Ўзбекистон | 18:30 / 01.08.2021
27343
2 дақиқада ўқилади

Зоминдаги ўрмон ёнғини ўчирилди

Зомин туманининг тоғли ҳудудида куннинг биринчи ярмида бошланган ўрмон ёнғини бутунлай ўчирилди. 80 гектар ҳудуддаги дарахтлар ва ўт-ўланлар ёнган, ёнғин аҳоли уйларига етиб келмаган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Зомин тумани ўрмон ҳудудида содир бўлган ёнғин ўчирилгани ҳақида хабар берди. Ёнғин 80 гектар майдонни қамраб олган.

«1 август куни эрталаб соат 10:40да Жиззах вилояти Зомин тумани «Дуоба» МФЙ Ўриклисой аҳоли пункти ҳудудига яқин жойда тахминан 80 га. майдонда қуруқ ўт ва дарахтлар ёнган. Ёнғинни ўчириш учун Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Чегара қўшинлари, Давлат ўрмон хўжалиги қўмитаси, 14та ёнғин ўчириш экипажи ва 1та ёнғин қутқарув отряди, 4та вертолёт жалб этилди.

Ёнғин соат 18:20да батамом ўчирилди. Барча жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари томонидан мувофиқлаштирилиб борилди. Тегишли идораларнинг куч воситаларининг ўз вақтидаги ҳаракатлари натижасида ёнғин яқин атрофдаги аҳоли пунктларига ўтмади», дейилади вазирлик хабарида.

Бундан олдинроқ Жиззахдаги Зомин тоғларида 1 август куни ёнғин чиққани, оловни ўчириш учун 400га яқин ходим ва 4та вертолёт жалб этилгани ҳақида хабар берилган эди. AviaSpotter каналининг маълум қилишича, ёнғинни ўчиришга Ўзбекистон Мудофаа вазирлигининг AirBus X215 SuperPuma вертолётлари жалб этилган.

Мавзуга оид