Жаҳон | 10:55 / 19.07.2021
11392
2 дақиқада ўқилади

Тихановская Беларусь президенти лавозимига номзодини қўймаслигини айтди

Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская президент лавозимига яна номзодини қўйишни режалаштирмаяпти. У бу ҳақда АҚШга сафари вақтида маълум қилди.

Фото: Arturas Morozovas / Getty Images

Тихановская 18 июлда Вашингтонга келди. Аввалроқ у АҚШ президенти Жо Байден ва давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашишни истаётганини маълум қилганди. Бироқ таъкидланишича, Байден ва Блинкеннинг иш жадвалларида яқин кунларга Тихановская билан учрашув белгиланмаган.

Беларуслик мухолифатчи Вашингтонда ватандошлар билан учрашган. У суҳбат давомида президент сайловларида иштирок этишни режалаштирмаётганини маълум қилган. Унинг таъкидлашича, мамлакатга биринчи навбатда уни тиклашга қодир “яхши бошқарувчи” керак ва Беларусда бундай “профессионал менежерлар” етарлича бор. Унинг ўзи эса “одамларни рағбатлантирувчи маънавий авторитет” бўлиши мумкинлигини айтган.

“Мен сайловларда иштирок этишга тайёрмасман”, деб айтган Тихановская.

Беларуслик мухолифатчи ватандошлар билан суҳбатда АҚШ ҳукуматини “сўзлардан ҳаракатларга ўтишга” чақиришини айтган.

“Мен беларусларга нисбатан жиноят содир этганларни халқаро тергов ва адолатли суд қилиш, мамлакатимизни йўқ қилаётганларга қарши санкциялар зарурлиги ҳақида гапираман”, деб таъкидлаб ўтган Тихановская.

2020 йил августда Беларусда ўтган президент сайловларида амалдаги президент Александр Лукашенкога асосий рақиб бўлган Тихановская 2021 йилда сайловларнинг қайта ўтказилишига чақирган. Лукашенко мамлакатда бошқа президентлар ҳам бўлишини айтган ва беларусларни “сабр қилишга” чақирган. У АҚШдаги президент сайловлари қайта ўтказилса, у ҳам Беларусда бундай қилишга тайёрлигини таъкидлаб ўтган.

Мавзуга оид