Ўзбекистон | 12:17 / 10.08.2021
6582
2 дақиқада ўқилади

Миллий боғдан Юнусобод туманигача велойўлак ташкил этиш режалаштирилмоқда

“Тошшаҳартрансхизмат” АЖда рақамлаштириш ҳолати ўрганилди. Бу ҳақда Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази хабар бермоқда.

Қайд этилишича, унда Ўзбекистон бош вазири маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири биринчи ўринбосари Олег Пекось ҳамда бошқалар иштирок этишди.

Тадбир давомида пойтахтда янги – Velos сity лойиҳаси йўлга қўйилиши ҳақида ахборот берилди. Унга кўра, Тошкент марказидаги Миллий боғдан Юнусобод туманининг 12-даҳасигача велойўлак ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Лойиҳага кўра, велойўлак йўналиши 13 та жойдан ўтади. Улар орасида “Халқлар дўстлиги” метро бекати, “Ўзбекистон” метро бекати, “ЦУМ”, Темурийлар тарихи музейи, Олой бозори, “Минор” метро бекати, Бодомзор кўчаси, ТАТУ, Тошкент телеминораси (Шаҳристон кўчаси), “Универсам”, “Мегапланет” гипермаркети бор. Лойиҳа ҳақида бошқа қўшимча маълумот берилмаган.

Шунингдек, тадбирда “Тошшаҳартрансхизмат” мутахассислари томонидан “Тошкент транспорти” мобил иловаси тақдимоти ҳам ўтказилди.

Қайд этилишича, эндиликда мазкур мобил илова фойдаланувчилари шаҳар жамоат транспорти ҳаракат таркибини реал вақтда кузатиш, автобуслар сафар вақти ҳақида маълумотга эга бўлиш, фойдаланувчи турган жойга энг яқин бўлган оралиқ бекатлар тўғрисида маълумотга эга бўлиш, манзилга элтувчи энг тезкор ва фойдали йўналишга эга бўлиш, шаҳар жамоат транспортида ҳаракатланишнинг энг мақбул усулини топиш, ҳаракатланиш чизмаси, локацияси ҳамда автобуслар ва фойдаланувчи ҳаракат тарихини сақлаш, электрон транспорт карталари сотиш шохобчалари жойлашувини тезкорлик билан топиш ва ушбу манзилга ҳаракатланувчи автобус йўналишини кўриш ҳамда шахсий транспорт воситасидан фойдаланмаган ҳолда йўналишнинг А нуқтадан Б нуқтасига бориш бўйича аниқ қўлланмага эга бўлишлари мумкин.

Мавзуга оид