Жаҳон | 22:24 / 05.08.2021
4038
2 дақиқада ўқилади

Zoom маълумотлар махфийлиги бузилгани туфайли фойдаланувчиларга 85 млн доллар тўлайди

Фото: Getty Images

Bloomberg’нинг суд қарорига таяниб ёзишича, Zoom фойдаланувчилар маълумотлари махфийлигини бузганлик ҳақидаги даъволарини қондириш учун 85 миллион доллар тўлайди.

АҚШнинг Калифорния штати Сан-Хосе федерал суди пандемия даврида оммалашган Zoom видео-конференц-алоқа хизмати ва ушбу платформа фойдаланувчилари ўртасидаги даъво ишини кўриб чиқди.

Фойдаланувчиларнинг таъкидлашича, платформа улар ҳақидаги маълумотларни тўплаб, Facebook билан бўлишади. Бироқ Zoom мижозларининг шахсий маълумотлари бошқа компанияларга тақдим этилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмаган. Шу тариқа суд ишида Zoom истеъмолчилар махфийлигини ҳимоялаш тўғрисидаги штат қонунларини бузгани тасдиғини топди.

Суд Zoom фойдаланувчилар маълумотларини Facebook’ка қонунга зид тарзда тақдим этган, шунингдек, фойдаланувчиларнинг видеоалоқаларини ҳакерлик ҳужумларидан ҳимоя қила олмаган ва уларни хавфсиз шифрламаган деб топди.

Суд тортишувлари жараёнида келишувга эришилди. Унга кўра, Zoom фойдаланувчиларга товон сифатида қарийб 85 миллион доллар тўлайди. Бундан платформанинг пулли версиясидан фойдаланувчиларга 25 доллардан, даъво гуруҳига мансуб бўлмаган фойдаланувчиларга эса 15 долларгача тўлаб берилади. Шунингдек, суд Zoom зиммасига фойдаланувчиларнинг махфийлик амалиётини яхшилаш мажбуриятини ҳам юклади.

Мавзуга оид