Ўзбекистон | 16:54 / 07.08.2021
12529
2 дақиқада ўқилади

Ботаника боғидаги имтиҳонлар. 3 кун ичида телефон ва шпаргалка олиб кирган 6 абитуриент аниқланди

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовлари давом этмоқда. Тошкентдаги Ботаника боғида бўлиб ўтаётган имтиҳонларда бир сменада 2 минг 880 нафар абитуриент, бир кунда эса 5 минг 760 нафар абитуриент иштирок этиши мўлжалланган.

Давлат тест маркази мутахассиси Бобур Юсуповнинг айтишича, уч кун ичида тақиқланган воситаларни олиб кириш билан боғлиқ 7та ҳолат аниқланган.

“Уч кунда 6та телефон ва 1та шпаргалка олиб кирган абитуриентлар аниқланди. Масъул назоратчилар томонидан далолатнома тузилиб, бу абитуриентлар имтиҳондан четлатилди.

Ҳар бир абитуриентнинг тана ҳарорати назорат қилиняпти, ҳозирча 2 нафар абитуриентда тана ҳарорати меъёрдан баланд экани аниқланиб, улар ҳам тестга киритилмади. Барча имтиҳонлар тугагандан кейин, давлат комиссияси томонидан тегишли тартибда улар учун қўшимча тест синовлари ташкил қилинади”, – деди у.

5 августда ўтказилган имтиҳон натижалари 6 август куни эълон қилинди.

ДТМ мутахассисига кўра, ҳар бир абитуриент ўз шахсий кабинети орқали нафақат тўплаган балларини, балки жавобларининг тўғри ёки нотўғри эканини ҳам кўриши мумкин. Чунки платформага абитуриент жавоблар варақасининг нусхаси жойланади.

Тест жараёнлари кузатув камералари орқали назорат қилинади ва ота-оналарга онлайн тарзда кузатиш имкониятини беради. Ҳар бир абитуриент face-назорат тизимида текширувдан ўтказилади.

“Ботаника боғида ўтказилаётган имтиҳонларда 96та гуруҳнинг ҳар бири видео назорат орқали кузатиляпти. Абитуриентлар face-назоратдан ўтишади ва шу вақт ичида мос келмаган иштирокчилар ҳам аниқланди. Уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилади.

Бу тизимда ўз имтиҳон вақтини адаштириб, бошқа вақтда келаётган абитуриентлар ҳам учраяпти. Улар ҳам назоратдан ўта олмайди, чунки киритилган маълумотлар базасига абитуриент қачон ва қайси пайтда тестга келиши кераклиги киритилган”, – дейди “Хавфсиз шаҳар” жамоат тартибига кўмаклашиш маркази ходими Абдуфарид Маткаримов.

Аввалроқ, Қашқадарёда ҳам имтиҳонларда телефон ишлатганлар ва бошқанинг ўрнига кирганлар аниқлангани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид