Ўзбекистон | 16:46 / 02.07.2021
15892
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Twitter ва TikTok'нинг ишлаши секинлашди. Аввалроқ “Ўзкомназорат” уларни огоҳлантирган эди

Бугун, 2 июл куни эрталабдан ўзбекистонликлар Twitter ва TikTok платформаларига киришда муаммоларга дуч келмоқда.

Бу икки тармоқни Ўзбекистондан туриб очиш секинлашгани ҳақида кўплаб ижтимоий тармоқ фаоллари ёзмоқда. Шунингдек, Kun.uz сайти администраторлари ҳам сайтнинг Twitter ва TikTok платформаларига янгилик юклашда қийинчиликка дуч келмоқда.

Kun.uz гаплашган Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) матбуот котиби TikTok ижтимоий тармоғида “нимадир бўлаётгани”ни рад этмади ва бир неча соатларда бу ҳақда расмий маълумот берилишини билдирди.

Downdetector маълумотига кўра, айни вақтда Twitter ва TikTok ишлашида глобал муаммолар кузатилмаяпти.

Таъкидлаш керак, 16 апрелдан бошлаб “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 модда кучга кирган. Бу моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинмоқда.

Қонун кучга киргач, “Ўзкомназорат” Google, Facebook, TikTok, Telegram ва бошқалар дохил Ўзбекистондаги оммабоп интернет-сервислар маъмуриятига огоҳлантириш хатлари юборган. Улардан Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни республикага олиб келиб сақлаш талаб қилиняпти.

Талаб бажарилмаган тақдирда, бу сервислар Ўзбекистон ҳудудида блокланиши эҳтимолдан соқит қилинмаяпти.

Малайзиядаги ўзбекистонлик фан доктори, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевнинг Kun.uz'га тушунтиришича, одатда маълумотлар базалари яхлит тизимда шакллантирилади, уларнинг бир қисмини ажратиб олиб, бошқа жойга кўчириш техник муаммоларга сабаб бўлади.

“Катта компаниялар ўзининг ижтимоий тармоқларини яратганда минглаб махсус дизайнер ва архитекторлар маълумотлар базасини оптималлаштириб, тезроқ ишлашига урғу бериб ушбу базани яратади. Лекин, ҳозир Ўзбекистондан чиқиб: “Бу дастурга қанча пул сарфлаганинглар бизга қизиқ эмас, базанинг мана бу қисмини оласизлар-да, Ўзбекистонга жойлаб қўясизлар”, дейиляпти. Бу – компаниялар учун техник тарафдан ҳам ўзига яраша қийинчиликлар ва иқтисодий харажатлар туғдиради.

Маълумотлар базасини яхлитлигича тасаввур қилишимиз ва қабул қилишимиз керак, унинг бир қисмини ажратиб Ўзбекистонга қўйиб қўя олмайсиз. Бу – бутун тизимнинг ишлашига таъсир қилади. Бу қонуннинг хорижий мулкдорларга қийинчиликлари кўп”, – дейди мутахассис.

  • Кеча, 1 июл – Ёшлар кунида Тошкентдаги Ботаника боғида ёшлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев ижтимоий тармоқларда шуҳрат қозониш учун номуносиб ҳаракатлар қилаётган ёшларни танқид қилиб, мутасаддиларга буни назоратга олиш кераклигини таъкидлаганди.

Мавзуга оид