“Ёзда дарахт кўчириб ўтказишга рухсат берилмайди” — Экоқўмита раиси ўринбосари
Ёзда дарахт кўчириб ўтказишга ҳеч қандай рухсат бўлмайди, сабаби кўчирилган дарахт яшаб кетмаслиги аниқ, деди Исломбек Боқижонов Яшнободдаги "дарахтлар қабристони" масаласида Kun.uz'га берган изоҳида. Унинг сўзларига кўра, Сергели–Қўйлиқ метро йўлини қуришда 700дан ортиқ дарахтни кесиш ёки кўчириш бўйича ҳали рухсат берилмаган.
Kun.uz 23 июн куни Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги “дарахтлар қабристони” ҳақида кўрсатув эълон қилганди. Унда туманнинг Алимкент кўчаси бўйлаб кўчириб ўтказилган дарахтлар сувсизликдан қуриб бораётгани ҳақида сўз боради.
Тошкент шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бош мутахассиси Беҳрўз Учаровнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бу ҳолат учун мутасаддиларга чора кўрилади.
“Мутахассисларнинг берган хулосаси асосида тегишли ташкилотлар ва масъул ходимларга нисбатан табиатга етказилган зарарни қоплаш чораси қўлланилади”, – деди у.
Kun.uz “дарахтлар қабристони” масаласида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижоновга ҳам юзланди. Боқижонов ҳолатни жойига бориб кўргани, бу ердаги дарахтлар – 2020 йил охирида, Юнусободдаги Абай кўчаси кенгайтирилиши муносабати билан кўчирилган дарахтлар эканини айтди.
“Дарахтларни кўчириб ўтказгач, икки йил парвариш қилиш мажбурияти ўтган йили йўқ эди, бу тартиб механизм 2021 йилдан бошлаб амал қила бошлади. Ўтган йилги мораторийда бу жиҳат кўзда тутилмаганди. Натижада кўчириб ўтказилганидан кейин уларни парвариш қилиш эътиборсиз қолдирилган.
Ўша жойдаги айрим дарахтлар яшаб кетган, айримлари яшамаган. Aксарият ёши катта дарахтларни кўчириб ўтказишнинг ўзи нотўғри. Уни кўчириб ўтказамиз деганда ҳам дарахтнинг яшаш имконияти 50/50 бўлиб қолади. Шу сабабли иложи борича дарахтларни кўчириб ўтказишда ёшига қараш зарур. 5 яшаргача бўлган дарахтларни кўчирса бўлади.
Ёзда дарахтларни кўчириш бўйича ҳеч қандай рухсат бўлмайди, сабаби у яшамаслиги аниқ», – таъкидлади Экоқўмита раҳбарияти расмийси.
Боқижоновга кўра, Сергели-Қўйлиқ ерусти метроси қурилиши сабаб ё кесиш, ёки бошқа жойга кўчириш учун хатланган 700дан ортиқ дарахтларни кесиш ёки кўчириб ўтказишга ҳали рухсат берилмаган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024
Тошкентдаги электромобилларни қувватлаш станцияларини демонтаж қилиш буюрилди
13:54 / 19.12.2024