Жамият | 19:26 / 29.07.2021
12668
3 дақиқада ўқилади

Фотиҳ Султон Меҳметни лол қолдирган маскан: «Дунёнинг қалби» – Амасра

Анқара университетидаги дарслардан бўш вақтларимда Туркиянинг турли жойларига саёҳат қилишни мақсад қилгандим. Танишлар билан келишиб, Амасрага боришга қарор қилдик. UzbekLife учун ушбу гўзал шаҳардан фоторепортаж тайёрладим.

Фото: Getty Images

Анқарада турли жойларга саёҳат ташкил қиладиган тур агентликлари жуда кўп. Биз ҳам улардан бири орқали боришга қарор қилдик. 150 лира бизнинг пулда 170-180 минг сўмга бир кунлик саёҳатларга чиқиш мумкин. Бу маблағ бориш-келиш харажатлари, нонушта, гидлик хизматини қамраб олади.

Эрталаб 7:30 да йўлга чиқдик. Анқара шаҳри ва атрофидаги ҳудудлар қуруқ ҳавоси ва табиати туфайли Ўзбекистон шаҳарларига ўхшаш. Аммо 2 соат юргандан кейин атроф кескин ўзгариб, ўрмонлар бошланди.

Йўллар бир текис. Соат 13:00 да Амасрага етиб бордик. Вақтимиз оз бўлганлиги сабабли шаҳар ичи ва денгиз қирғоқларини айландик.

Амасра «ёқимли ва гўзал», «гуллар қалъаси» дея таърифланган. Усмонийларнинг буюк султони Фотиҳ Султон Меҳмет тарафидан эса «Чашми Жаҳон», яъни «Дунёнинг кўзи, дунёнинг қалби» сифатига лойиқ кўрилган. 1940 йилдан туризм фаолиятини бошлаган шаҳар бугун ҳам кўплаб туристларни ўзига жалб этмоқда.

Амасра тарихан финикияликлар, форслар, македонлар, римликлар қўним топган маскан ҳисобланган. Усмонийларга қўшилиш тарихи 1460 йилларга бориб тақалади. Амасрани илк кўришда мафтун бўлган Фотиҳ Султон Меҳмет оталиғидан «Чашми Жаҳон» (дунёнинг кўзи) буми?” деб сўрайди. Ва бу жойни уруш қилмасдан олишга қарор қилади. Чунки бу гўзал шаҳарнинг зарар кўришини хоҳламайди.

Шаҳарга милоддан аввалги 3 асрда қалъани бошқарган аёл малика Амастриснинг исми берилган. Усмонийлар даврига келиб Амасра деб номлана бошлади.

Шаҳардаги диққатга сазовор жойларни пиёда юриб томоша қилса бўлади. Шаҳар иккита кичик портга эга. Шаҳар тарихий жойлар билан биргаликда табиий гўзалликка эга. Тоза пляжлари, ўрмон ва ғорлари ҳар йили кўплаб саёҳатчиларни ўзига жалб этади.

Қуйида шаҳарнинг турли манзаралари акс этган суратлар билан танишасиз.

Музаффар Ҳабибуллаев
Анқара университети магистранти

Мавзуга оид