Жаҳон | 23:35 / 29.07.2021
12877
4 дақиқада ўқилади

Ёнғинлар, сув тошқинлари ва аномал совуқ – дунё табиий офатлар исканжасида қолди

Бугунги кунда дунё иқлим ўзгаришининг оқибатлари билан юзма-юз келмоқда. Европада сув тошқинлари ва ўрмон ёнғинлари авж олган бўлса, Африка жануби ва Бразилияда аномал совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилмоқда.

Ушбу ҳафтада Туркиянинг энг оммабоп курортлари - Анталя, Мармарис ва Бодрумни ўрмон ёнғинлари қуршаб олди. Олов шу даражада яқин келганидан меҳмонхоналарда эвакуация ишлари олиб борилмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, ўрмон ёнғинлари оқибатида уч киши ҳалок бўлган, 183 киши жабрланган. Олов 20дан ортиқ уй ва фермалар, юзлаб автомобилларни йўқ қилган.

Маълумот берилишича, жониворлар ёнғин ҳудудида қолиб кетмоқда. Туркия президенти маъмурияти вакилининг сўзларига кўра, 150 бош қорамол ва минглаб кичик шохли қорамоллар олов ичида ҳалок бўлган.

Греция ҳам олов қуршовида қолган. Ўт ўчирувчилар Афина шимоли ва Ахаия регионида ёнғинлар билан олишмоқда.

Хабар қилинишича, Елекистра ва Соулида камида олтита уй куйиб кул бўлган. Ушбу ҳудуддаги тўққизта қишлоқ аҳолиси эвакуацияга тайёр туриш тўғрисида огоҳлантирилган. Икки киши жабрланган.

Ўрмон ёнғинлари билан боғлиқ энг мураккаб вазиятлардан бири Ёқутистонда кузатилмоқда. Бу ерда июн охирида фавқулодда вазият режими жорий этилганди. Республикада 1,5 млн гектардан ортиқ ўрмон ёнмоқда. Ёқутистон ҳудудида 200дан зиёд ёнғин ўчоғи қайд этилган.

Ҳозирда Магадан, Чукотка ва Камчатка ҳам олов исканжасида қолган. Экспертлар ёнғинлар Марказий Сибирга етиб келиши мумкин деб ҳисобламоқда.

АҚШ ғарбида ҳам вайронкор ёнғинлар авж олган. Ўрмон ёнғинлари 12та штат ҳудудини қамраб олди. Мамлакатда жами 85та ёнғин ўчоғи қайд этилган. Ўт ўчирувчилар уларнинг ярмини назорат остига олган. Ёнғинларга аномал жазирама иссиқ ва қурғоқчилик сабаб бўлган.

Маълумотларга кўра, ўтган ой охирида Канадада юз берган ўрмон ёнғинларининг тутуни ҳали ҳам дунё бўйлаб айланиб юрибди.

Табиий офатларнинг яна бири сув тошқинларидир. Аномал ёмғирлар бутун Евросиёда сув тошқинларини келтириб чиқарди.

Афғонистон шарқида жойлашган Нуристон вилоятида юз берган тошқинларда камида 150 киши ҳалок бўлди.

20 июл куни Хитойнинг Жэнгжоу шаҳрида кучли ёмғир ёғиши натижасида сув тошқинлари содир бўлди, сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 25 нафарни ташкил этмоқда.

Ҳиндистоннинг Гоа ва Маҳараштра штатларида рўй берган кенг кўламли сув тошқинларидан кейин минглаб бинолар вайрон бўлди, Маҳараштрада 136 киши табиий офат қурбонига айланган.

Бельгияда 14–16 июл кунлари юз берган тошқинлар 10 млрд евродан кўпроқ зарар етказган, тошқинлар вақтида ҳалок бўлганлар сони 32 нафарни ташкил қилмоқда. Яна 18 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Шунингдек, 10 мингдан кўпроқ уйга зарар етган, 1,5 мингга яқин уй сув, 10,5 минг уй электр ва газ таъминотисиз қолган.

Ғарбий Германияда минглаб одамлар сув тошқинлари сабаб уйларини тарк этди, 100 мингдан ортиқ киши электр таъминотисиз қолди. Табиий офатнинг асосий зарбаси Германиянинг ғарбий ҳудудларига тўғри келди — Рейнланд — Пфальц ва Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерларига. Биринчисида, маҳаллий расмийларнинг маълумотларига кўра, 90га яқин киши ҳалок бўлган, иккинчисида — 43 киши.

Шу билан бирга, жанубий яримшарда аномал совуқ ҳаво ҳукмронлик қилмоқда. Ҳозирда қиш фасли бўлган Жанубий Африка Республикасининг марказий қисмида рекорд даражада паст ҳарорат қайд этилди. 24 июлга ўтар кечаси Кимберли шаҳри ва унинг атрофида ҳарорат минус 9,9 даражани ташкил этган. Бу ЖАРдаги метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳарорат ҳисобланади.

28 июл куни Бразилияга совуқ ҳарорат кириб келди. Санта-Катарина штатининг 10дан ортиқ шаҳрида қор ёғди. Риу-Гранди-ду-Сул штатида эса 30та шаҳарда қор ёғиб, ҳарорат нолдан пасайиб кетди. Бразилиядаги энг паст ҳарорат Сан-Жоаким шаҳрида қайд этилди: минус 7,8 даража.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден глобал исиш дунёда янги низоларга сабаб бўлиши мумкинлигини айтганди.

Мавзуга оид