Ўзбекистон | 10:24 / 06.08.2021
3160
2 дақиқада ўқилади

Aмударёда лойиҳа қиймати 3,5 млрд сўмлик янги масжид қурилмоқда

Aмударё туманидаги Қипчоқ шаҳарчасидаги “Ҳожи эшон бобо” жомеъ масжиди биноси қурилиши бошланди. Шу муносабат билан шаҳарчада масжидга тамал тоши қўйиш маросими ўтказилди. Унда Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари Бахтжон Ҳабибуллаев, Қорақалпоғистон Республикаси Қозияти қозиси Шамсуддин Баҳоуддинов ва туман ҳокими Султонбой Йўлдашев иштирок этган.

“Ҳожи эшон бобо” жомеъ масжиди ҳам катта йўл ёқасида жойлашган. Ҳудуд маҳаллий йўловчиларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун қулай жой ҳисобланади. Масжиднинг эски биноси 1989 йилда қурилган. 1-2 бўлмадан иборат бу иншоот ҳозирги кун талабига жавоб бермайди. Шу боис, 6 сотихдан ортиқ майдонда ҳашар йўли билан тадбиркорлар ва хайрия қилувчиларнинг ҳомийлик ёрдами ҳисобига қурилаётган янги масжид 1000 кишини сиғдира оладиган катта хонақоҳ, намозхона, таҳоратхона, қўшимча маъмурий хоналардан иборат бўлиши режалаштирилган.

Қўшимча 80 сотих ер майдонида эса ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида игнабаргли, манзарали дарахтлар, буталар ва гуллар экилиши, яшил майсалар билан қопланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, тахминий қиймати 3,5 млрд сўмга яқин бўлган лойиҳага кўра, қурилаётган ушбу янги бинони табиий газ ва электр, алоқа тармоқларига улаш, ибодатчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар, масжидлар ва қабристонларни ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида яна 15 та масжид иш бошлаши арафасида турибди.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Чимбой ва Тахтакўпирда янги масжидлар фойдаланишга топширилганди.

Мавзуга оид