уларга телефон бўлди-да, 36 кишида коронавирус аниқланибди, дейишди. Норози бўлганимиздан кейин қайта текширишди. Одамлар бор пулини сарфлаб, молигача сотиб, бу ерга келган. Икки ҳафта олдин уйдагилар билан хайрлашиб келганмиз, қайси юз билан қайтиб борамиз?», дейди у.

Ташқи меҳнат миграция агентлиги бошлиғининг биринчи ўринбосари Афзал Эрматов ҳодисага изоҳ бериб, Жанубий Кореяга етиб борган ўзбекларда коронавирус аниқланиши кутилмаган ҳолат бўлганини билдирди.

«Жанубий Кореяда 5 ойлик мавсумий ишлаш учун Е-8 виза йўналиши очилган. Унга вилоятлардан мингдан ошиқ одам танлаб олинган. Шундан ҳозирда 500 дан ортиғи бориб ишлаб турибди. Тартиб билан жўнатилаётган эди. Пандемия кучайгани сабаб Жанубий Корея томони ишчилар Ўзбекистонда 14 кун карантинда туриши, кейин республикамиздаги Жанубий Корея элчихонаси белгилаган коронавирусга тест топшириш лабораториясида текширувдан ўтказилиши, сўнгра уларга виза берилиши ва у ерга боргандан кейин ҳам яна 14 кун карантинда туриш талабларини қўйган. Биз бунга рози бўлганмиз.

Фуқароларимиз келганда коронавирус талабларига риоя қилишларини илтимос қилиб, ҳар бири ўз хонасида бўлиши кераклигини тушунтирдик. Ҳозир вазият шундай: 23 июн куни 119 киши Жанубий Кореяга айнан шу йўналиш бўйича жўнатилган. Самолёт 24 июн куни қўнган. Ўша куниёқ ишчилардан таҳлил олинган. 25 июн куни жавоби чиққан ва 12 нафар фуқарода коронавирус аниқланган, 4 нафарида гумон қилинган. Кейин ваҳима бошланган. Бизга телефон қилиб касалларни жўнатибсизлар, дейишди. Бу тизим давом этиши ёки тўхташи ҳақида ўйлаб кўрамиз, деб айтишди.

Биз чақириб қўйган кейинги гуруҳни ортиқча харажат қилмасликлари учун ҳозирча уйларига бориб туришларини айтдик. Кореяликлар ишчиларимизни қабул қилишни расмий равишда тўхтатилди, дейишмади. Ҳозир музокаралар кетяпти. Жавоб олишимиз билан эълон берамиз», деди агентлик вакили.

Маълум бўлишича, норозиликлардан сўнг фуқароларга авиачипта, агентлик хизматлари ва Кореяга ишчиларни қабул қилиш фирмаси хизматлари учун тўланган пуллар қайтариб берилган. Бундай муаммо келиб чиқишига коронавирусни аниқлашдаги ноаниқлик сабаб бўлмоқда. Яъни, Ўзбекистонда текширилганда вирус чиқмаган ишчиларда Кореяга борганда касаллик аниқланиб турибди. Ўзбекистоннинг ичидаги лабораторияларда ҳам натижалар бир-биридан фарқ қилмоқда. Шу ўринда вируснинг ҳам тутқичбермаслик қилаётганини унутмаслик керак. Бутун дунёда тестда вирус чиқмай, касалхонада ётганлар жуда кўп.

Умид қиламиз, биз эътибор қаратишни истаган мана бу муаммо фуқаролар учун ижобий ҳал бўлади ва улар ўзи хоҳлагандек Жанубий Кореяга бориб, эсон-омон ишлаб қайтади.

Исломбек Умаралиев Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси – Дониёр Якубов.

Мавзуга оид