Спорт | 16:26 / 27.06.2021
37904
2 дақиқада ўқилади

Манба: Ўзбекистон миллий жамоасига германиялик мураббий келиши мумкин

Ўзбекистон миллий жамоасини германиялик мураббий бошқариши мумкин. Бу ҳақда Tribuna.uz манбаси хабар бермоқда.

Маълум бўлишича, 2003-04 йилларда Ўзбекистон миллий жамоасида аввалига бош мураббий ёрдамчиси, кейинчалик бош мураббий бўлиб ишлаган германиялик Ҳанс-Юрген Гёде Ўзбекистонга қайтиши мумкин. У айни дамда Вьетнам миллий жамоасида техник директор бўлиб ишламоқда. Мутахассис 2016 йилдан буён Вьетнамнинг турли ёш тоифасидаги жамоаларида техник директор бўлиб ишлаб келади ва мамлакат футболи ривожида унинг ўрни катта эканини айтилади.

Гёде Ўзбекистонга ҳам техник директор бўлиб келиши мумкин. Яъни, у ЎФА қошидаги терма жамоалар марказини бошқариши мумкин. Tribuna.uz манбасига кўра Гёде Ўзбекистонга қайтиш вариантига қизиқиш билдирган ва ўзи билан миллий жамоага бош мураббий сифатида германиялик мураббий олиб бориши мумкинлигини айтган. Ҳозирча томонлар келишувга эришмаган ва тез орада миллий жамоага бош мураббий тайинланиши инобатга олинса, бу борада янгилик кутиш мумкин.

1956 йил туғилган Ҳанс-Юрген Гёде футболчилик фаолияти давомида «Шальке», «Преубен» ва «Фортуна» жамоаларида ўйнаган. Мураббийлик фаолиятини эса Гёде асосан Осиёда олиб борган. У 1994-98 йилларда «Персеполис» ва Эрон ёшалар жамоасида бош мураббий, Эрон миллий жамоасида техник директор бўлиб ишлаган. 2003-04 йилларда Ўзбекистон миллий жамоасида бош мураббий ёрдамчиси ва бош мураббий бўлиб ишлаган.

Маълумот учун, Вадим Абрамов ЖЧ-2022 саралашидаги муваффақиятсизликдан кейин истеъфога чиқарилган ва яқин 1-1,5 ой ичида миллий жамоага янги мураббий тайинланиши айтилган эди. ЎФА президенти Абдусалом Азизов кейинчалик яна баҳоналар бўлмаслиги учун европалик мураббийлар варианти кўрилишини алоҳида таъкидлаган эди.

Ўзбекистон миллий жамоаси келаси йил февралдан Осиё кубоги-2023 саралаш ўйинларини бошлайди. 1 июл куни ушбу ўйинларга қуръа ташлаш маросими ўтказилади.

Мавзуга оид