Ўзбекистон | 19:52 / 06.07.2021
7016
2 дақиқада ўқилади

Ногиронлиги бўлган шахслар, меҳрибонлик уйлари битирувчилари ва ИИВ ходимлари фарзандлари учун қабул квоталари белгиланди

Ногиронлиги бўлган шахслар, Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси битирувчилари ҳамда ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун қўшимча қабул кўрсаткичлари тасдиқланди.

Давлат комиссиясининг 1-сон баёни билан ногиронлиги бўлган шахслар учун қўшимча 2 фоизлик давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг олий таълим муассасалари ва таълим шакллари кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.

Унга кўра, ногиронлиги бўлган шахслар учун республика бўйича жами 3 155та қўшимча квота ажратилди. Таълим шакллари кесимида:

  • кундузги таълим шакли учун – 2 270та;
  • сиртқи таълим шакли учун – 754та;
  • кечки таълим шакли учун – 131та.

Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчаси битирувчилари бўлган чин етимлар учун қўшимча 1 фоизлик давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари ОТМлар ва таълим шакллари бўйича тақсимланади.

Бу тоифага мансуб бўлганлар учун республика бўйича жами 1 580та қўшимча квота ажратилди. Таълим шакллари кесимида:

  • кундузги таълим шакли учун – 1 137та;
  • сиртқи таълим шакли учун – 377та;
  • кечки таълим шакли учун – 66та.

Шунингдек, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун қўшимча қабул кўрсаткичлари тасдиқланди.

Ҳуқуқбузарлик профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда муносиб ҳисса қўшган, хизмат ёки илмий фаолиятида юқори натижаларга эришган ички ишлар органларининг амалдаги ходимлари фарзандлари учун қўшимча 3 фоизлик давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг олий таълим муассасалари кесимидаги тақсимоти тасдиқланди.

Унга кўра, ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун республика бўйича жами 875та қўшимча квота ажратилди.

Мазкур имтиёзга эга абитуриентларга онлайн рўйхатдан ўтишдан аввал топширмоқчи бўлган ОТМга имтиёз доирасида қанча квота ажратилгани билан танишиб олиш тавсия этилади.

Мавзуга оид