Ўзбекистон | 18:52 / 28.06.2021
14963
5 дақиқада ўқилади

Репортаж: Таъмирланаётган Шаҳидлар хотираси хиёбони

Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” мажмуаси таъмирланиши сўнгги вақтларда жамоатчилик диққат марказида бўлиб турибди.

Муҳокамалар хиёбонда аввалига кафе ва дўконлар ҳам қурмоқчи бўлишганидан бошланганди. Танқидлардан сўнг булар лойиҳадан чиқарилди. Аммо кўп ўтмай, таъмирлаш ишларини олиб борувчи пудратчи тендерсиз танлангани, бу ишлар учун харажатлар қисман хиёбон атрофидаги ерларни сотиш ҳисобига қопланиши маълум бўлди.

Ушбу воқеаларни ёритиш билан бир вақтда, пойтахтдаги парклар мавзусида туркум мақолалар бериб келаётган Kun.uz “Шаҳидлар хотираси” хиёбонидаги таъмир жараёни билан танишишга қарор қилди.

Хиёбонни реконструкция қилиш лойиҳаси менежери Алишер Жумаевнинг сўзларига кўра, боғ ташкил этилганига 21 йил бўлган бўлса, ушбу давр мобайнида ўз функциясини тўлақонли бажармаган. Мисол учун, суғориш тизими атиги 35 фоизи ишлаган, энергия ресурслари ортиқча исроф бўлган.

“Биз ҳозир бу ерга ҳеч қандай қўшимча кафе ёки шунга ўхшаш объектлар қуриш ниятимиз йўқ. Паркни сақлаб қолиш мақсадида реконструкция қиляпмиз. Бунинг ичига “брусчатка”ларни, чимларни янгилаш, янги асфалт ётқизиш, анҳор бўйидаги тош қопламани гранитга алмаштириш, 1740 туп турли хилдаги дарахт кўчатларини ўтқазиш каби ишлар режа қилинган.

Реконструкциядан кейин, боғ одамлар келиб тоза ҳавода ҳордиқ чиқарадиган масканга айланади. Аввал ёритиш тизими яхши бўлмагани учун паркдан тўла фойдаланилмаган, одамларни ўзига жалб этмаган. Энди эса бу ерда 250га яқин ёритиш ускуналари қўйилади.

Шунингдек, мажмуа кўрки бўлган фонтан аянчли аҳволга келиб қолган эди, биз фонтанни ҳам реконструкция қилиб, чиройли кўринишга келтиришни режа қилганмиз.

Шаҳидлар хотираси хиёбони бўлгани сабабли, бу ерга бемалол оилавий келиб, Қуръон тиловат қилишга шароит қиляпмиз. Президентимиз йилда бир марта келиб, ҳукуматимиз томонидан ош бериш ташкил этилиши учун музей рўпарасида алоҳида жой қилмоқчимиз.

Мўлжалимиз бўйича мажмуа 1 сентябрда фойдаланишга топширилади”, – деди Алишер Жумаев.

Алишер Жумаев

Тошкент шаҳар экология бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқоновнинг айтишича, хиёбонга экиладиган кўчатлар тувакда етиштирилган, шу боис уларни йилнинг исталган вақтида ерга кўчириб ўтқазиш мумкин.

“Бу ерга экилиши режалаштирилган дарахтлар тувакда етиштирилган. Биологлар томонидан шундай хулоса берилганки, баҳорда ердан тувакка олиб ўтқазилган дарахтларни йилнинг исталган фаслида қайта ерга ўтқазиш мумкин. Дарахт кўчатларимиз ярми хорижда, ярми эса ўзимизда тувакда сақланмоқда”, – деди экология бошқармаси расмийси.

Биз, табиийки, таъмирлаш ишлари давомида хиёбондаги дарахтларнинг кесилмаётгани масаласига ҳам қизиқдик. Қурилиш объекти раҳбари Алишер Жумаев шу кунгача мажмуа ҳудудида бирорта дарахт кесилмагани ва буталмаганини айтди.

Ижтимоий тармоқларда хиёбондаги дарахтлар кесилгани ҳақида ёзилган изоҳларни эслатганимизда, Жумаев бу янглиш маълумот эканини, дарахтлар кесилиши мажмуа ҳудудидан ташқарида рўй берганини билдирди.

Унинг айтишича, Экология қўмитаси ва маҳаллий ҳокимлик рухсати билан, анҳорнинг аҳоли яшаш тарафидаги бир неча ўн туп терак дарахти қуриган деб ҳисобланиб кесилган.

Алишер Жумаев бир неча кун олдинги бу воқеанинг пудратчи компанияга алоқаси йўқлиги, анҳорнинг нариги тарафини ҳам ободонлаштириши ҳақидаги қарор энди чиққанини билдирди.

“Анҳорнинг аҳоли уйлари тарафдаги қисмини ҳам реконструкция қиладиган бўлдик, бундай қарор эндигина чиқди. Бу жойда газонлар ва брусчаткаларни тартибга келтирамиз, йўлни қайта асфалт қилиб, ёритиш тизимларини ўрнатамиз. Бунинг қарори бизга яқинда чиқди”, – деди қурилиш менежери.

Юнусобод тумани биохилма-хиллик бўлими инспектори Орифжон Норматов парк ҳудудидаги дарахтлар ободонлаштириш бўлими билан биргаликда хатловдан ўтказилгани, хатлов асосидаги рўйхат мавжудлигини айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, 11 минг тупдан ортиқ дарахт рўйхатга олинган, реконструкциядан аввал 20-25 туп дарахт қуригани аниқланган.

Биз лавҳани суратга олиш мобайнида ҳудудни айландик, кейин эса мажмуанинг сунъий йўлдош орқали олинган аввалги суратлари ва ҳозирги ҳолатини таққосладик. Айтиш жоизки, биз гувоҳ бўлган жойларда дарахтлар кесилгани ҳолатини пайқамадик.

Биз Тошкент боғларидаги ҳолатлар ҳақида маълумот бериб боришда давом этамиз. Кенг жамоатчиликни ҳам пойтахтимизда шундоғам камайиб бораётган яшилликни асрашда фаолликка чақириб қоламиз.

Бобур Акмалов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи – Отахон Юсупов

Мавзуга оид