Иқтисодиёт | 17:11 / 09.07.2021
19481
3 дақиқада ўқилади

Пенсия ва нафақалар қандай ҳолларда текширилмаслиги маълум қилинди

Президент фармони билан бир неча ҳолларда пенсия ва нафақалар миқдори текширилмаслиги белгиланди.

1 июндан бошлаб уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўловини ундириш бекор қилинди. Бу президентнинг 2021 йилги давлат дастури бўйича қабул қилинган фармонида белгиланган.

Пенсия жамғармасига кўра, давлат пенсиялари, ижтимоий нафақалар, компенсация ҳамда бошқа тўловларнинг тўғри тайинланиши ва тўланишини назорат қилиш Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорат департаменти зиммасига юклатилган бўлиб, пенсия ва нафақаларнинг тўғри тайинланиши ва тўланиши юзасидан доимий равишда ўрганиш ва текшириш ишлари олиб борилган.

Хусусан, Молия вазирлиги ва Бош прокуратура томонидан 2009–2019 йиллар давомида фуқароларга барча турдаги пенсияларнинг тайинланиши ва тўланиши қонунийлиги текшириб чиқилган.

Ортиқча тўловларнинг аксарияти фуқаронинг айби бўлмаган ҳолдаги техник хато ёки архив ҳужжатларининг тўлиқ сақланмаганлиги натижасида юзага келган. Шунингдек, пенсия ишларининг асосий қисми бир неча йил аввал тайинланганлиги сабабли пенсионерлардан йирик миқдорда ортиқча тўловлар ундириш талаб этилмоқда. Бу эса, кекса ёшдаги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига ҳамда уларнинг иқтисодий ҳолатига сезиларли даражада таъсир кўрсатаётган эди.

Таҳлилларга қараганда, текширилган пенсия ишларидан аниқланган ортиқча тўловларнинг аксарият қисми 2020 йил 1 январь ҳолатига (қарийб 90 фоиз) бир неча йил илгари (2017 йилгача) тайинланганлиги сабабли пенсионерлардан йирик миқдорда ортиқча тўловлар ундиришни тақозо этиб, кекса ёшдаги фуқароларнинг кўплаб ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, Олий суд пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги қарорига асосан, ортиқча тўланган пенсия миқдорини ундириш ҳақидаги талабларга Фуқаролик кодексининг 150-моддасида кўрсатилган умумий уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президентининг 2017 йил 28 декабрдаги фармонида пенсионер ортиқча тўланган суммани ушлаб қолиш бўйича қарордан норози бўлганда, аниқланган қарздорлик, аниқланган санадан бошлаб кўпи билан уч йил учун суд орқали ундириш тартиби белгиланган. 

Мавзуга оид