Ўзбекистон | 19:13 / 23.07.2021
8352
1 дақиқада ўқилади

Mobiuz'га эгалик ҳуқуқи AКТ вазирлигига ўтди

Президент қарорига мувофиқ, Mobiuz устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши Aхборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига топширилмоқда. Компанияга 2018 йилдан бери эгалик қилиб келган “Рақамли ишонч” жамғармаси тугатилади.

Президентнинг “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасини тугатишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг “Рақамли ишонч” рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тугатилади.

Шунингдек, “Mobile universal systems” МЧЖ (Mobiuz) устав капиталидаги 100 фоиз давлат улуши бўйича иштирокчи ҳуқуқи Aхборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигига топширилмоқда.

Маълумот ўрнида, ушбу компания 2014 йил 1 декабрдан бери бутун Ўзбекистон бўйлаб уяли алоқа хизматларини кўрсатади.

2018 йил 21 ноябрдаги президент фармонига мувофиқ, компанияга “Рақамли ишонч” жамғармаси эгалик қилиб келган. Ўша пайтда компания UMS номи билан аталарди.

Мавзуга оид