Спорт | 17:56 / 28.06.2021
12561
7 дақиқада ўқилади

Чехия фаворитлардан бирини Евродан чиқариб юборди, натижага қизил карточка таъсир қилди

Чехлар терма жамоаси намунавий ўйин кўрсатиб, гуруҳ босқичида 100 фоизлик натижа кўрсатган нидерландларни иложсиз қолдирди.

Евро-2020. 1/8 финал
Нидерландия — Чехия — 0:2
 (0:0)
Голлар: Ҳолеш, 68 (0:1). Шик, 80 (0:2).
Нидерландия: Стекеленбург, Блинд (Тимбер, 81), ван Анҳолт (Бергҳайс, 81), де Фрай, де Лигт, Дюмфрис, Вейналдум, де Рон (Вегҳорст, 73), де Йонг, Депай, Мален (Промес, 57).
Чехия: Вацлик, Челустка, Кадержабек, Калас, Ҳолеш (Крал, 85), Цоуфал, Масопуст (Янкто, 79), Соучек, Шевчик (Хложек, 85), Барак (Садилек, 90+2), Шик (Крменчик, 90+2).
Огоҳлантиришлар: Дюмфрис, 46. Цоуфал, 56. де Йонг, 84.
Четлатиш: де Лигт, 55.
Ҳакамлар: Карасев. Демешко, Гаврилин (барчаси — Россия).
ВАР: Аттуэлл. Беттс, Кавана (барчаси — Англия), Гиль (Польша).
27 июнь. Будапешт. «Пушкаш Арена» стадиони. 52 834 томошабин.

ФИФА рейтингида биринчи ўринда турган Бельгиядан ташқари бу турнирга катта иштаҳа билан келган икки жамоа гуруҳда юз фоизлик натижа қайд этди. 2018 йилги мундиални ўтказиб юборган Италия ва 2014 йилги мундиалдан кейин катта турнирларга чиқа олмаган Нидерландия гуруҳ босқичида саҳродан водийга тушиб қолган ҳамда ўз чанқоғи ва очлигини қолдира олмаётган сайёҳларни эслатарди. Будапешт кўчаларини тўқ сариқ рангга бўяган мухлислар ҳақида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Ҳиссиётлар ва муҳитга қараб бу Евро-2020нинг асосий шаҳри деган хаёлга бориш мумкин эди. 

Нидерландлар учун биринчи босқичда кўп куч сарфлаб юбормаслик муҳим эди. Италия австрияликларга қарши қийин ўйин ўтказиб буни тасдиқлади. Шундай экан, «Апельсинранглилар»га Чехияга қарши ўйин осон кечишини ҳеч ким кафолатламасди. Франк де Бурда икки масала бор эди — схема ва иккинчи ҳужумчи. Биринчи масала бўйича жавоб осон эди, нидерландлар гуруҳ босқичидаги олти бўлимдан фақта бюиттасида классик 4-3-3 схемасини тажриба тариқасида қўллаб кўрганди. Ҳужумда эса «Барселона» билан шартнома тузганидан кейин янада ёрқинроқ ўйнай бошлаган Депайнинг шериги  Мален бўлиши ҳам ойдинлашганди. ПСВ форварди дастлаб Австрияга қарши ўйинда захирадан тушиб ўзини кўрсатди, кейин македонларга қарши ўйинда бошланғич таркибда ўйнаш имконига эга бўлганди.

Мален якшанба кунги ўйинни ҳам зўр бошлади ва илк уринишда бурчак зарбаси ишлади. Биринчи бўлим учун чехларни мақтаса арзийди, улар ўзлари хавфли ҳужумлар уюштира олмаган бўлишса-да, рақибнинг барча юришларига тайёрликларини намойиш этишди. Депай танаффус арафасида узоқдан берган зарбасидан бошқа каромат кўрсата олмади, гуруҳ босқичи қаҳрамони бўлган Дюмфрисга эса шунчаки чопишга ҳам қўйишмади. Ҳимоячи барибир бир неча бор рақиб ҳудудида кескинлик юзага келтирди, аммо у рақиб жарима майдонида беш марта тўп билан муомала қилгани ва уч марта стандарт вазият ишлаганини гуруҳ босқичидаги ўйинлари билан таққослаб бўлмайди.

Биринчи бўлимнинг дастлабки ўн дақиқалигидаги статистика кўп нарсадан дарак беради, «тўқ сариқранглилар»нинг бош инструктори Вейналдумнинг тўрт пасидан фақат биттаси манзилга аниқ етиб борган. Прагматик чехлардан кўп нарса талаб қилинмасди ҳам. Улар маҳорат билан ўз имконларини кутишди, Соучекнинг вазиятида бош билан аниқ зарба бериш қийинроқ бўлган бўлса, Баракнинг голидан фақат де Лигтнинг ўз вақтида қўйилган оёғи қутқарди. Нидерландлар турнирда илк бор биринчи бўлимни бирорта аниқ зарба бермасдан якунлади (жами зарбалар бўйича 4:5, аниқ зарбалар бўйича 0:1).

Ўйинда бурилиш нуқтаси — Мален рақиб хатосидан кейин тўпга эга чиқиб жарима майдонига кириб борган ва дарвозабон билан яккама-якка ҳолатда қолган вазият бўлди. У Вацликни алдай олмади.

Бир дақиқа ўтар-ўтмас иккинчи томонда де Лигт Шик билан яккакураш вақтида оёқда тура олмасдан, тўпни қўли билан ўйнагач майдондан четлатилди. Бу вазиятда дастлаб россиялик ҳакам Сергей Карасев фақат сариқ карточка кўрсатиш билан кифояланди, видеотакрорни кўргач эса қизил карточкани чиқарди ва нидерландлар бир киши кам бўлиб қолди. 

Бу эпизод ўйинни буткул ўзгартириб юборди, де Бур эса схемани қайта кўриб чиқиши керак эди. У жасурлик билан қарор қабул қилди, де Лигт ўрнига янги ҳимоячи туширмади, Мален ўрнига 4-4-1 бўйича жойлашувда чап қанотда ҳаракат қиладиган Промесни туширди. Чап қанотда Квинсининг ван Анҳолт билан боғлами ҳаракатланди, ўнгда эса Дюмфрис ёлғиз ўзи янада фаоллик кўрсатиши талаб этиларди, унга керакли вазиятда Вейналдум қарашиб туриши кўзда тутилди.

Дюмфрис ҳамма жойга улгуришга ҳаракат қилди ва ҳатто ҳали ҳисоб очилмаган вақтда Кадержабекнинг голидан қутқариб қолди. Мураббийларнинг режаси тушунарли эди, аммо марказда уч нафар ҳимоячи жойлашуви жамоанинг ҳимоядаги муаммоларини ёпиб тургани маълум бўлди, футболчилар сони кам бўлиб қолганида эса бўшлиқлар юзага келди.

Шилгава шогирдлари дастлаб стандарт вазиятдан гол уришди: Томаш Калаш юқори қаватда тўпга биринчи бўлиб етди ва нариги устун яқинида турган Томаш Ҳолешга ташлаб берди - 1:0.

Шундан кейин ва-банкка борилди ва ҳужумда Вегҳорстнинг улкан танасидан фойда чиқаришга ҳаракат қилинди, аммо энди ўйин Чехия сценарийси бўйича кечаётганди. 

80-дақиқада эса чехларнинг иккинчи голи ўйин масаласини амалда ҳал қилди. Ҳолеш чап қанотда Дюмфрис ва Вейналдумни доғда қолдириб, марказдан очилиб келган Патрик Шикни тўп билан таъминлади, ҳужумчи эса чемпионатдаги тўртинчи голини урди - 2:0.

Нидерландлар ўйинни бирорта аниқ зарба беролмасдан якунлашди: иккинчи бўлимда ҳам улар зарбалар бўйича ортда қолишди - 2:7 (аниқ зарбалар бўйича 0:4). Чехлар муносиб равишда ғалабага эришди. Нидерландиялик мухлислар де Бурни бежиз танқид қилиб келишмаётгани ойдинлашди.

Ярослав Шилгаванинг режалари ишлади, унинг жамоаси вазиятлардан унумли фойдаланди. Энди чехларни чорак финалда Дания кутиб турибди, уларга ҳам бу тошёнғоқни чақиш осон бўлмаслиги кўриниб турибди.

Мавзуга оид