Ўзбекистон | 08:21 / 10.07.2021
4844
2 дақиқада ўқилади

Мурожаатдан кейин Мискин постидаги иккита «стоп» белгиси олиб ташланди

Ижтимоий тармоқда Қорақалпоғистон ҳудудига кирувчи Мискин постида йўл патрул инспекторлари «стоп» белгисини қўйиб, ҳайдовчиларга жарима ёзишаётгани акс этган видео тарқалди. Мискин ЙПХ маскани Тўрткўл тумани А-380 Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейноу йўлининг 553-554 кмда жойлашган.

Ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси воқеа содир бўлган жойга бориб вазиятни ўрганган. Бошқарма матбуот хизмати мурожаатни йўллаган фуқаро билан суҳбатлашган.

Мурожаатни йўллаган Сотимов Санжарнинг айтишича, икки-уч кун олдин ЙПХ масканига 2 та «стоп» йўл белгиси қўйилган. Маълум бўлишича, мурожаатдан кейин иккита белги ҳам олиб ташланган. Ҳайдовчиларга жарима баённомаси тузиш бекор қилинган.

Бошқарма матбуот хизмати катта инспектори Салават Каллибековнинг сўзларига кўра, Мискин ЙПХ масканида «стоп» белгиси ўрнатилмагани билан масканга кириб келаверишда 80,60,40,20 тезликни чеклаш белгилари ўрнатилган. Ҳайдовчилар масканга кириб чиқишда ушбу тезлик меъёрларига амал қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Хўжайлида ҳайдовчига қўл кўтарган ЙПХ ходими бўйича маълумот берилганди.

Мавзуга оид