Спорт | 07:17 / 21.07.2021
3902
2 дақиқада ўқилади

“Милуоки” 50 йил ичида биринчи марта МБА чемпионига айланди

Фото: EPA

“Милоуки Бакс” баскетбол клуби Миллий баскетбол ассоциациясининг жорий мавсумдаги чемпионига айланди. Жамоа плей-офф босқичининг финал сериясида “Финикс Санз”га қарши курашиб, уни 4:2 ҳисобида мағлуб этди.

Сериянинг “Милоуки” учун ғалаба келтирган охирги учрашуви Висконсиндаги Файсерв-форум стадионида бўлиб ўтди ва “буғулар” фойдасига 105:98 ҳисобида якунланди.

Таъкидланишича, бу ғалаба клуб тарихидаги иккинчиси бўлди. Жамоа охирги марта роппа-роса 50 йил аввал – 1970/1971 йиллардаги мавсумда МБА ғолибига айланганди. Ўшанда жамоа учун афсонавий Карим Абдулжаббор ўйнаган.

Эътиборлиси, “Милуоки” жорий финал сериясининг илк икки учрашувида мағлубиятга учраб, кейин қаторасига 4та ғалабани қўлга кирита олди.

“Милуоки” ҳужумчиси Яннис Адетокунбо финалнинг энг қимматли ўйинчиси деб топилган. У ҳал қилувчи учрашувда 50 очко тўплаган. 

“Милуоки” финал сериясигача йўлда “Майами Хит”, “Бруклин Нетс” ва “Атланта Хоукс” клубларини мағлуб этишга муваффақ бўлган.

Мавзуга оид