Жамият | 14:48 / 28.07.2021
15607
3 дақиқада ўқилади

Ўрта асрларда “дунёнинг тугаши” деб ном олган шаҳар — Лиссабон бўйлаб саёҳат (фото)

Европа бўйлаб саёҳатим давом этмоқда. Айни кунларда Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридаман. Таассуротларим ҳақида доимгидек фоторепортаж тайёрладим, дея ҳикоя қилади UzbekLife колумнисти Маҳкам Ҳамидов.

Лиссабон – Португалия пойтахти, Европанинг энг қадимги шаҳарларидан бири. VIII асрдан XII асрга қадар араблар ҳукмронлик қилган. Шу боисдан бўлса керак, араб меъморчилиги  аксарият биноларда сезилиб туради.

Ўзининг қулай жойлашуви бу шаҳарга кўп бойликлар орттириш имконини берган. Ўрта асрларда Лиссабон Европа, Африка ва Осиё давлатлари ўртасидаги энг муҳим шаҳар ҳисобланган. Аниқроғи, савдо-сотиқнинг катта қисми айнан шу шаҳар ҳиссасига тўғри келган. Денгизчилар узоқ денгиз сафарларига Лиссабон шаҳридан хусусан, Васко да Гамма Лиссабон орқали чиққан.

Португалия бугунги кунга келиб Европа Иттифоқининг нисбатан кам ривожланган давлатлари қаторига киради.

Бироқ ўрта асрларда Португалия ва хусусан Лиссабон шаҳри Европанинг энг кучли давлат ва шаҳарларидан бири бўлганини бугунги кунга қадар сақланиб қолган қасрлар, сарой ва черковлар мисолида кўриш мумкин.

Португалия қироллари саройи
Лиссабон шаҳри ўзининг “Golden Gate Bridge”ига эга. Ушбу кўприк Сан-Францискодаги машҳур кўприкка жуда ўхшайди.

Худди Порто шаҳридек, Лиссабон ҳам кўп тор кўчалардан иборат.

Черковлар ва катедраллар тепаликларда қурилган. Айнан шу жойлардан шаҳардаги энг чиройли манзараларни кўрса бўлади.

Лиссабон шаҳридан 30 км узоқликда Синтра деб номланган шаҳарча бор. Ушбу жой ўзининг табиати ва шаҳарнинг гўзаллиги билан эътиборни тортади.

Шаҳар тоғли ҳудудда жойлашган бўлиб, тоғнинг устида қаср – Castelo dos Mouros – жойлашган. Унга кўтарилиш анча вақт ва куч талаб этади. Шунга қарамасдан албатта кўтарилиб, шаҳарнинг ажойиб манзарасини кўрмасликнинг иложи йўқ эди.

Лиссабон шаҳридаги охирги манзил Евросиёнинг энг ғарбий нуқтаси – Кабо да Рока деб номланган жойга бўлди. Ушбу манзил ўрта асрлар давомида “дунёнинг тугаши” ёки “Ернинг бурчаги” деб ном олган. Яъни одамлар ушбу жойдан сўнг Ер тугайди, шу Ернинг охирги нуқтаси деб билишган.

Маҳкам Ҳамидов
UzbekLife колумнисти

Мавзуга оид