Ўзбекистон | 20:50 / 12.07.2021
3839
3 дақиқада ўқилади

Реклама тўғрисидаги қонун лойиҳасини манфаатдор ташкилотлар билан келишишда қонун талаби бузилмагани билдирилди

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Kun.uz’да эълон қилинган, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси Бизнес-омбудсман ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилмагани ҳақидаги хабар юзасидан муносабат билдирди.

Унда айтилишича, “Реклама тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири лойиҳаси 2019 йил июнь ойидан бошлаб мутасадди вазирлик ва идоралар, хусусан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Олий суд ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган ҳамда жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган.

Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 20 апрелда қабул қилинган “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонунга асосан, тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга бевосита ёки билвосита таъсир кўрсатувчи масалаларга доир лойиҳалар Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишиши белгиланган.

Яъни, ушбу қонун қабул қилингунга қадар тадбиркорлик фаолиятига алоқадор лойиҳаларни Бизнес-омбудсман билан мажбурий тартибда келишиш талаби амалдаги қонунчиликда бўлмаган. Шу сабабли лойиҳани келишиш давридаги қонунчилик талабига мувофиқ, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига алоқадорлиги нуқтаи назардан қонун лойиҳаси Бош прокуратура ҳамда Савдо-саноат палатаси билан келишилган.

Шу билан бирга, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини келишиш бўйича регламентлар талабларига кўра, қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Адлия вазирлигига киритиш, ушбу вазирликнинг ижобий хулосаси олинганда Вазирлар Маҳкамасига киритиш босқичлариларидан ўтказилади (лойиҳани ишлаб чиқувчи ваколатли орган томонидан). Шундан сўнг, қонун лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратида келишиш босқичларидан ўтказилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилади.

“Реклама тўғрисида”ги қонун янги таҳрирининг матни Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси билан келишилган ҳолда 2021 йил 24 февралда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилган ва бугунги кунда муҳокама қилинмоқда, дейилади агентлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Реклама тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳаси кўриб чиқилмоқда. Мазкур қонун лойиҳаси тадбиркорларга ўз маҳсулотлари ва хизматларини реализация қилишда жиддий муаммоларга олиб келиши мумкинлиги ва реклама соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар жорий этилаётгани эса ҳуқуқ тизимимиз учун нонсенс экани ҳақида ёзгандик.

Мавзуга оид