Ўзбекистон | 22:02 / 11.08.2021
9011
12 дақиқада ўқилади

Президент фармони билан Болалар омбудсмани институти таъсис этилди

Президент фармонига кўра, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили – Болалар омбудсмани институти таъсис этилди. Шу муносабат билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилди.

Президент Шавкат Мирзиёев «Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонини имзолади.

Фармондан мақсад болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича кенг жамоатчилик билан ўтказилган муҳокама натижалари, шунингдек, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ҳисобланади.

Фармон билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (кейинги ўринларда – Болалар омбудсмани) институти таъсис этилади, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимини тугатиш ҳақидаги таклифлар маъқулланган.

Болалар омбудсмани ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда амалга оширади, ўз фаолиятида Олий Мажлис палаталарига ҳисобдорлиги; Болалар омбудсмани Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланиши; Болалар омбудсмани лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан киритилиши белгилаб қўйилган.

Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) идоралараро комиссиялари тегишлича Болалар масалалари бўйича миллий комиссия (кейинги ўринларда — Миллий комиссия), Болалар масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) комиссиялари (кейинги ўринларда – ҳудудий комиссиялар) этиб қайта ташкил қилинади.

Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, унинг соғлом турмуш тарзини таъминлаш;
  • болаларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий ва ахлоқий камол топишига кўмаклашиш;
  • боланинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш чораларини кўриш;
  • болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурлар ишлаб чиқилишини ҳамда амалга оширилишини, шунингдек, уларнинг ижроси устидан назоратни ташкил этиш;
  • болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чораларни баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш;
  • тизимли камчиликларнинг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва қонун ҳужжатларини такомиллаштириш йўли билан бартараф этиш;
  • болалар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасига оид маълумотни тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш, таҳлил қилиш ҳамда тегишли органлар ва муассасалар фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида улардан фойдаланиш;
  • давлат органлари ва ташкилотларнинг, шунингдек, ҳудудий комиссияларнинг болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш.

Миллий комиссия ва ҳудудий комиссиялар ўзларининг ваколати доирасига кирувчи масалалар юзасидан ўз фаолиятини ташкил этишда тегишли давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни жалб қилиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Миллий комиссиянинг низоми ва ҳудудий комиссияларнинг намунавий низомини тасдиқлайди.

Янги тартибга кўра ўз фаолияти юзасидан Миллий комиссия ҳар йили Олий Мажлис Сенатига, ҳудудий комиссиялар эса ҳар чоракда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) Кенгашларига ахборот тақдим этади.

2021 йил 1 сентябрдан қуйидагилар:

  • Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти таркибида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган қўшимча 3 та штат бирлигидан иборат Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шуъбаси (кейинги ўринларда – Вазирлар Маҳкамаси шуъбаси);
  • Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларида амалдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича ҳудудий идоралараро комиссия котиби ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларидаги болаларни ижтимоий ҳимоялаш ва қўллаб-қувватлаш шуъбасидаги бир нафар мутахассис лавозимларини мақбуллаштириш ҳисобига болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти;
  • туман (шаҳар) ҳокимликларида амалдаги вояга етмаганлар ишлари бўйича туман (шаҳар) идоралараро комиссия котиби ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларидаги болаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича методисти лавозимларини мақбуллаштириш ҳисобига болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари ташкил этилади.

Вазирлар Маҳкамаси шуъбаси штат бирликлари прокуратура органларининг 3 та штат бирлигини қисқартириш ҳисобидан шакллантирилади.

Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибиятига қуйидаги қўшимча вазифалар юклатилади:

  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ушбу йўналишда давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирларни белгилаш;
  • бола ҳуқуқлари кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;
  • бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш;
  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш бўйича давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг очиқлиги ҳамда ошкоралигини таъминлаш;
  • ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳал этиш;
  • васийлик ва ҳомийлик соҳасида давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш;
  • болаларни оилада тарбиялаш шаклининг устуворлигини таъминлаш;
  • ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ғамхўрлик қилаётган шахсларни рағбатлантириш механизмларини яратиш ва такомиллаштириш;
  • оилага тарбияга олинган (патронат) болаларнинг турмуш шароитларини ва уларнинг тарбияланишини мониторинг қилиш;
  • васийлик ёки ҳомийлик белгиланишига муҳтож бўлган шахслар билан ишлаш бўйича давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;
  • етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жой сотиб олиш учун назарда тутилган маблағларнинг ажратилиши ва уларнинг ўз эгаларига етказилиши устидан мониторинг ўрнатиш;
  • тарбия муассасаларини тамомлаган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш ва бандлигини таъминлашга кўмаклашиш;
  • имконияти чекланган болаларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилишга кўмаклашиш;
  • назоратсиз, қаровсиз ҳамда муайян яшаш жойига эга бўлмаган болаларни аниқлаш ва уларни жойлаштириш чораларини кўриш.

Вазирлар Маҳкамаси шуъбаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари, туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари тегишинча Миллий комиссия ва ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи вазифасини бажаради.

Белгиланишича:

а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти томонидан мувофиқлаштирилади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибиятлари раҳбарлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари бошлиқлари Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари котибияти билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади;

б) Вазирлар Маҳкамаси шуъбаси ва Вазирлар Маҳкамаси котибиятининг ҳудудий тузилмаларига ишга, қоида тариқасида, биринчи навбатда “психология”, “юриспруденция” ва “ижтимоий иш” соҳалари бўйича олий маълумотга эга бўлган фуқаролар қабул қилинади.

Болаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, маънавиятини юксалтириш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қуйидагиларга:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларига – ҳудудларда болалар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, улар тоифасига кирадиган 18 ёшдан 23 ёшгача бўлган шахсларни ўз вақтида турар жойлар билан таъминлаш учун;

Миллий гвардия қўмондони Р.Жўраевга – болалар, айниқса, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ўртасида ватанпарварлик йўналишидаги маънавий-маърифий ва маданий тадбирларни ўтказиш, болалар спорт турларини ривожлантириш ва уларни жалб этиш чораларини кўриш учун;

Болалар омбудсманига – болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларнинг ота-она қарамоғидан маҳрум бўлишининг олдини олиш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари ва тарбия колониялари фаолиятида бола ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш учун;

ички ишлар вазирининг ўринбосари Б.Абдуллаевга – болалар ўртасида назоратсизлик, қаровсизлик, ҳуқуқбузарликлар ва бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, уларга имкон туғдирувчи сабаблар ва шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш учун;

соғлиқни сақлаш вазири А.Хаджибаевга – спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп ёки ақл-ирода фаолиятига таъсир этувчи бошқа моддаларни мунтазам равишда истеъмол қилаётган болаларни ташхислаш, даволаш ва тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш, устувор равишда болаларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш учун;

халқ таълими вазири Ш.Шерматовга – ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган, шунингдек, таълим муассасаларидаги машғулотларга узрли сабабларсиз қатнашмаётган болаларнинг ҳисобини юритиш, бундай ҳолатларни бартараф этиш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни инклюзив таълимга жалб қилиш чораларини кўриш, мазкур масалалар бўйича мунтазам равишда Болалар омбудсманига ахборот киритиш учун;

мактабгача таълим вазири А.Шинга – мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳар томонлама камол топишига муносиб шарт-шароитлар яратиш, уларни мактабгача таълим билан босқичма-босқич тўлиқ қамраб олиш, оилага тарбияга олинган болалар ва ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар болаларига белгиланган имтиёзлар асосида таълим олишини ҳамда янги имтиёзлар яратилишини таъминлаш учун;

маданият вазири О.Назарбековга – болаларнинг ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ва кенгайтириш, уларнинг индивидуал хусусиятларини ривожлантириш, салоҳиятини ошириш ва истеъдодини тўла намоён этиш чораларини кўриш учун;

туризм ва спорт вазири ўринбосари А.Каримовга – болаларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, болалар спорт таълими сифатини ошириш, барча минтақаларда, айниқса, қишлоқ ва чекка ҳудудларда болалар спорти объектлари тармоғини кенгайтириш орқали болалар спортини янада ривожлантириш учун;

бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н.Ҳусановга– болаларни, айниқса, олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган ҳамда касб эгаллаш истагини билдирган умумий ўрта ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитишни ташкил этиш учун шахсий жавобгарлик юкланади.

Мавзуга оид