Спорт | 13:39 / 25.07.2021
29212
2 дақиқада ўқилади

Токио-2020. Ўзбекистонлик таэквондочи илк медални нақд қилди

Ўзбекистонлик таэквондочи Олимпиада тарихида илк бор финалга чиқди. 19 ёшли Улуғбек Рашидов босниялик рақибига имконият қолдирмади.

Токио Олимпиадасида таэквондо бўйича -68 кг вазн тоифасида яримфинал баҳслари ўтказилди.

Ўзбекистонлик таэквондочи Улуғбек Рашидов финал йўлланмаси учун кечган баҳсда Босния ва Герцеговина вакили Нежад Ҳушичга қарши даянга чиқди.

Ўзбекистон вакили барча раундларда устунлик қилди - биринчи раундда 14:1 ҳисоби қайд этилгач, ғолиб масаласи амалда ҳал бўлганди. Якунда Рашидов 28:5 ҳисобида ғалаба қозониб, финалга чиқди ва камида кумуш медални нақд қилди.

Бу Ўзбекистон тарихида илк бор таэквондочи Олимпия ўйинлари финалига чиқишидир. Қолаверса, шу вақтгача ўзбекистонлик таэквондочилар Олимпиадаларда совриндор бўлмаганди.

Маълумот учун, турнирга 17-рақам остида сараланган Улуғбек Рашидов илк босқичда малилик Сейду Фофанадан (38:17) устун келди. Нимчорак финалда эса шу вазннинг биринчи рақамли вакили -  3 карра жаҳон чемпиони, Олимпия ўйинларининг 2 карра совриндори жанубий кореялик Ли Де Ҳунни сенсацион равишда мағлуб этди (21:19). Чорак финалда эронлик Мирҳошим Ҳуссайн (34:22) таслим этилди.

19 ёшли Улуғбек Рашидов энди финалда британиялик Бредли Синденга қарши жанг қилади. Шу вазн тоифасининг иккинчи рақамли вакили бўлган Синден яримфиналда шу вазннинг учинчи рақамли вакили, хитойлик Шуаи Жаони мағлуб этди.

Бредли Синден

Финал 25 июль кунининг кечки дастуридан ўрин олган бўлиб, Тошкент вақти билан соат 17:45дан сўнг старт олади.

Мавзуга оид