«Алданманг, ишонманг» — Олий таълим вазири яқинлашаётган қабул жараёнлари олдидан жамоатчиликка мурожаат билан чиқди
Кейинги вақтларда олий таълимда фирибгарлар қўлига тушиш, фарзанди келажагини пора устига қуриш ҳолатлари ОАВда ёритила бошлади. Алданманг, ишонманг. Қани, қайси бир билимли қўшнингиз ёки қариндошингиз ўқишга кира олмаяпти – бироз ҳаракат қилган ўқувчи борки, олий таълимга кира олмоқда, дейди Абдуқодир Тошқулов.
Вазирлик матбуот хизмати Kun.uz'га тақдим этган видеомурожаатда, шунингдек, олий таълим йўналишида қилинаётган ислоҳотлар ҳам эслатиб ўтилади.
Ҳурматли ота-оналар, қадрли абитуриентлар, шу кунларда олий таълим олдида катта бир жараён – қабул жараёни турибди. Болажон халқимиз бутун инвестициясини, келажагини фарзанди ортида кўради. Жамоатчилик арбоблари, зиёлилар ва ректорлар мурожаат билан чиқмоқда, бунинг бевосита гувоҳи бўлиб турибсиз. Олий ва ўрта махсус таълим вазири сифатида бугун сиз азизларга мурожаат қилмоқчиман.
Олий таълим тизимида охирги тўрт йилда амалга оширилган ислоҳотларни санаб ўтсам. Бир аср мобайнида Ўзбекистонда 77та ОТМ фаолияти йўлга қўйилган эди. Охирги 4 йилда уларнинг сони 141тага етди, яъни қарийб икки баробарга кўпайди. Талабалар сони эса 3,5 бараварга ошди. 2016 йилда 379 минг талаба таҳсил олган бўлса, жорий йилги қабул натижасида талабалар сони 750 мингдан ошиши кутилмоқда. Натижада аввал ёшларнинг атиги 8 фоизи олий таълимга қамраб олинган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 28 фоизга етди. Бунинг замирида Ўзбекистон президентининг таълимга бўлган эътибори ётибди.
Халқимизни жуда қийнаб келган сиртқи таълим шакли тикланди, кечки таълим шакли жорий этилди, жорий ўқув йилидан бошлаб масофавий таълим шакли ҳам Ўзбекистон таълим тизимига татбиқ этилади. Бу рақамлар замирида қанча машаққат, харажат ва қанча-қанча янгиликлар турибди.
Яна бир янгилик бу абитуриентларга 5та таълим йўналишига ҳужжат топшириш имконияти берилгани. Ҳужжатлар эса онлайн тарзда топширилмоқда. Яқин йилларни эслаб кўринг, ҳафталаб ҳужжат топширишга вақт сарф этиларди. Гарчи кеч бўлса-да, мана шу қисқа вақтда 1,5 млн.га яқин ҳужжатлар онлайн топшириладиган бўлди. Энди абитуриентга уйида ўтириб, йўлга вақт ва харажат кетказмай, 5та таълим йўналишини танлаш имконияти берилди. Авваллари мисол учун икки дўстдан бири пойтахтдаги олий ОТМга 193 балл билан киролмасдан, “ўқишдан йиқилиб”, қайтиб келса, иккинчиси, вилоятдаги ОТМга 93 балл билан бюджетга ўқишга кирганини ўзимиз гувоҳи бўлдик-ку. Бу адолатсизлик эди, бунақа адолатсизликларнинг қанчасига барҳам берилди.
Тест имтиҳонлари. Биласизки, ҳамма учун бир кунда тест имтиҳонлари бўлиб ўтар эди. Давлат раҳбари топшириғи билан имтиҳонлар 15 кунда ўтказиладиган бўлди. Натижада назорат имконияти кўпайди. Ўртача билимга эга ёшлар бемалол ўқишга кира оляпти, иқтидорли ёшлар эса 10дан ортиқ таълим муссасаларига кира оляпти. Яъни билими ва ҳаракати борлар учун тўла имконият яратилди. Тест адолат мезонига айланди.
Жорий ўқув йилидан халқимиз учун яна қатор имкониятлар яратилди. Хориждан ўқишини кўчириб келмоқчи бўлганларнинг салмоғи жуда кўп. Уларни имтиҳон қилиш вазирликдан ДТМга олиб берилди. Бу ҳам коррупциянинг, таниш-билишчиликнинг олдини олишга қаратилган. Лекин эски тизим орқали нафсини қондириб келганлар янги тартиб нотўғри бўлганини айта бошлади, ҳолбуки, инсон омили бекор қилиниб, тест маркази имтиҳон қиладиган бўлмоқда. Балларнинг жуда ҳам оширилишидан тизим манфаатдор эмас. Лекин бир қадар ўйлаб кўрилади. Чунки 40-50 минглаб талабалар сони кўпайиб бораётган шароитда халқимиз қайси ОТМга, қайси давлатга чиқишни ҳам ўйлаб кўриши керак.
Кейинги вақтларда олий таълимда алданиш, фирибгарлар қўлига тушиш ҳолатлари, фарзанди келажагини пора устига қуриш ҳолатлари ОАВда ёритила бошлади. Алданманг, ишонманг. Қани, қайси бир билимли қўшнингиз ёки қариндошингиз ўқишга кира олмаяпти – бироз ҳаракат қилган ўқувчи борки, олий таълимга кира олмоқда. Сиз ўзингизни алдаяпсиз. Такрор айтаман, берувчи қўл бўлмаса, олувчи қўл бўлмайди.
Олий таълим тизимида ишлаётган, порага мойиллиги бор ҳамкасблар, устоз дея олмайман сизни, ўзингизни йиғиштиринг, халқни алдаманг. Айниқса, бу магистратура ва ижодий имтиҳонларга тааллуқли. Келгуси ўқув йилидан бошлаб магистратурага кириш учун чет тилидан халқаро сертификати бўлмаса, магистратура остонасига қадам ҳам босолмайди.
Бугун жамоатчиликнинг биздан ягона эътирози ва ҳақли эътироз деб биламан, таълим сифати. Лекин шу кунларда ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар билан яқин кунларда танишасиз, унда бутун олий таълимни кредит-модул тизимига ўтказиш, халқаро таълим стандартларини жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Энг муҳим ютуқлардан бири олий таълимда зиёлиларнинг обрўси ва нуфузини давлат раҳбари қайтариб берди. Мажбурий меҳнатдан озод бўлди, ўқитувчининг обрўйи тикланди. Бу жараён уларнинг иш ҳақлари кўтарилиши билан баравар кечди, уларнинг ойлик маошлари 3 баравардан кўп оширилди. Бугун профессорнинг ойлиги нафақат яшаши, балки уй олиши, машина олиши учун етарли бўлди. Фақатгина бир нарса қолди, бугун тизимнинг обрўйини елкама-елка туриб сақлаш қолди. Чунки атрофимиз фирибгарларга тўла, ҳатто яқин кунларда эшитяпманки, ўқишни кўчириш учун ставкалар белгиланган.
Ҳурматли жамоатчилик аъзолари, ОАВ вакиллари, блогерлар, марҳамат, ижодий имтиҳонларда иштирок этинг, мурожаат қилинг – комиссияларга қўшамиз. Тизимни ўрганинг, ёрдам берамиз. Оқибат билан эмас, сабаб билан ишлайлик, сабабнинг олдини олайлик.
Абдуқодир Тошқулов,
Олий ва ўрта махсус таълим вазири.
Мавзуга оид
21:42 / 22.12.2024
Ўзбекистонда ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш бошланди
13:50 / 21.10.2024
Ҳиндистон Ўзбекистон ОТМда онлайн смарт-аудиторияларни ташкил этиши мумкин
15:23 / 21.09.2024
“Қўлингдан битта жакет сотволиш келмайдими, уятсизлар...” — ТДПУда форма киймаган талабалар босимга учради
14:49 / 21.09.2024