Ҳаити: президентнинг ўлдирилишида 26 колумбиялик ва икки америкалик қатнашган
7 июлга ўтар кечаси номаълум шахслар Ҳаити президенти Жовенел Моизнинг қаттиқ қўриқланувчи қароргоҳига бостириб кириб, давлат раҳбарини отиб ташлашди ва рафиқасини оғир жароҳатлашди.
Воқеа жойидан олинган видеода кўриш мумкинки, чоршанбага ўтар кечаси у ерда ҳақиқий жанг кечган. Уй деворлари ўқлардан илма-тешик бўлиб кетган. 53 ёшли Моизнинг танасидан 12та ўқ чиққан.
Ҳаити ҳукумати маълумотларига кўра, ҳужум яхши қуролланган ва ташкиллаштирилган гуруҳ томонидан амалга оширилган, гуруҳ колумбиялик 26 нафар истеъфодаги ҳарбийлар ва келиб чиқишига кўра Ҳаитига мансуб бўлган икки америкаликдан иборат бўлган. Шу вақтгача улардан 17 нафари, жумладан икки америкалик қўлга олинган, уч киши хавфсизлик хизмати ходимлари билан отишмада ўлдирилган, яна 8 киши қидирилмоқда.
Ҳужум ҳақидаги хабардан кейин дарҳол улар бир-бири билан инглиз ва испан тилларида гаплашишгани хабар қилинди (Ҳаити - француз тилида сўзлашувчи мамлакат).
«Хорижликлар президентни ўлдириш учун мамлакатимизга келишган», дея маълум қилган полиция раҳбари Леон Шарль махсус матбуот анжуманида. У журналистларга қўлга олинганлар ва улардан мусодара қилинган қуролларни (Колумбия паспортлари, рациялар ва бошқа турли инструментлар, жумладан болғалар ва арматурани кесиш учун ишлатиладиган қайчилар) намойиш этган.
Гумондорларни қўлга олиш амалиётини маҳаллий аҳоли вакиллари кузатиб боришган, ҳибсга олинганлар келтирилган полиция маҳкамаси яқинида ғазабланган оломон бир қанча автомобилларга ўт қўйиб юборган.
Колумбия мудофаа вазири Диего Молано ҳужумда Колумбия армиясининг собиқ ҳарбий хизматчилари иштирок этганини маълум қилган. У расмий Богота қотилликни тергов қилиш жараёнида кўмак кўрсатишини ваъда қилган.
Вашингтондагилар ҳозирча ҳужумда АҚШ фуқаролари ҳам иштирок этгани тўғрисидаги маълумотни тасдиқламади. Ҳаитида эса полиция қотиллик буюртмачиларини қидирмоқда ва Америка ҳукуматидан тергов ишларида ёрдам сўрамоқда.
Тап тортмай қилинган ҳужум
Оғир қуроллар билан қуролланган қотиллар Моизнинг Ҳаити пойтахтидаги қароргоҳини пайшанбага ўтар кечаси қамал қилишган.
Кузатув камераларига муҳрланган видеода қора кийимлардаги қуролланган кишилар ўзларини АҚШнинг Гиёҳванд моддалар билан кураш бошқармаси агентлари сифатида таништириб, барчага полга ётишни буюраётгани акс этган.
Моиз воқеа жойида жон берган. Унинг танасидан 12та ўқ топилган.
Жиноятчилар ётоқхона ва президент кабинетини тинтув қилишган.
Жозефнинг маълум қилишича, президентнинг болалари қотилликдан кейин хавфсиз жойга олиб кетилган. Президентнинг рафиқаси Мартин Моизни ҳаётини сақлаб қолиш учун Флоридага олиб боришган. Хабарларга кўра, шифокорлар унинг ҳолатини барқарорлаштиришга эришишган.
Мотивлар, ижрочилар, буюртмачилар?
Президент ҳалок бўлгач, унинг номидан ҳукуматни бошқараётган ва баёнотлар бераётган бош вазир вазифасини бажарувчи Клод Жозеф BBC учун берган интервьюсида президентни «айрим олигархларга қарши курашгани» учун отган бўлишлари мумкинлигини айтган. «Биз бу олигархлар ва хорижлик ёлланмалар ўртасида алоқа бор ёки йўқлигини билмаймиз», деган у.
Полиция бошлиғининг сўзларига кўра, ўлдирилган ва қўлга олинганларнинг барчаси президентни йўқ қилиш топшириғини олган «коммандос бўлинмаси» аъзолари бўлишган.
Шарль эса полиция ҳозирда қотиллик ташкилотчисини - қотилликни буюртма берган ва режалаштирганларни қидираётганини маълум қилган.
Ҳокимият ҳозирда кимда?
Ҳаити конституциясига кўра, президент ҳалок бўлган, лаёқатсиз ҳолатда бўлган ёки истеъфога чиққан тақдирда унинг вазифаларини вақтинча бажариш Олий суд раисига ўтади, аммо у бироз аввал коронавирусдан вафот этганди.
Навбатда - бош вазир. Моиз 2018 йилдан буён бош вазирни олти марта ўзгартирган, ўз ўлимидан бир кун олдин эса еттинчисини - Ариэл Анрини лавозимга тайинлаганди.
Аммо у қасамёд қабул қилишга улгурмади, аввалги бош вазир Клод Жозеф эса унинг ваколатларини тан олмаяпти. Пайшанба куни БМТнинг мамлакатдаги элчиси Элен ла Лим Жозефни қўллаб ва инқироз ҳал бўлгунига қадар ҳокимиятда у қолиши кераклигини маълум қилди.
Пайшанба куни Жо Байденнинг маъмурияти АҚШ Ҳаити президенти қотиллиги бўйича ишни текширишда ҳамкорлик қилишини билдирди. Бу ёрдам қандай шаклда бўлишига ҳозирча аниқлик киритилмаган.
Ҳаитида ҳозир вазият қандай?
Пайшанба куни Порт-о-Пренсда нисбатан хотиржамлик ҳукм сурган, фақат маҳаллий намойишлар чоғида бир неча автомобилга ўт қўйилган.
Шу билан бирга, мамлакатда мураккаб сиёсий вазият юзага келмоқда.
Сўнгги уч йил мобайнида Ҳаитида деярли ҳар куни кўчаларда турли даражадаги норозилик намойишлари бўлиб келади.
2020 йил февралида Порт-о-Пренс кўчаларида баррикадалар ўрнатилган, полициячилар эса меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилган ҳолда армия штабига бостириб киришган.
Сиёсатчилар, судьялар, ҳуқуқ фаоллари ва диний гуруҳлар Моизга қарши бирлашишган. Мамлакат қуролли кучлари эса охиригача унинг томонида қолишган.
Мавзуга оид
09:29 / 09.12.2024
Ҳаитида қирғин: камида 110 киши ўлдирилди
23:57 / 14.11.2024
Ҳаитида бир кунда Американинг учта йўловчи самолёти ўққа тутилди
21:37 / 21.08.2024
АҚШ Ҳаити собиқ президентини гиёҳванд моддалар савдосида айблаб, унга санкциялар қўллади
12:07 / 11.03.2024