Иқтисодиёт | 14:28 / 02.08.2021
14915
4 дақиқада ўқилади

Хуфиёна иқтисодиёт, коронаинқироз ва вакцинация. Молия вазири ўринбосари халқаро нашрга интервью берди

Одилбек Исоқов 2020 йилги коронаинқироз ва карантин чекловлари даврида республика иқтисодиёти ўсишига таъсир қилган омиллар, жорий йил ва келгусида кутилаётган иқтисодий натижалар тўғрисида фикр билдирди.

Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов Ўзбекистоннинг молиявий барқарорлиги ва келажакдаги ўсиш истиқболлари бўйича IntelliNews нашрига интервью берди.

Пандемия даврида иқтисодий ўсишга қандай эришилди?

Одилбек Исоқов дастлаб ўтган йилги коронаинқироз даврида республика иқтисодиёти нималар ҳисобига ўсишга эришганига тўхталган.

«Ўзбекистон иқтисодиёти 2020 йилда 1,7 фоиз ўсди. Бу минтақадаги саноқли давлатларда кузатилган ижобий кўрсаткичлардан бири бўлиб, ҳукумат ва халқаро молия институтлари кутганидан ҳам яхшироқ натижа эди.

Бунинг асосий омилларидан бири қишлоқ хўжалигининг нормал ҳолатда ишлагани билан боғлиқ. Яъни ушбу тармоқ иқтисодиётнинг учдан бир қисмини ташкил этади. Иккинчидан, ишлаб чиқариш компанияларининг карантин чекловлари вақтида ҳам ишлаши таъминланди. Албатта, металл ва тоғ-кон саноати, энергетика ва коммунал хизматлар, нефт ва газ каби тармоқлар иқтисодиёт таянчидир.

Ўтган йили автомобил ишлаб чиқариш ҳам ўсди ва янги машиналарнинг ички савдоси ошди. Катта тўйлар учун сарфланмаган пулларнинг бир қисми (карантин чекловлари вақтида тақиқланган) автомобиллар ва бошқа маҳсулотлар сотиб олиш учун сарфланган», дейди вазир ўринбосари.

2021 йилда Ўзбекистон иқтисоди қанча ўсишга эришиши мумкин?

Исоқовга кўра, 2021 йилда республика иқтисодиётида сезиларли ўсиш бўлиши прогноз қилинмоқда.

«Ўзбекистон ҳукумати бу йил иқтисодиёт 5 фоиз ва ундан кўпроқ ўсишини кутмоқда. JP Morgan va Standard & Poor's каби баъзи молиявий хизматлар тахминлари бундан ҳам ижобий. Иқтисодиёт ўсиб бориши натижасида мамлакатда иш ўринлари яратилади, шу билан бирга даромадлар даражаси ҳам ошади.

2023 йилга бориб мувозанатли консолидацияланган бюджетга эришишини мақсад қилганмиз. Умидимиз шуки, умумий молиявий баланс 3 фоиз остида қолади. Бу нолга айланиши мумкин, лекин биз буни яқин келажакда тасаввур қила олмаймиз.

Давлатнинг бу йилги қарз олиш миқдори (бюджет қонунига мувофиқ) 5,5 млрд долларга тенг бўлади. Шундан 500 млн доллар ғазна облигациялари ва векселлари (маҳаллий қарзлар) учун ажратилади. 5 млрд доллар ташқи қарз бўлиб, унинг 3,3 млрд доллари инвестиция харажатларига сарфланади», дея таъкидлаган у.

Вакцинация - бу ечим

Молия вазири ўринбосари шунингдек, коронавирусга қарши эмлашнинг муҳимлиги бўйича фикрларини айтган.

«Эмлаш даражаси юқори бўлган мамлакатларда ҳаёт нормал ҳолатга қайтмоқда. Вакцинация - бу ечим. Биз одамларни эмлашга фаол ҳаракат қиляпмиз. Жараённи 65 ёшдан ошган фуқаролардан бошладик.

Энди 18 ёшдан юқори ҳар бир инсон эмланиши мумкин ва буни амалга ошириш учун кўпгина эмлаш нуқталари ташкил қилдик. Ҳатто бозорларда эмлаш учун хоналар мавжуд.

Бу ҳақиқатан ҳам ҳаракатни тезлаштиради, лекин қаршиликлар, вакцина самарасига қарши фитналар ҳам йўқ эмас. Ҳозиргача мамлакатга 5 млн дозадан ортиқ вакцина олиб келинди», дейди мутасадди.

Хуфиёна иқтисодиётга чек қўйиш нега муҳим?

Одилбек Исоқов интервьюсида Ўзбекистон иқтисодиётига тушов бўлаётган энг катта муаммолардан бири – яширин иқтисодиётга чек қўйиш масаласида ҳам фикр билдирган. 

«Маҳаллий таҳлил марказларидан бири республикадаги яширин иқтисодиёт ҳажмини реал иқтисодиётнинг 55 фоизига тўғри келишини маълум қилди.

Ҳам бюджет даромадлари, ҳам иқтисодиётнинг шаффофлиги билан боғлиқ бўлган муҳим ўзгариш, бу ҳукуматнинг бюджет молиявий имкониятларини оширишга бўлган саъй – ҳаракатлари ҳисобланади.

Компанияларни яширин иқтисодиётдан олиб чиқиш иқтисодиёт учун катта ижобий ўзгаришларга замин яратади. Солиқ маъмурияти, солиқ кодекси ишламоқда. Ҳозирда кўплаб фирмалар яширин иқтисодиётдан расмий шаклга ўтмоқда. Бу мамлакат иқтисодий ривожланиши учун муҳим жараён», дея таъкидлаган Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов.

Мавзуга оид