Ўзбекистон | 21:05 / 05.07.2021
14682
5 дақиқада ўқилади

“Цензурага хоҳиш борлигининг белгиси” — ижтимоий тармоқлар блокланиши ҳақида интернетда нима дейишяпти?

2 июлдан бошлаб, Ўзбекистонда Twitter, TikTok ва Вконтакте ижтимоий тармоқлари ҳамда Skype платформаси фаолияти чекланди. Бу – “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонун талаби бузилаётгани билан изоҳланяпти. Ҳукуматнинг бу қадами интернетдаги ўзбек аудиториясида салбий қарши олинди.

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев бу қонун қабул қилинаётганда қарши овоз берганини айтади. Унинг фикрича, фуқароларнинг шахсга доир маълумотларини муҳофаза қилиш баҳонаси билан интернетдаги оммабоп тармоқларни чеклашга уринишдек кўринаётган бу иш кўпроқ салбий оқибатга олиб келади.

“Масалан, фойдаланувчилар оммавий равишда чекловларни четлаб ўтувчи VPN каби дастурлардан фойдаланишни бошлайди, назорат буткул йўқолади. Камига фуқароларни қонунбузарга айланишга мажбур қиламиз.

Танкка қарши кетмон билан жанг қилишдек “ахборот асри”даги жуда кулгили ва абсурд қарор.

Фуқароларнинг мулк ҳуқуқи бузилса жимлик, уйидан ҳайдалса жимлик, ери мажбуран олиб қўйилса жимлик, фермер сарсон юрса жимлик... Лекин унинг шахсга доир маълумотларини муҳофаза қилишга келганда кескин чоралар... Ғалатимасми?” – дея савол қўйган депутат.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса бу ҳолатни цензурага мойиллик деб атади.

“Ижтимоий тармоқлар маълумотлар базасини Ўзбекистонда икки дунёда ҳам кўчирмаслигини била туриб ҳам, шу қонуннинг қабул қилиниши аслида цензурага хоҳиш ва мойиллик ҳаддан зиёд эканини кўрсатади.

Пайдо бўлган фурсатдан фойдаланиш орқали цензура ойболтасининг ишга туширилиши аслида бу”, – дейди у.

Адлия вазирининг давлат тили бўйича маслаҳатчиси, блогер Шаҳноза Соатова эса ҳатто мактаб болалари ҳам чекловларни айланиб ўтиш учун VPN'лардан фойдалана бошлаганини ёзган.

Бошқа бир Twitter фойдаланувчиси масъуллар интернет тезлигини ошириш устида эмас, уни блоклаш устида изланишини тахмин қилган.

Олий Мажлиснинг яна бир фаол депутати Дониёр Ғаниев қонунни халқ вакиллари – депутатлар қабул қилганига урғу берган.

ЎзА бош директорининг ўринбосари, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев масъуллар Telegram'ни ҳам блоклаб қўйишидан хавотирда эканини билдирган.

Шунингдек, кўплаб фойдаланувчилар ижтимоий тармоқларга қўйилган чекловларни четлаб ўтиш учун VPN'лардан фойдаланиш бошланганига урғу беришган.

Шу билан бирга, бир неча тармоқ фаоллари президент Шавкат Мирзиёев ўтган йилги нутқида “интернет ёпилмайди” дея таъкидлаганини ёдга олмоқда.

“Ўзбекистон ҳозир очиқ, олдингидек ёпиб қўйишга иложимиз йўқ. Чегараларни ёпмаймиз энди. Интернет ёпилмайди. Оммавий ахборот воситаларига яна бир марта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди”, – деганди давлат раҳбари 2020 йил кузидаги нутқларидан бирида.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 16 апрелдан кучга кирган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга янги қўшилган 27-1 моддага кўра, Ўзбекистон фуқароларининг шахсига доир маълумотлар жисман Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган серверларда сақланиши талаб қилинмоқда.

Расмийларга кўра, олиб келиниши талаб қилинаётган шахсий маълумотлар сирасига фуқаролар тармоқда рўйхатдан ўтиш учун ишлатадиган исм-фамилия, телефон рақам ва паспорт маълумотлари кабилар киради.

“Ўзкомназорат” бошлиғи Ғолибшер Зиёев Kun.uz саволига жавобан шахсий ёзишмаларни Ўзбекистонга кўчириш шарт эмаслигини айтган.

Малайзиядаги ўзбекистонлик фан доктори, ахборот хавфсизлиги бўйича мутахассис Анвар Нарзуллаевнинг Kun.uz'га тушунтиришича, одатда маълумотлар базалари яхлит тизимда шакллантирилади, уларнинг бир қисмини ажратиб олиб, бошқа жойга кўчириш техник ва молиявий муаммоларга сабаб бўлади.

Шунингдек, мутахассис VPN серверларни ишлатишнинг катта хавфи – шахсий маълумотлар эмас, балки тақиқланган веб-сайтларга кириши осон бўлиб қолишида эканлигини айтган.

“Аслида интернетда давлат ростдан ҳам блоклаши керак бўлган нарсалар бор. Масалан, порнографик, террористик маълумотлар ва қора бозор кабилар. Одамлар VPN'дан фойдаланишни бошлагандан кейин буларнинг ҳаммаси очилиб кетади. Давлат мана шу тарафдан келадиган хавфни ҳисобга олиши керак.

VPN ишлатиш давлатнинг зиёнига ишлайди. Қолаверса, VPN ишлатгандан кейин сизнинг алоқангиз шифрланган бўлади, сиз қайси сайтга киряпсиз, умуман билиб бўлмайди, натижада давлат буни назорат қила олмай қолади.

Иккинчидан, бизда кўпинча бепул VPN сервердан фойдаланишади. Билиб олиш керакки, интернетда бепул хизмат таклиф қилиняптими, демак сиз маҳсулот бўлиб хизмат қиляпсиз. Сизнинг маълумотларингиздан исталган йўлда фойдаланиши, ҳатто, сизнинг ўзингизга «шантаж» қилиши ҳам мумкин”, – дейди Анвар Нарзуллаев.

Мавзуга оид