Ўзбекистон | 09:09 / 03.07.2021
1784
2 дақиқада ўқилади

404 миллион сўмлик телевизорларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди

“Портер” ҳамда “Кобальт” автомашиналарига яширилган телевизорлар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Фарғона вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати маълум қилмоқда. 

Маълум бўлишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан ўтказилган тадбир давомида вилоятнинг чегараолди ҳудудидан “Чуст-Бувайда” йўналишида ҳаракатланаётган “Портер” ҳамда “Кобальт” русумли автомашиналар кузатувга олинган. Автоуловлар Бувайда туманидаги хонадонларнинг бирига кирган вақтида тўхтатиш чоралари кўрилган пайтда автомашина ҳайдовчилари воқеа жойидан қочиб яширинган.
 
Ушбу автоуловлар хонадон эгаси Э.Д. ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида “Портер” автомашинаси юкхонасида қиймати 165 миллион сўмлик 99 дона ҳамда “Кобальт” автомашинасида 44 миллион сўмлик 26 дона телевизор борлиги аниқланган.

Шу билан бирга, ушбу автомашиналар кириб тўхтаган хонадонда ҳам қиймати 196 миллион сўмлик 126 дона телевизор сақланаётгани аниқланган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида дастлабки қиймати 404 миллион сўмлик жами 241 дона хорижда ишлаб чиқарилган, божхона расмийлаштирувидан ўтганини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ҳамда тегишли маркировка билан маркировкаланмаган телевизорлар борлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ, “Лоғон — Марғилон” йўналишида 121 миллион сўмлик оёқ кийимларнинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилгани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид